loader
Foto

Иймон зиёда ва ноқис бўлади ҳамда унга васваса зарар етказмайди

Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи ҳам таҳқиқ қилганларидан кейин иймон зиёда ва кам бўлишига, кучли ёки заиф бўлишига ишонч ҳосил қилганлари учун, ушбу фаслни очмоқдалар. Бу фикрни қувватлаш учун, аввало, Қуръони Каримдан оят келтирилмоқда:



Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мўминлар, Аллоҳ зикр қилинганда қалблари титрайдиган ва уларга У Зотнинг оятлари тиловат қилинганда иймонларини зиёда қиладиган ва Роббиларига таваккул қиладиганлардир» (Анфол, 2).

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло Қуръон оятлари тилавотини эшитганда ҳақиқий мўминларнинг иймони зиёда бўлишини таъкидламоқда. Бу эса, ҳақиқий мўминнинг ушбу оятда зикр қилинган уч сифатидан бири ҳисобланмоқда.

Муҳаддисларимиз ўз фикрларини тасдиқлаш учун очган бобларига аввало, Қуръон оятини келтиришни, сўнгра эса, шу маънодаги ҳадисларни келтиришни одат қилганлар.

Имом Бухорий ҳам ўз «Саҳиҳ»ларида иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақида боб очганларидан кейин саккизта оятни далил қилиб келтирганлар. Бизнинг муаллифимиз такрорни озайтиришни ўзларига шиор қилиб олганлари учун, биргина оятни зикр қилиш билан кифояландилар. Сўнгра ҳадислар келтиришни бошлайдилар.



Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни ҳам Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган. У киши билан юқорида танишиб ўтдик.

Бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни кўпроқ амри маъруф ва наҳйи мункар бобида келтирадилар. Бизнинг муаллифимиз эса, иймоннинг зиё¬да ва кам бўлиши бобида келтирибдилар. Бунинг фар¬қи йўқ, иккиси ҳам баробар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.

«Мункар иш» деганимиз дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон ишни билдиради. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:

1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».

Бу куч ишлатиб, деган маънони билдиради. Яъни, бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна, мункарни қайтаришдан олдин, ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.

2. Мункар ишни тили билан қайтариш.

Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам, сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.

3. Мункар ишни дили билан қайтариш.

Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди, дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилур. Бу эса, энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса, ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.

Аллоҳ хоҳласа, «Амри маъруф ва наҳйи мункар» бобида бу ҳақида батафсил сўз юритамиз. Ушбу бобда эса, ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз керак. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда, ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини–Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина, нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.



Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мункар ишларга нисбатан муросасиз бўлиш.

2. Имкони бўлса, мункар ишни қўл билан қайтариш-ўзгартириш.

3. Қўл билан қайтаришнинг имкони бўлмаганда, мункар ишни тил билан қайтариш.

4. Қўл билан ҳам, тил билан ҳам қайтаришнинг имкони бўлмаганда дил билан қайтариш.

5. Мункар ишни дил билан қайтариш энг заиф иймон эканини англаш.

Бу ҳадиснинг ҳикматлари ва инсониятнинг мазкур ҳикматларга эҳтиёжи ҳақида ҳар қанча гапирсак, шунча оз. Чунки, ёмонни ёмонлик қилишдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши турган гап.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар. Улардан бир гапга уста аёл:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди.

«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларни ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди.

«Ақлнинг нуқсони, икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».

Бухорийнинг иборасида: «Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар.

«Худди шундоқ», дейишди.

«Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан юқорида танишганмиз. Қўшимча равишда айтамизки, китобларимизда Ибн Умар, дейилса, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан бошқа одам назарда тутилмайди. Шунингдек, Ибн Масъуддан мурод, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир.

