Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Қозоғистонга ўз қўшинларини жўнатди, дея ташкилот расмий хабар берди “Интерфакс”га. Тинчликпарвар контингент таркибига Россия, Беларус, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон қуролли кучлари бўлинмалари киради. Тинчликпарвар кучларни юбориш тўғрисидаги қарор “Қозоғистон Республикасининг миллий хавфсизлиги ва суверенитетига, жумладан, ташқи аралашув туфайли юзага келган таҳдид” туфайли қабул қилинди”, — деди КХШТга раислик қилаётган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян.
КХШТ кучлари ҳарбий инфратузилма ва бошқа объектларни, жумладан, Бойқўнғир космодромини “барча турдаги жиноий тўдалар”дан ҳимоя қилишда иштирок этади”, — деди Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Калашников. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари “бу тўдалар” билан ўзлари шуғулланади.
Baza нашрининг ёзишича, Россия Оренбург яқинидаги ҳарбий аеродромда ҳаво полкини шай ҳолатга келтирди, у ердан Қозоғистонга махсус самолёт жўнатилиши мумкин. Шунингдек, Каменск-Шахтинский шаҳрида жойлашган 11-алоҳида гвардиячи муҳандислик бригадаси қўшни республикага ўтказилиши мумкин. КХШТ Ҳаво-десант кучларининг бўлинмалари ва ҳарбий қисмлари Россиядан юборилганини тасдиқлади. Қўшинларни ташиш ҳарбий транспорт самолётлари томонидан амалга оширилади.
Россия КХШТ тинчликпарвар миссиясидаги иштироки ҳақида ҳозирча расман изоҳ бермади. Қирғизистон ўз навбатида Қозоғистонга КХШТ доирасида кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга бир қатор шошилинч топшириқлар берди. Хусусан, мамлакат прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитасига намойишлар ва тартибсизликлар сабабларини ўрганиш, айбдорларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш билан шуғулланувчи тергов гуруҳини тузишни топширди. Қуролли Кучлар ва Миллий гвардияга жанговар шайликни ошириш ва “ҳарбий хизматчиларнинг маънавий қиёфасини сақлаш” бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.
Мамлакатдаги энг кескин вазият сақланиб қолаётган Алматида “аксилтеррор операцияси” бошланди. 5 январь куни кечқурун расмийлар намойишчиларни маҳаллий аэропортдан сиқиб чиқарди. Алмати маъмуриятининг маълум қилишича, шаҳарда операциянинг фаол босқичи тунда режалаштирилмаган, бироқ воқеа гувоҳлари отишма ҳақида хабар берган. 6 январь куни эрталаб ТАСС ва «Спутник Казахстан» маълумотларига кўра, ҳокимлик олдидаги Республика майдонида юзлаб аскарлар ва қуролланган намойишчилар ўртасида отишма содир бўлган. Майдонни периметр бўйлаб 50 га яқин техника, жумладан бронетранспортёрлар ва ҳарбий юк машиналари ўраб олди.
Алмати полициясига кўра, 6 январга ўтар кечаси маъмурий бинолар ва полиция бўлимига бостириб кирган ўнлаб намойишчилар (жабрланганларнинг аниқ сони келтирилмаган) ҳалок бўлган. Полиция ҳам шаҳардаги қурол дўконларидан бирининг талон-тарож қилингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
5 январь куни кечқурун Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги намойишчилар билан тўқнашувда ҳуқуқ-тартибот идораларининг саккиз ходими ҳалок бўлгани, яна 317 нафар ходим яралангани ҳақида хабар берди.
Қозоғистон бўйлаб намойишлар натижасида мингдан ортиқ одам жабрланди, дея хабар бермоқда “Хабар-24” давлат телеканали мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб. Шу билан бирга, 400 киши касалхонага ётқизилган, 62 киши реанимацияда.
Бутун мамлакат бўйлаб интернет учинчи кун бери блокланмоқда. 5 январь куни у бутунлай узилган, бироқ кечки пайт алоқа тикланган. 6 январь куни эрталаб “Хабар 24” давлат телеканали интернетга киришнинг янги чеклови ҳақида маълум қилди. Расмийларнинг айтишича, бу чора хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Бундан ташқари, Нур-Султон ва Алмати шаҳарларида телефон алоқалари узилиб қолгани ҳақида хабарлар бор.
Қозоғистондаги барча банкларнинг иши “аксилтеррор операцияси”, интернет тармоғидаги узилишлар, шунингдек, молия институтлари ходимлари ва уларнинг мижозларини ҳимоя қилиш сабабли тўхтатилди, деб хабар берди республика Миллий банки. Аввалроқ мамлакат аҳолиси кўп миқдорда нақд пул ечиб олишга уринаётгани, банкларда навбатлар тўплангани хабар қилинганди. Сўнгги икки кундан бери Қозоғистонда интернет йўқлиги сабабли нақд пулсиз тўловлар амалга оширилмади.