loader
Foto

Азонни талҳинсиз, яъни, оҳангга солмасдан айтиш ҳам суннатдир

 

Азоннинг суннатларидан яна бири - азондаги такбир калималарини жазм билан, яъни, ҳар «Оллоҳу акбар» калимасидан сўнг тўхтаб (акбар сўзидаги охирги -р ҳарфини сукун билан) айтиш. Чунки Пайғамбар алайҳис-салом айтган: «Азон жазмдир».

Азонни талҳинсиз, яъни, оҳангга солмасдан айтиш ҳам суннатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинган ушбу сўзлар бунга далилдир. Бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳуманинг олдига келиб айтди:

—    Мен сизни Оллоҳ учун яхши кўраман. Шунда Ибн Умар:

—    Мен сени Оллоҳ учун ёмон кўраман — деди.

-    Нимага? - сўради у.

-    Чунки менга етиб келдики, сен азонингни оҳангга солиб, нағма қилиб айтар экансан. Аммо тафхим (овозни баланд кўтариб, улуғворлик) билан айтишнинг зиёни йўқ. Чунки бу ҳам азонни эшиттиришнинг бир тури, - деди Ибн Умар розияллоҳу анҳума.

Қаранг, Оллоҳ рози бўлсин, Ибн Умардек улуғ саҳобий мусулмонларни жуда муҳим мавзу, катта бир хавфдан огоҳ қиляпти. Афсуски, қилмаслигимиз, сақланишимиз керак бўлган бу иш бугун урфга айланиб бўлди. Азонни, балки Қуръонни ҳам ашулага ўхшатиб айтиш араб-у ажамда айб саналмайдиган, балки кўп ўринларда фазилат ҳисобланадиган бир замонда яшаяпмиз. Тўғри, азон калималари бўлсин, Қуръон тилавоти бўлсин, оҳангга солиб ўқилса, табиатимизга ёқади. Лекин унутмайликки, бу ташқи нарса, уларга берилиб, шу билан банд бўлиб қолиш мастликка ўхшаган моҳиятдан узоқлашиш айни нуқтадан бошланади. Қачон ташқарини ўнглашга эътибор кучайса, ичкарининг хароб бўлиб бориши аниқ ва тажрибаларда тасдиқланган ҳақиқат...

Илм оламида «Ҳужжатул Ислом» номи билан танилган уламо Абу Ҳомид Ғаззолий Қуръон ўқиётганда йиғлаш мустаҳаб амал эканини айтган. Чунки Қуръон оятларини тушуниш, англаш йўлидаги инсон Ҳақни таниш, иймоннинг баҳосини ва Ҳаққа итоатсизлик, куфр, гуноҳнинг жазосини билган инсондир. Ҳеч бир банда «мен гуноҳсизман» дейолмайди. Демак Қуръонни тушуниш ўзининг гуноҳкор бир банда эканини тан олишдан, тавбадан бошланади. Йиғисиз тавба бўлиши мумкинми?! Шунинг учун ҳам Абу Ҳомид Ғаззолий: «Кимгаки Қуръон ўқиётганида йиғи келмаса, йиғи келмаётгани учун алоҳида йиғласин» - деган мазмунда эслатган. Яъни, тиловат қилаётган киши Қуръонда зикр қилинган ҳолатларни хаёлидан ўтказмас, бу ҳолатлардан қалбига қўрқинч тушмас экан, демак у Қуръон ўқимаётган киши бўлади. Бу эса ҳақиқатан ҳам йиғлайдиган аҳвол, оғир бир мусибат, қўрқинчли балодир.

Албатта Қуръонни тажвид қоидаларига риоя қилиб, ҳар бир ҳарфининг ҳақини адо қилиб, табиий овозда эшитувчиларга етказиш талаб қилинган иш. Аммо ундан-да матлуброғи — Қуръонни тушунишга ҳаракат қилиш, Оллоҳнинг буюрган ва қайтарган ишларининг моҳиятини англаб, уларга амал қилишга жидду жаҳд этишдир. Қуръон фақат уни эшитиб, тиловат қилаётган қорининг «нола»сидан тушуниб-тушунмай маст бўлишимиз учун эмас, балки Яратувчи-миз — Оллоҳ таоло биз бандаларига эслатаётган иш-лардан ақл-у ҳуш билан огоҳ бўлишимиз учун нозил қилинган Оллоҳнинг Сўзидир. Сўзни тушуниш учун, аввало, унинг маъносини англаш билан машғул бўлишимиз керак.

Тобеъинлардан Ҳасан Басрий айтади: «Қуръондан бир ҳарф ҳам қолдирмасдан ўқиб чиқдим, деган кишининг на хулқида, на амалида Қуръон кўринмаётган экан, Оллоҳга қасамки, у Қуръондан бир ҳарф ҳам ўқимабди». Демак Қуръон ўқиганидан сўнг бузуқ хулқ тузалса, ёмон амал яхшига айланса, мана шу Қуръондан таъсирланиш бўлади, Қуръондан таъсир олган кишигина Қуръонни ўқиган ҳисобланади ва буларнинг барчаси Қуръон маъносини тушунишдан келиб чиқади...

Алоуддин Косонийнинг

"Бадоеус саноеъ фий тартибиш шароеъ" китобидан

Алоуддин Мансур таржимаси ва шарҳи