Муаллиф бу ҳадиси шарифдаги аёл киши ҳайз пайтида намоз ўқимаслиги ва рўза тутмаслигини диндаги нуқсон экани ҳақидаги гапларни иймонда зиёдалик ва нуқсон бўлишига далил қилиб кетмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг исломий тарбиясига алоҳида эътибор берар эдилар. Доимо муслима аёлларни илм-маърифатга чорлар эдилар. Аёллар учун алоҳида илмий мажлислар ўтказар эдилар. Уларнинг ўзларига хос ваъз-насиҳатлар қилар эдилар. Ана шундоқ муносабатларнинг бирида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларга хитоб қилиб:

«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида кўп нарсаларни, жумладан, дўзахни ҳам, дўзах аҳлининг кўпи хотин кишилар эканини ҳам кўрдилар. Бу ерда ўша сафар кўрганлари ҳақида гапирмоқдалар. Аёлларни дўзахдан қутулиш учун садақа қилишга, кўпроқ истиғфор айтишга чорламоқдалар.

Ушбу вазиятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий пайғамбарликлари, меҳрибон ва мушфиқ раҳнамо эканликлари намоён бўлмоқда. Чунки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бор гапни очиқчасига айтиб, аёлларни тўғри йўлга солиш, саодатманд қилиш учун қайғурмоқдалар. Аччиқ бўлса ҳам ростини айтмоқдалар.

Ҳақиқий муршид эса, очиғини айтади. Муаммоларни тўғри йўл билан ҳал қилишга имкон қидиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг дўзахда кўп бўлиши ҳақида хабар бериш билан бирга, бу мусибатдан қутулиб қолиш йўлларидан бири садақа бериб, кўпроқ истиғфор айтиш эканини ҳам баён қилмоқдалар.

Бу хабарни эшитган саҳобиялар ўзларини чин мўмина, фозила, оқила аёллар эканликларини исбот қилдилар. Норози бўлиб, бақир-чақир қилмадилар. Расули акрамнинг гапларини тасдиқ қилдилар, унга бутунлай таслим бўлдилар. Лекин илмий мажлис одобига риоя қилган ҳолда уларнинг вакиласи хабарда келган мусибатдан қутулиш, дўзахга тушишдан сақланиш йўлини билиш ниятида, аёлларнинг дўзахга кўп тушишлари нима сабабдан эканини сўради:

«Улардан бир гапга уста аёл:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди».

Берилган саволнинг одобини қаранг. «Нима учун биз дўзахга кўп тушар эканмиз?» ёки шунга ўхшаган гап билан эмас, «Бизга не бўлдики?» деб сўралмоқда. Бунда «ўзимизда бирор айб бордирки, шундоқ бўлган, ўша айб нима эканини билсак бўладими?» деган маъно бор. Шунинг учун ҳам,

У зот салоллоҳу алайҳи васаллам:

«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз», дедилар.

Яъни, қарғишни кўпайтирганингиз учун, эрларингизга нисбатан ёмон муомалада бўлганингиз учун шу аҳволга тушасиз, дедилар. Бунда, албатта, мўмина, муслима аёллар учун қарғишдан четланиш ва эрнинг розилигини олишга уринишга тарғиб бор. Айниқса, эр билан бўладиган муомаладаги хатолар кўп ва нозик бўлгани учун Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшимча қилиб:

«Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларни ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар».

Яъни, ўзингиз ақли ва дини ноқис бўла туриб, ақл эгаси бўлган эркакдан ғолиб келиш учун уринганингиз қизиқ, дейилган. Бу жойда ҳам саҳобиялар олдинги одоб-ахлоқ намуналарини кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларига бутунлай таслим бўлдилар, уни чин дилдан қабул қилдилар. Шу билан бирга, билиб қўйиш учун савол ҳам бердилар:

Ҳалиги аёл:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди».

