loader
Foto

Тоҳир Малик: «Тўғри гап жоҳил имомларга ёқмас»

Мен олим эмасман, олимларнинг мухлисиман. Кўп қатори уларнинг илмларидан баҳраманд бўламан. Бу уламолар билан замондош қилгани, уларнинг суҳбатларини насиб этгани учун ҳамиша Яратганга шукр қилиб юраман. Ажабки, бидъат ва хурофот хусусидаги фикрларим АЙРИМ биродарларимизда ғалат таассурот уйғотибдиким, ғайри фикрларини жамоат орасида ҳам айтиб, бир озгина ғийбат гулобидан ҳам симирибдилар. Бундан кўнглимга озор етди. Йўқ, бу озор уларнинг номаъқул муомалаларидан эмас, балки ғийбат гуноҳидан татиб қўйишларидандир. Динимизга хизмат қилиб келаётган ул биродарларимизнинг бундай гуноҳлардан эҳтиёт бўлишларини истар эдим. Аллоҳ уларни кечирсин. Катта жамоатларда айтилмиш ғайри фикрлар унчалик тўғри бўлмагани учун баёнимизга  кичик илова лозимдай кўриниб, яна қўлга қалам олдик, маъзур тутгайсизлар.

Биринчи иловамиз будир:

«Тўғри гап туққанингга ёқмас», деган мақолни «Тўғри гап жоҳил имомларга ёқмас», деб ўзгартирсак ҳам бўлар экан. Муборак динимизнинг қудратига салбий таъсир этувчи бидъат ва хурофотлар хусусида фикр юритиб, бу ярамас одатларга йўл беришда АЙРИМ имомларнинг хизмати ҳақида бир-икки аччиқ сўз айтиб эдик. Ният холис эди, кимнидир айблаб, шармсор қилмоқ фикридан узоқ эдик. Аммо баён этилмиш ҳақиқат айрим тақсирларимга ёқмабди. Бу бир жиҳатдан яхши, гап эгасини топибди. Ёмон томони -уларнинг бидъат ва хурофот ботқоғидан чиқмоқликдан уринмасликларида. «Динимиз учун офат ҳисобланувчи бидъат ва хурофотлардан қутулайлик», демоқлик ўрнига «бу одам нега ақл ўргатмоқчи бўлади, нечта ҳадисни билади ўзи?» деб маломат қилибдилар. Биз бунга жавобан кишининг динга қилган хизмати нечта ҳадис ёдламоқ билан эмас, билганларига тўғри амал қилмоқлик билан қадрланади, демоғимиз ҳам мумкин. Чунки қиёматда айнан амал асқатмоғини тақсирларим менданда кўра яхшироқ билишар. Яна улар ҳадиси қудсийдаги Аллоҳнинг марҳаматлари баёнидаги (мазмуни): «Бандаларимнинг ибодатлари ичида менга суюмлироғи - менинг йўлимда яхши амалларга тарғиб ҳамда холис насиҳат қилишдир», дейилмиш ҳақиқатга қандай муносабатда эканлар, бизга қоронғу. «Нечта ҳадис билади?» дегувчига «Тақсирим, камина қанча ҳадисни ўргангани, фикр қилганини санаган эмас, сиз ўзингизникини санабсиз, дуруст. Бироқ, сиз ҳам, камина ҳам имом Бухорий ҳазратлари билганчалик билмасмиз?» деб жавоб қайтармоғимиз ҳам мумкин эди. Лекин биз бундай тийилиб, у муҳтарам тақсиримга шарафли ҳадислардан бири билан жавоб қайтармоқликни лозим кўрдик:

Абу ат-Туфайл Омир ибн Восила (розиёллоҳу анҳу) айтдилар: ҳазрат Али (карамаллоҳу важҳаҳу)дан сўралганда, ҳазрат Али: «Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи васаллам) ўзимизга ҳос айтган гаплари фақат мана шу қиличимнинг қинидагилардир»,- дедилар-да, ундан бир саҳифа қоғоз чиқардилар. Бу саҳифада: «Аллоҳ таолодан бўлак нарсалар номига атаб бирон жонлиқни сўйган кишига, ота-онасига лаънат ўқиган кишига ва шариатда бўлмаган нарсаларни дин номидан пайдо қилганларга йўл берган (имконият туғдирган) кишига ҳам Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин», деган ҳадиси шариф ёзилган экан.

Мазкурни шарҳлашдан ожиз банда ожиздир.

Тоҳир Малик, роҳимаҳуллоҳ