Хокинг ҳақида ҳар доим аниқ бўлган нарса шундаки, у эътиқодли одам эди. Афсуски, бу ерда гап Худога эътиқод қилиш ҳақида кетмаяпти, чунки у атеист эди. У инсон онгининг "коинот фаолиятининг ягона назариясини" исботлаш қобилиятига ишонган. Аммо бундай назария тубдан тўғрими? Хокинг бунга қатъий ишонди ҳамда Эйнштейн ва бошқа физиклар каби, бутун ҳаётини бу саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Бу назарияни қандай исботлаш мумкин? Қандай қилиб биз бундай нарсани тахмин қилишимиз мумкин? Мен физика талабаси сифатида бу саволларга жавоб топишга интилдим. Устозларимнинг ҳеч бири ишончли жавоб бермади. Уларнинг энг кўп баҳам кўриши мумкин бўлган нарса, бундай мураккаб оламнинг орқасида нимадир борлигига ишонч, унинг ажойиб уйғун тартиби ва энг майда деталларигача ўйланиб ташкил этилиши эди. Бунинг ортида қандайдир чуқур ҳақиқат бор бўлса керак! Бу тартибнинг, бу "Буюк режа" мавжудлигининг сабаби бўлса керак! Хокинг ҳамма нарса кенг қамровли назарияга, ёки баъзи физиклар айтганидек, "ҳамма нарсани тушунтирувчи тенглама", "Худо тенгламаси"га асосланади, деб тахмин қилган.
Бундай фикрлашда яққол қочқинлик борки, у Хокинг каби Худонинг борлигини очиқчасига инкор этадиган одамларга хосдир. Хокинг олам тартибини ва унинг ақл учун тушунарли бўлишини биринчи навбатда Қудратли Яратувчи яратганини тан олиш ўрнига, буни ўжарлик билан рад этади, ўз ихтиролари, тасаввурлари ва қандайдир "Худо тенгламаси"ни талаб қилади.
«Мулк» сурасининг дастлабки бир неча оятларини эслатиб ўтадиган бўлсам, Хокинг ва унинг ўлими, қандайдир маърифатга эришдим, деб ўз нафсига берилиб, лекин ўзидан бошқа ҳеч кимни алдамайдиганлар ҳақида ўринли бўлади, деб ўйлайман.
"Подшоҳлик Ўз қўлида бўлган Зот баракотли, улуғ бўлди. У ҳар бир нарсага ўта қодирдир. У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир. У етти осмонни табақама-табақа яратган Зотдир. Роҳманнинг яратганида ҳеч тафовут кўрмассан. Қайта назар сол! Бирор камчилик кўряпсанми? Сўнг такрор-такрор назар сол, назар истаганини топа олмай, сенга ҳориб-чарчаган ҳолда қайтадир. Ва батаҳқиқ, дунё осмонини чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва уларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик. Ва у(шайтон)ларга ловуллаган олов азобини тайёрлаб қўйдик. Ўз Роббларига куфр келтирганлар учун жаҳаннам азоби бордир ва у қандай ҳам ёмон борар жой!" (Мулк сураси, 1-6)
Абу Муслим таржимаси