Бу савол ҳам ўта юксак одоб доирасида туриб берилди. Ҳатто «аёллар ақли ва динининг нуқсони нимадан?» ҳам дейилмади. «Ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» дейилди. Бу «аёлларнинг ақли ва динида нуқсон борлигига сизнинг гапингизни эшитиб таслим бўлдик, энди, ўша ақл ва дин нуқсони нимада намоён бўлишини билиб олсак бўладими?» деганидир.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб бердилар:

«Ақлнинг нуқсони, икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда аёллар учун энг тушунарли шаръий мисолни келтирдилар. Аллоҳ таоло баъзи бир ишларга гувоҳлик беришда бир эр ва икки хотин бўлса, икки эр гувоҳнинг ўрнига ўтишини таъкидлаган. Бунда, албатта, аёл кишининг аёллиги эътиборга олинган. Чунки Исломдаги аёл ҳар хил ноқулай ҳолатларда иштирок этиши кам бўлади. Шунинг учун гувоҳлик пайтида адашиб қолиши мумкин. Икки киши бўлсалар, бир-бирларига эслатиб туришлари ояти каримада ҳам айтиб ўтилган.

Шу билан бирга, баъзи бир фақат аёлларга хос туғиш ва эмизишга ўхшаш ишларда бир аёлнинг гувоҳлиги қабулга ўтаверади. Кўп эркакнинг гувоҳлиги эса, ўтмайди. Шунинг ўзи ҳам юқоридаги гап вазиятни эътиборга олиб айтилганини кўрсатади.

Аёлларнинг эркакларга нисбатан ақли ноқислиги нозик масала бўлиб, Ислом душманлари бу ҳақдаги гапни динимизга қарши таъна тошини отиш учун кўп ишлатиб келмоқдалар. Улар бу масалада икки хотиннинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигигига тенг келишини ва ушбу ҳадисни далил қилиб келтирадилар.

(Икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг қилиниши ҳақида юқорида қисман гапирилди, ким бу ҳақда муфассал маълумот истаса, «Тафсири Ҳилол» китобига мурожаат қилсин).

Биз бу ерда эса, ҳадиси шарифдаги гап ҳақида сўз юритамиз. Гувоҳлик масаласи шароитга қараб айтилган мисол экани айтиб ўтилди.

Энди аёлларни ақли ва дини ноқислар, деб васф қилингани ҳақида бир оз гаплашиб олайлик. Бу аёлларни қасддан камситиш учун айтилган ҳам эмас. Балки бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдир. Келинг, ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, бу масалада очиқча гаплашайлик.

Аввало, аёлларнинг ақли ноқис, дегани ҳар қандай аёлнинг ақли, ҳар қандай эркакнинг ақлидан паст, дегани эмас. Бу гап нисбий, умуман олганда ақл нисбатида эркаклар аёллардан устун туриши ҳақидаги гапдир. Чунки, баъзи бир аёллар ақл жиҳатидан кўплаб эркаклардан устун туришини бошқалар эмас, Ислом дини олға сургандир. Бу ҳақиқат Қуръони Каримнинг Сабаъ маликаси ҳақидаги қиссасидан билинади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига келсак, ҳадисларини кўп ривоят қилишда Оиша онамиз иккинчи ўринда турадилар. Кўплаб машҳур саҳоба эркаклар ўзлари ҳал қила олмаган масалаларни ҳал қилиб беришни Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ҳеч ким «Аёл кишининг ақли паст бўлади, унинг ривоятини олмаймиз», деган эмас.

Лекин умумий ровийларни олганда, эркаклар устун турадилар. Энг кўп ривоят қилган шахс ҳам эркак киши, ровийлар сони ҳам улар ичида эркаклар аёллардан кўп эканини кўрсатади. Худди шу ҳолат бошқа иш ва соҳаларда ҳам яққол кўринади.

Қайси бир соҳани олиб кўрсак, аёллардан баъзиларининг ақли ўткир бўладилар, аммо асосий ўткир ақл эркакларда бўлади. Жисмоний лаёқатларни бир томонга қўйиб турайлик. Чунки, жисмоний тузилиш ва имкониятлар борасида эркаклар аёллардан устун эканини ҳозирга келиб ҳеч ким инкор қилмай қўйди. «Нима учун?» де¬йилганда, аёллик талаблари шуни тақозо қилади, деб жавоб берилади.

Чунки аёл киши хотин, она бўлиши керак. Бунинг учун унга алоҳида латиф тана, тузилиш, жисм ва аъзолар керак. Ҳатто баданидаги тўқималар, ҳужайралар ҳам эркакникидан ўзгача, нафис, юмшоқ, нозик бўлади. Энди ўша нафис, юмшоқ ва нозик нарсалардан таркиб топган нозик аёлда қўпол, кучли, қаттиқ нарсалардан таркиб топган эркакнинг мияси-ақли бўлиши мумкинми? Ҳамма нарсаси ўзига хос бўлган аёлнинг ақли ҳам ўзига хос бўлиши керак. Аёл кишига унинг аёллигига хос ақл керак. Шундоқ бўлган ҳам. Умуман олганда эркаклар аёллардан кучли, десак ҳеч ким ажабланмайди.

Энди соф ақлий соҳаларни олиб, солиштириб кўрайлик: қайси бир соҳани кўриш эса, сизнинг ихтиёрингизда: шоирликни, носирликни оласизми? Алжабр илмини оласизми? Ёки шахматни оласизми? Хоҳлаган соҳангизни олиб кўринг. Баъзи аёллар баъзи эркаклардан зўр бўлиши мумкин. Аммо, умуман олганда, эркаклар ақлий жиҳатдан ҳам худди жисмоний жиҳатга ўхшаб, юқори чиқаверадилар. Бу аёлларни камситиш эмас. Балки, уларни ўзига мос, ўзига хос тақдирлашдир. Аллоҳ таоло беҳикмат иш қилмайди. Эҳтимол, аёлнинг ушбу нозиклиги, латофати, юмшоқлиги билан унга эркакнинг ақли берилганда хато қилинган бўлармиди? Аёлнинг ақли ўзига хос бўлиши ўзи учун зийнатдир. Инсоният учун зийнатдир. Оила учун зийнатдир. Эркаклар учун зийнатдир. Агар икки бир хил ақл эгаси эру хотин бўлиб яшаса ҳам бўлмас эди. Қолаверса, мусулмон бўлмаган уламолар ҳам аёл ва эркакнинг мияларини таҳлил қилиб кўриб, ҳадиси шарифда келган маъно тўғри эканини тасдиқламоқдалар.

Энди ўзларича аёлларни «ҳимоя» қилиб, уларни «камситаётган» Исломга бўҳтон тоши отаётганларнинг ўзларига бир назар солайлик. Уларнинг ўзи ким? Аёллар учун нима иш қилиб қўйибдилар? Аёлларни Ислом «камситиши»дан ҳимоя қилаётганлар ғарбликларми ёки Исломга бўҳтон тошини отаётганлар худосизларми? Улар аёлларга нима қилиб бердилар? Улар ҳам, булар ҳам аёлни хўрлашдан нарига ўтмадилар. Икковлари ҳам ёл¬ғондан аёлни мақтаб, алдаб кўчага олиб чиқишди, унинг ҳаё пардасини йиртиб, фаҳш ишларга судрашди. Иккови ҳам аёлларнинг шаънини ерга уришдан бошқа иш қилмади. Икковлари ҳам аёлга ишлаб чиқариш воситаси, деб энг оғир ишларга солиб қўйишидан бошқа «эркинлик» беролмади.

Ислом бор ҳақиқатни очиқ айтгани учун айбдорми? Аёлларнинг аёллигини ўрнига қўйгани учун айбдорми?

Энди диннинг ноқислиги ҳақида сўз юритайлик. Ислом аёлларга ҳайз ва нифос даврида намоз ўқишни ва рўза тутишни ман қилган. Бугунги кунда аёл киши ҳайз ва нифос пайтида қандоқ ҳолатни бошидан кечиришини билмайдиган одам бўлмаса керак. Демак, ўша ҳолатни, ундаги қийинчиликларни эътиборга олиб, бу икки ўта аҳамиятли ибодатни вақтинчалик тўхтатиб туриш учун аёлларга алоҳида енгиллик берилган. Диний амаллардаги бу тўхташ, нуқсон ҳисобланмоқда. Яъни, намознинг сони нуқсонга учрайди. Рўза тутиш кунлари нуқсонга учрайди.

