loader
Foto

Нури Туркел энди АҚШ Халқаро диний эркинлик комиссияси раиси

“Комиссия раиси бўлиш мен учун шараф", -дейди у.

"Дунё бўйлаб эътиқод эркинлигини ҳимоя қилувчи органга етакчилик қилиш - улкан масъулият".

Комиссия аъзолари республикачилар ва демократлардан иборат гуруҳ бўлиб, мақсад - Оқ уй, Давлат департаменти ва Конгрессни глобал вазиятдан бохабар қилиб туриш. Аъзоларни бу ўринга Конгресс кўрсатади ва турли соҳаларда ишлаб тажриба орттирган мутахассислардир.

Туркел 2020-йилда Вакиллар палатаси раиси Ненси Пелоси томонидан тайинланган ва яқинда яна икки йилга тасдиқланди.

Яқинда Ўзбекистонга сафар қилган Туркел она ватанини Шарқий Туркистон деб атайди, расман Хитойнинг Шинжон мухторияти. Мутахассис ёшлигидан уйғур ҳуқуқлари учун курашиб келади. Олий таълимни Америкада олган ва бир неча йил Вашингтондан юридик фирмаларда ишлаган, шунингдек, ўз адвокатурасини юритган.

Туркел Уйғур Инсон ҳуқуқлари лойиҳаси деган нодавлат ташкилотнинг раҳбари ҳамдир. Ҳадсон институти эксперти ва Ташқи алоқалар кенгаши аъзоси.

АҚШ Халқаро диний эркинлик комиссияси йиллик ҳисоботлари орқали Вашингтонни ва дунё ҳукуматларини эътиқод ҳуқуқларини таъминлашга ва тарғиб қилишга ундаб келади.

Давлат департаменти ҳам шундай ҳисоботлар чиқаради. Лекин, дейди расмийлар, комиссиянинг таҳлилномалари алоҳида ўрин тутади, чунки унда маъмурият ва қонунчиларга муайян тавсиялар берилади, жумладан қай давлатга нисбатан қандай сиёсат юритиш. Масалан, эътиқод эркинлигини энг қўпол бузаётган давлатлар алоҳида эътиборга молик дея махсус рўйхатга киритилади, ундан кейинги ўриндагилар эса махсус кузатувда бўлади.

Муддао, дейди комиссия аъзолари, Америка ҳукумати ҳар бир мамлакат билан алоқаларни тебратишда диний эркинликни ҳам инобатга олсин, уни ҳимоя қилсин.