loader
Foto

Ленин: Россия ва Шарқнинг барча меҳнаткаш мусулмонларига

[Халқ Комиссарлари Кенгашининг мурожаати]

Ўртоқлар! Биродарлар!

Россияда буюк воқеалар содир бўлмоқда. Бошқа давлатларни бўлиб олиш мақсадида бошланган қонли урушнинг охири яқинлашиб қолди. Дунё халқларини қулликка айлантирган йиртқичларнинг ҳукмронлиги пасаймоқда. Рус инқилоби зарбалари остида қулликнинг эски биноси ёрилиб кетмоқда. Ўзбошимчалик ва зулм дунёси сўнгги кунларини яшамоқда. Янги дунё, меҳнаткашлар ва озод қилинганлар дунёси туғилмоқда. Бу инқилобнинг бошида Россиянинг ишчи ва деҳқон ҳукумати, Халқ Комиссарлари Совети турибди.

Бутун Россия ишчилар, аскарлар ва деҳқонлар депутатларининг инқилобий Советларига тўла, мамлакатдаги ҳокимият халқ қўлида. Россиянинг меҳнаткаш халқи ҳалол тинчликка эришиш ва дунёдаги мазлум халқларга ўз эркинлигини қўлга киритишда ёрдам бериш истаги билан ёнмоқда.

Россия бу муқаддас ишда ёлғиз эмас. Рус инқилоби томонидан берилган буюк озодлик ҳайқириғи Ғарб ва Шарқнинг барча меҳнаткаш халқлари томонидан қабул қилинмоқда. Урушдан чарчаган Европа халқлари аллақачон бизга қўл чўзмоқда, тинчлик ўрнатмоқда. Ғарбнинг ишчи ва аскарлари аллақачон социализм байроғи остида тўпланиб, империализм қалъаларига бостириб кирмоқда. Асрлар давомида Европанинг "маърифатли" йиртқичлари томонидан зулм қилинган узоқ Ҳиндистон аллақачон исён байроғини кўтарди, ўзининг депутатлар советларини ташкил қилди, нафратланган қулликни елкасидан ағдарди, Шарқ халқларини курашга ва озодликка чақирди.

Капиталистик талончилик ва зўравонлик салтанати парчаланмоқда. Империализм йиртқичларининг оёқлари остида тупроқ ёнмоқда.

Ушбу буюк воқеалар қаршисида биз сизларга, Россия ва Шарқнинг меҳнаткаш ва ночор мусулмонларига мурожаат қиламиз.

Россия мусулмонлари, Волгабўйи ва Қрим татарлари, Сибир ва Туркистон қирғизлари ва сартлари, Кавказорти турклари ва татарлари, Кавказ тоғликлари ва чеченлари, масжидлари ва ибодатхоналари вайрон бўлган, эътиқодлари ва урф-одатлари Россия подшолари ва золимлари томонидан оёқ ости қилинганларнинг барчаси!

Бундан буён сизларнинг эътиқод ва урф-одатларингиз, миллий ва маданий муассасаларингиз эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Миллий ҳаётингизни эркин ва тўсиқсиз тартибга солинг. Сиз бунга ҳақлисиз. Билингки, сизнинг ҳуқуқларингиз, Россиянинг барча халқларининг ҳуқуқлари каби, инқилоб ва унинг органлари, ишчилар, аскарлар ва деҳқонлар депутатлари Советларининг бутун кучи билан ҳимояланган.

Бу инқилобни ва унинг ваколатли ҳукуматини қўллаб-қувватланг!

Шарқ мусулмонлари, форслар ва турклар, араблар ва ҳиндлар, боши ва мол-мулки, озодлиги ва ватанини юзлаб йиллар давомида Европанинг очкўз йиртқичлари олди-сотди қилганлар, уруш бошлаган йиртқичлар мамлакатларини бўлиб олмоқчи бўлганлар!

Биз эълон қиламизки, ағдарилган подшоҳнинг Константинополни эгаллаб олиш тўғрисидаги, ағдарилган Керенский(1) томонидан тасдиқланган махфий шартномалари энди йиртиб ташланди ва йўқ қилинди. Россия Республикаси ва унинг ҳукумати, Халқ Комиссарлари Совети бегона ерларни тортиб олишга қарши: Константинопол мусулмонлар қўлида қолиши керак.

Биз Форснинг бўлиб олиш тўғрисидаги шартнома йиртиб ташлангани ва йўқ қилинганлигини эълон қиламиз. Ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши биланоқ, қўшинлар Форсдан олиб чиқилади ва форсларга ўз тақдирларини эркин белгилаш ҳуқуқи берилади(2).

Биз Туркияни бўлиб олиш ва ундан Арманистонни тортиб олиш тўғрисидаги шартнома йиртиб ташлангани ва йўқ қилинганлигини эълон қиламиз(3). Ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши биланоқ арманларга ўз сиёсий тақдирини эркин белгилаш ҳуқуқи берилади.

Қуллик сизни Россиядан ва унинг инқилобий ҳукуматидан эмас, балки Европа империализмининг йиртқичларидан, ватанингизни ўзларининг талон-тарож қилинган “мустамлака”сига айлантирганлардан кутмоқда.

Бу йиртқичларни ва мамлакатларингизни қул қилувчиларни ағдаринг. Энди, уруш ва вайроналар эски дунё пойдеворини оёқ ости қилаётганда, бутун дунё босқинчи империалистларга қарши ғазабга минаётганда, ҳар бир ғазаб учқунлари кучли инқилоб алангасига айланганда, қувғин ва қийноққа солинган ҳинд мусулмонлари уларни қул қилувчиларга қарши қўзғолон кўтараётганда - энди жим туриш мумкин эмас. Вақтни беҳуда ўтказманг ва ўз ерларингизнинг кўп асрлик босқинчиларини ағдаринг! Ўз она ерингизни бошқа талон-тарож қилиш учун уларга берманг! Сизлар ўзларингиз ўз ватанингизнинг ҳокимлари бўлишингиз лозим. Ўз расм- русумингизга биноан ҳаётингизни уюштиришингиз лозим. Сизнинг бунга ҳақингиз бор, чунки сизларнинг тақдирингиз — ўзингизнинг қўлларингизда...

Ўртоқлар! Биродарлар!

Биз ҳалол, демократик дунё сари дадил ва қатъият билан кетяпмиз.

Байроқларимизда биз дунёнинг мазлум халқларига озодлик олиб келамиз.

Россия мусулмонлари!

Шарқ мусулмонлари!

Дунё янгиланиши йўлида сизларнинг ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлашингизни кутамиз.

 [1917 йил 3 декабрь (20 ноябрь)]

     Абу Муслим таржимаси