Аммо, зинҳор ва зинҳор бу иш учун аёлга гуноҳ ёзилмайди, мартабаси камайтирилмайди. Бу ҳам аввалги масала каби ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдан бошқа нарса эмас. Ушбу маъноларни, аввало, биз мусулмонлар ўзимиз тўғри тушуниб олмоғимиз, кейин бошқаларга тушунтирмоғимиз керак.

Энди юқорида айтган гапларимиз қуруқ назариядан иборат бўлиб қолмаслиги учун, илмий далил ҳам келтирайлик. Биз келтирадиган далилларни юзага чиқарган одамлар мусулмон эмаслар. Уларнинг Аллоҳдан, Исломдан, ҳадисдан, Қуръондан ва Пайғамбардан умуман хабарлари йўқ. Улар Исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар. Ўз мутахассисликлари бўйича илмий баҳс олиб бориб, натижаларини эълон қилганлар, холос.

Қуйида эътиборингизга тақдим этиладиган маълумотлар «ал-Жамоҳийрийя» рўзномасининг 1999 милодий сана, 17 феврал сонидан олиниб, сўзма-сўз таржима қилинди.

ЭР ВА АЁЛ КИШИ АҚЛИ ОРАСИДАГИ ФАРҚ НИМАДА?

«Эркак ва аёл кишилар фикрлаши орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги натижаларни эълон қилдилар.

Уларнинг таъкидлашларича, аёл кишининг мия¬си эркак кишининг миясига қараганда ўн олти фоизга кичик экан. Чунки аёл кишининг ҳажми ҳам эркак кишининг ҳажмидан худди шунча ҳажм¬да кичикдир. Шунингдек, икковларининг мия¬си ҳам бир хил вазифани бажарганда ҳам турли услубда бажаради.

Мазкур илмий кашфиётларнинг бошқа хулосалари қуйидагилардан иборат:

1. ЭМ.ЭР.ЭЙ номли мияни сувратга олиш жиҳози баён қилишича, эркак киши фикр юритганда унинг миясининг муайян қисмигина ишлар экан. Бу жараён муайян қисмда магнит нурлари бўлиб кўринар экан.

Аёл кишининг миясини сувратга олганда эса, магнит нурлари миянинг ҳаммасида кўринар экан. Бу ҳолат ўз навбатида, эркак киши аёл кишига нисбатан фикрни жамлашга қудратли эканининг далилидир.

Эркак киши аёл кишига нисбатан кўнгилчанликда заифроқ экани ҳам илмий равишда собит бўлди. Кўнгилчанлик изҳор қилиш пайтида аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда саккиз марта кўп ҳаракат қилишини ҳам асбоблар кўрсатди.

Шу соҳанинг табибларидан бири: «Мен руҳий ҳолатлар табиби сифатида эркак кишининг кўнгилчанлиги аёл кишиникига нисбатан оз эканини яхши билар эдим. Аммо, бу нарса биринчи бор илмий равишда собит бўлди. Фақат бугина эмас, балки, бошқа илмий текширишларнинг натижасига қараганда, эркак киши аёл кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишда ҳам, аёл киши эркак кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишдаги қувватига тенг кела олмаслиги собит бўлди.

Бу соҳада эркакларнинг биргина устунлиги бўлиши мумкин, у ҳам бўлса, кўнгилга оид изтиробларга ва хасталикларга оз чалинишлари, холос.

Шунингдек, эркак киши ғазабланганда қўполликка ўтиши, аёл киши эса, гапиришга ўтиши, яъни гап билан орани ислоҳ қилишга ўтиши ҳам собит бўлди.

Магнит тўлқинлари ўқувчи йигитлар ўқиш ва ёзиш даврида миянинг чап тарафини, ўқувчи қизлар эса, ҳам ўнг, ҳам чап тарафини ишлатишларини аён қилди. Миянинг чап тарафи мантиқ, ўнг тарафи кўнгилчанлик тарафи экани маълум ва машҳур.

Тажриба исбот қилишича, эркак кишининг мия¬си томонларни, масофаларни ва миқдорларни ҳисоблашга мос ва кучли экан.

