Туркия Қирғизистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича ҳужжатни қабул қилди. Бу ҳақда “Анадолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Туркия Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва Қирғизистон Мудофаа вазири генерал-майор Бактибек Бекболотов, 1-март куни Анқарада “Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича йўл харитаси”ни имзоладилар.
Акар ва Бекболотов ўртасида яккама-якка, сўнг делегациялар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирликлари раҳбарлари қўшма матбуот анжумани ўтказган.
Акар ўз нутқида Туркия ва Қирғизистон ўртасидаги муштарак қадриятлар, маданий ва тарихий алоқаларга эътибор қаратган.
“Қирғизистон барқарорлиги ва хавфсизлиги Туркия учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам жуда муҳим. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қардошлик асосида жадал, ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. “Йўл харитаси”да Туркия ва Қирғизистон раҳбарлари 2021 йил июн ойида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида эълон қилган мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги аниқ қадамларни белгилаб бердик. Туркия қирғиз биродарлар билан техник ва маслаҳат масалалари бўйича ҳамма нарсани баҳам кўришга тайёр”,- деб айтган Акар.
Унинг сўзларига кўра, Туркия Қирғизистон Қуролли кучлари қудратига ҳисса қўшишга тайёр.
Акар, шунингдек, мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этган.
Эслатма: Феврал ойи бошида Туркия ва Озарбайжон парламентлари ҳам Анқара ва Баку ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш имкониятини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ратификатсия қилганди.
Декларация “томонлардан бирининг халқаро тан олинган чегараларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, дахлсизлиги ёки хавфсизлигига учинчи давлат ёки давлатлар томонидан таҳдид ёки тажовуз содир бўлган тақдирда” БМТ Низомига мувофиқ Баку ва Анқара томонидан ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади.