Россия диктатори Путин Индонезия президенти Жоко Видодога ноябр ойида бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок етишини айтди. Видодонинг мурожаати Индонезия ҳукумати котибияти сайтида чоп этилган.
Хабарда айтилишича, 28 апрел оқшомида Видодо Путин билан телефон орқали гаплашган. Диктатор унга "Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар жараёни" ҳақида гапирган бўлса, Индонезия президенти урушни зудлик билан тугатиш муҳимлигини таъкидлаб, унинг мамлакати "тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр"лигини айтди. Путин унга G20 саммитига таклиф учун миннатдорчилик билдирди ва иштирок этишини айтди.
Индонезия президентининг таъкидлашича, бу йилги мезбон сифатида у "Катта йигирматаликни бирлаштирмоқчи" ва "ажралишнинг олдини олмоқчи".
Видодо шунингдек, 27 апрель куни Украина президенти Зеленский билан бўлиб ўтган суҳбатда ҳарбий ёрдам сўровлари муҳокама қилинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Индонезия конституцияси ва ташқи сиёсат тамойиллари "бошқа давлатларга қурол етказиб беришни тақиқлайди", бироқ Индонезия гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр.
Индонезия президенти Зеленскийни G20 саммитига таклиф қилди. Украина давлати раҳбари унга Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги Жакарта Россия диктатори Путин таклифини қайтариб олишдан бош тортгани учун АҚШ ва G7нинг бошқа баъзи аъзолари Индонезияни Украинани G20 саммитига таклиф қилишга чақиргани ҳақида хабар берган эди.
Bloomberg маълумотларига кўра, баъзи расмийлар, шу жумладан АҚШ расмийлари Индонезияни Путиннинг саммитдаги иштирокини рад этишга "ёки ҳеч бўлмаганда унинг Украинадаги ҳаракатларини қоралашга" кўндиришга ҳаракат қилган. Агентлик манбаларининг таъкидлашича, G20нинг айрим аъзолари, жумладан АҚШ президенти Джо Байден Украинада кенг кўламли уруш бошлаган Путин билан бир столга ўтирмайди.
Бунгача АҚШ президенти Джо Байден Россияни G20 дан чиқаришни таклиф қилган эди.
G20 саммити 2022 йил ноябр ойида Индонезиянинг Балида бўлиб ўтиши режалаштирилган.