Миядаги ёруғлик ва овозни қабул қилиб оладиган махсус бўлаклар фаолиятини таққослаб чиқилганда, мазкур икки нарсани қабул қилиб олишда эркак кишининг мияси аёл кишининг миясига қараганда секин ишлар экан. Шунинг учун жуда паст овозни эркак киши эшитмас, аёл киши эса, эшитар экан. Ёруғликка нисбатан ҳам худди шундоқ экан. Эркак кишининг мияси мантиқ ва ҳисоб билан машғул бўлгани учун ёруғликни қабул қилиб олишга унча аҳамият бермайди. Шунинг учун эркак киши қоронғиликда аёл кишига нисбатан кўпроқ қоқилади. У қадамларни санаш, томонларни аниқлашга уринади. Аёл киши бўлса, қоронғиликда эркак кишига нисбатан яхши кўради.

Ёш улғайиш билан эркак кишининг мияси аёл кишиникига қараганда кўпроқ кичраяди. Йигирма ёшда эркак кишининг мияси аёл кишиникидан катта бўлади. Қирқ ёшда эса, икковларининг миялари тенглашади. Олтмиш ёшда аёл кишининг мияси эркак кишининг миясидан катта бўлиб қолади. Нима учун? Мутахассислар таққослаб кўрсалар, эркак кишининг ёши улғайиши билан унинг мияси кўпроқ қувват сарфлар экан ва шу туфайли кичрайиб кетар экан.

Аёл киши ўзининг аёллик хусусияти ила эркаклар қодир бўлмайдиган, ҳомила ва бувакнинг шикоятини англаб, уни таҳлил қилишга уста бўлади. Шунингдек, баъзи махфий нарсаларни ҳис қилиш, уларни мулоҳоза ва таҳлил қилишга қобилияти ўткир бўлади.

Эркак кишида эса, хавф-хатарни даф қилиш, қийинчиликларни енгиш, ишларни тартибга солиш ва шунга ўхшаш нарсаларга қобилияти кучли бўлар экан».



Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аёлларнинг ўзларига ваъз-насиҳат қилиб туриши кераклиги.

2. Садақа қилишга тарғиб этиш зарурлиги.

3. Истиғфор айтишга тарғиб этиш яхшилиги.

4. Эшитувчига ёқмаса ҳам ҳақ гапни айтиш лозимлиги.

5. Мавжуд муаммонинг ҳал қилиш йўлларини айтиб бериш.

6. Саҳобия аёлларнинг одобларидан ўрнак олиш.

7. Ҳақ гапни, шариат ҳукмини эшитганда бутунлай таслим бўлиш, норози ёки хафа бўлмаслик.

8. Устоз, воъизга одоб билан савол бериш.

9. Гапга устароғи устоздан савол сўраши яхшилиги.

10. Қарғиш гапларни гапирмаслик.

11. Эрни беҳурмат қилмаслик.

12. Эридан ғолиб келишга уринмаслик.

13. Аёл кишининг ҳайз кўрган ҳолатда намоз ўқиб, рўза тутишни тарк қилиши.

14. Ибодатларни қилмай туришлик диннинг нуқсони экани.

Бу Аллоҳнинг Ўз буйруғи билан тарк қилингани ҳақида. Энди шаръий узри бўлмай туриб ўз ихтиёри билан ибодатни қилмаган, намоз ўқимаган, рўза тутмаган одамга нима бўлишини ҳар ким ўзи бўлиб олаверсин!

15. Аёл кишиларнинг илмий мажлислар қилиб, дину диёнат ва бошқа масалаларда илм олиб туришлари зарурлиги.

Ушбу ҳадиси шарифда келган маънолар татбиқига бугунги олам жуда муҳтож. Инсониятни латиф қисми бўлмиш аёллар олами йўл қўяётган нолатифлик туфайли келиб чиқаётган муаммоларнинг сон-саноғи йўқ. Қарғиш, лаънатлаш, сўкиш оқибатида оила аъзолари, қўни-қўшни ва жамиятда қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Аёлларнинг ўз эрларига итоат этмаганлари оқибатида келиб чиқаётган ноқулайликларни эса ҳамма кўриб билиб турибди.

