НАТО Россиянинг Европада хавфсизлик тизими бўйича таклифларига ёзма жавоб берди, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг
“НАТО Россияга ёзма жавоб юборди. Биз буни АҚШ билан параллел равишда қилдик”, деди Столтенберг матбуот анжуманида
Альянс раҳбари томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади. Столтенберг мос равишда Москва ва Брюсселда НАТО ва Россия ваколатхоналарини қайта очишни таклиф қилди.
Столтенберг рисклар юзага келиш таҳдидини камайтириш учун мавжуд ҳарбий алоқа каналларидан тўлиқ фойдаланишга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда фуқаролик “шошилинч алоқа линяси”ни ташкил этишга чақирди.
Бош котиб блок Россия билан “реал мулоқот”га тайёрлигини маълум қилди. Шу билан бирга, Столтенберг Москвани бошқа давлатларга қарши куч ишлатмасликка, шунингдек, Украина, Грузия ва Молдовадан қўшинларни олиб чиқишга чақирди. У ҳар бир давлат ўз хавфсизлигини таъминлаш йўлларини танлаш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.
Столтенбергнинг таъкидлашича, блок НАТО иттифоқчилари хавфсизлиги, Европа ва Шимолий Америка хавфсизлигини таъминлаш тамойилларидан воз кеча олмайди. Шу нуқтаи назардан, Бош котиб Шимолий Атлантика альянси “очиқ эшиклар” сиёсатини давом эттиришини қайд этди.
Украина атрофидаги вазиятга ишора қилиб, блок раҳбари яна бир бор бу мамлакатга бостириб кириш Россияга “қимматга тушиши” ҳақида огоҳлантирди.