Ўзбекистоннинг Нур-Султондаги элчихонаси январ ойида ушбу мамлакатда рўй берган тартибсизликлардан кейин Ўзбекистон фуқаролари ҳибсга олингани муносабати билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов маълум қилди.
Нотада ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, уларнинг қамоқда сақланаётган жойлари ва уларни жавобгарликка тортиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш сўрови бор. Ўзбекистон томони, шунингдек, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун улар билан консуллик учрашувини ташкил этишни сўрайди.
“Ўзбекистон Республикасининг Нур-Султондаги элчихонаси, шунингдек, Алмати ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулликлари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жойлардаги вакиллари билан доимий алоқада”, — дейилади хабарда.
Яқинда Қозоғистон омбудсмани Элвира Азимова тартибсизликлардан кейин 18 нафар хорижлик, жумладан, 14 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсда қолаётганини айтди.