Ислом дини ушбу икки муаммони аёлларнинг дўзахга кўп тушишига сабаб қилиб кўрсатди. Бу ишни иложи борича қилмасликка тарғиб қилди. Шу билан бирга, нима бўлса ҳам аёллик табиатидан келиб чиқиб, гоҳида хатога йўл қўйилганида уни тўғрилаш йўлини ҳам баён қилди. Аёлларга садақа қилиш ва истиғфорни кўпроқ айтишни йўлга қўйишни тавсия қилди. Бу кўрсатмаларга амал қилиш аввало, аёлларнинг ўзларига, қолаверса, эрларига, оилаларига, қариндош-уруғларига, жамиятларига ва бутун инсониятга фойда келтиради.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳатто: «Роббингни ким яратди?» ҳам дейди. Қачон шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз.

Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадиси шарифни мўмин кишига васваса зарар қилмаслиги ҳақидаги боб бошида айтилган гапни тасдиқлаш учун келтирмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифда инсон хаёлидан кечадиган баъзи васвасалар шайтондан экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, ўша шайтон васвасасини қайтариш йўли ҳам кўрсатилмоқда. Шайтон Одам Ато билан ўзи орасида бўлиб ўтган машҳур можародан бери одам боласига душман. У Қиёмат кунигача одамзодни васваса қилишга қасам ичган. Шунинг учун ҳам, инсон ҳаргиз бу лаънатланган душманини унутмаслиги керак. Гоҳида хаёлига келиб қоладиган васвасали фикрлар, «уни ким яратган, буни ким яратган» каби саволлар бора-бора «Роббингни ким яратган?» каби телба фикрга олиб келиши ҳам турган гап. Шунинг учун мазкур ҳолат юзага келганда дар¬ҳол: «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм» деб Аллоҳдан паноҳ сўрасин. Мазкур хаёлларни миясидан қувсин! Шу билан иш тугайди. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади. Акс ҳолда оқибати чатоқ бўлиши мумкин.



Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шайтон васвасасининг ҳақлиги.

2. «Уни ким яратди, буни ким яратди?» деб бориб, «Роббингни ким яратди?» дейишгача бориш ҳам мумкинлиги.

3. Бундай ҳолатларда Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги.

4. Бундай саволларни дарҳол тўхтатиш лозимлиги.

Сиртдан содда кўрингани билан бу ҳадисда зикр қилинган масала ўта муҳимдир. Васваса кишилар учун энг нозик ва энг хатарли нарса, у ақийда бобида зарар етказади. У туфайли инсон диндан чиқиб, кофир бўлиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳадисда шундоқ катта муаммонинг ҳал этиш йўли тақдим этилмоқда. Ҳозирги кунда мусулмон оламида ҳам, ундан ташқарида ҳам васваса хасталигига учраганлар кун сайин кўпайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса, ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини кўрсатади.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шайтон бирингизга келиб:

«Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди. У:

«Аллоҳ», дейди.

Ким шунга ўхшаш нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва Русулиҳи» (Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирдим), десин», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва ўтган ҳадисни тафсир қилиб келмоқда. Васвасани аввалги босқичидаёқ Аллоҳга ва У Зотнинг пайғамбарларига бўлган иймонни эълон қилиб, шайтонни қувиш ҳақида маслаҳат берилмоқда.



Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Албатта, умматнинг: «Бу нима, бу нима?» дейишида давом эта бориб, ҳатто Аллоҳ халойиқни халқ қилди, бас, Аллоҳни ким халқ қилди?» ҳам дейдилар», дер», дедилар».

Икки ҳадисни икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифга ўхшаш ҳадислар, ҳадиси қудсий, деб номланади. Оддий ҳадисларнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлади. Ҳадиси қудсийда эса, маъно ҳам, лафз ҳам Аллоҳдан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, кўчирма гап тарзида етказадилар.

Бу ҳадиси шарифда ҳам васваса борлиги исбот қилинмоқда.



Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди.

«У айни иймондир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийи сифатида зикр қилинган Абдуллоҳдан мурод, Абдуллоҳ ибн Масъуддир. Қуйида у кишининг ҳаётлари билан қисқача танишиб ўтамиз:

Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ал-Хузамий, кунялари Абу Абдураҳмон, Исломга олтинчи бўлиб кирган, икки ҳижрат соҳиби–Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилувчи сафдошларидан, жаннатга киришликка башорат берилган ўнта саҳобаларнинг бири. Бадр урушида Абу Жаҳлни қатл этган. Уҳуд, Хандақ, Ризвон байъати, Ярмук маъракаси ва бундан бошқа ҳамма жанг¬ларда иштирок этган. Маккада биринчи бўлиб Қуръони Каримни баланд овоз билан ўқиган, Қуръони Каримни ёд олганлардан бири, тақводор, чиройли хулқли, фақиҳ саҳобалардан.

Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 848 та ҳадис ривоят қиладилар. У зотдан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Мусо Ашъарий, Имрон ибн Ҳусойн, Абу Ҳурайра, Ибн Зубайр, Жобир, Анас, Абу Саид, Абу Рофиъ ва бошқалар ривоят қилишган. Тобеъийнлардан Алқама, Абу Воил, Асвад, Масруқ, Убайда, Ибн Ҳозим, Қайс ва бошқалар ривоят қилишган. У зот тўплаган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мар¬ҳамат қиладилар:

«Қуръони Каримни тўрт кишидан олинглар».

Шуларнинг бири Абдуллоҳ ибн Масъуддир.

Ибн Масъуд бўйлари қисқа, аъзолари нозик киши эдилар. Бир куни саҳобалар, у кишини аъзолари нозиклиги учун мазах қилишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, Ибн Масъуднинг аъзолари қиёмат кунининг тарозусида Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқдир», деб марҳамат қилганлар.

У киши хушбўй нарсаларни яхши кўриб, кўп истеъмол қилардилар. Агар уйларидан чиқсалар, қўшнилари бу йўлдан Ибн Масъуд юрганликларини билар эди.

Ибн Масъуд касал бўлиб ётганларида, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу зиёратларига келиб, у кишидан нимадан шикоятинг бор, деб сўраганларида, гуноҳларимдан, деб жавоб бердилар.

Халифа: «Нима хоҳлайсан?» деб сўрадилар. Шунда у киши: «Роббимнинг раҳматини», дедилар.

Халифа: «Табиб буюрайми?» деганларида, «Мени табибнинг Ўзи касал қилди», дедилар. «Унда ҳожатингга керакли бирор нарса буюрайми?» деганларида, «Мени у нарсага ҳожатим йўқдир», дедилар.

Шунда халифа: «Қизларинг учун керак бўлиб қолар», дедилар. Ибн Масъуд: «Қизларим камбағал бўлиб қолишидан қўрқасанми? Мен уларга ҳар кечада Воқеъа сурасини ўқишликни буюрганман. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: «Қайси бир киши ҳар кечада Воқеъа сурасини ўқиса, унга абадий камбағаллик етмайди», деб айтдилар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин, Куфадаги Байтулмолга волий бўлдилар. Усмон ибн Аффоннинг халифалик даврларида, Мадинага келдилар. Шу ерда, ҳижратнинг 32-йили вафот этдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу жаноза намозини ўқидилар ва «Бақийъ»га дафн этилди.

Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси, бошқача қилиб айтганимизда «Васваса айни иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса иймоннинг кушандаси-ку! У қандоқ қилиб, айни иймон бўлиши мумкин? Бу гап, олов сувдир, деганга ўхшамайдими?

Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо, каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки, ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умумжаҳон Исломга чақириш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди.

Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ўз ватандошимиз экан, деб китоб дўконидан харид қилувдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб ўқий бошладим. Васваса ҳақида гап борар эди. «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда, шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалб¬лар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган эди.

Қалбимга «ялт» этиб ёруғлик тушди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса, васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса, Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У айни иймондир», деб айтган ҳадисларини ҳеч қийинчиликсиз тушуниб турибман.

Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан, 2-жуз