loader
Foto

Нажот топасиз, деб умид қиламан

Абу Хумайд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Азд қабиласидан бўлган Ибн Лутбияни Бани Сулайм қабиласининг закотларини йиғиб келиш учун юбордилар. Ибн Лутбия закотларни йиғиб келиб, шундай деди:

-    Эй Расулуллоҳ! Мана бу - йиғилган закот, мана бу менга берилган ҳадялар.

-    Ота-онангнинг уйида ўтирганингда биров сенга ҳадя берганмиди?

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилдилар, ҳамду сано айтиб, дедилар: "Одамларга нима бўляпти? Уларни закот йиғишга юборсам, қайтиб келиб: "Бу - закотга йиғилгани, бу - менга ҳадя қилингани”, дейди. Агар ота-онасининг уйида ўтирганида биров унга ҳадя берармиди? Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, ким бирор мол-дунёни ноҳақдан қўлга киритса, Қиёмат куни ўша мол у билан бирга келади”.

Имом Муслим ривоятида: "Мен шундай одамларни биламанки, бўйинларида бўкираётган туя кўтариб келади. Кимдир мўраётган сигир, кимдир маъраётган қўй кўтариб келади”, дейилган.

Кейин у зот алайҳиссалом: "Эй Аллоҳ, етказдимми?” дедилар.

Имом Аҳмаднинг "Муснад”ида Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ҳасан санад билан ривоят қилинади: "Ҳар бир бошлиқ қиёмат куни кишанланган ҳолда олиб келинади. Агар тўғри ишлаган бўлса, Аллоҳ уни қўйиб юборади, агар ноҳақлик қилган бўлса, уни юзи билан жаҳаннамга думалатиб юборади”. Ёки шунга ўхшаш лафзда ривоят қилинган.

Мазкур ҳадисда бир неча муҳим масалалар мавжуд. Аввало, ўзганинг молини ботил йўл билан қўлга киритмаслик таъкидланмоқда. Ким мусулмонларнинг молини ноҳақдан эгаллаб олса, Аллоҳ уни Қиёмат куни ҳамманинг кўз олдида шарманда қилади. Масалан, кимдир бировнинг туясини ўзлаштириб олган бўлса, қиёматда барчанинг кўз олдида уни елкасида кўтариб келади. Туя бўкириб туради, халқ олдидаги шармандалиги зиёда бўлади. Қорамол ва қўй ўзлаштирган ҳам шу аҳволга тушади. Энди халқ мулкидан катта-катта еб қўйганлар аҳволини бир тасаввур қилаверинг. Бундай олғирлар Абу Бакрдан нақадар узоқ. У зот вафот этганларида бисотларида бор-йўғи икки дона кийим, хачир ва озгина пул бор эди. "Буларни Умар ибн Хаттобга олиб боринглар ва: "Эй, Умар! Аллоҳдан қўрққин, сени ҳам мени йиқитгани каби йиқитмасин”, деган сўзларимни етказинглар”, деган эдилар.

Ушбу нарсалар Умар розияллоҳу анҳуга етиб келганида ўтириб роса йиғладилар ва: "Эй, Расулуллоҳ ўринбосари! Ўзингиздан кейинги халифаларни чарчатиб кетдингиз!” дедилар.

Умар халифа бўлиб тайинланганларидан кейин Байтул молдан ҳеч нарса олмадилар. Минбар устида туриб, хутбаларида: "Сизларнинг молларингиздан фақат икки дона кийим олганман”, дер эдилар. У зот бу кийимларнинг бирини ёзда, иккинчисини эса қишда киярдилар.

Икки саҳиҳ тўпламда ривоят қилинади: "Ким халқ мулки бўлган тиллани ўзлаштириб олса, ўша тиллалар эритилиб, унга қоплама қилиб қуюлади". Бу ҳадисга Қуръондан ушбу оят гувоҳлик беради: "Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида "хушхабар" беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни "Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!" (дейилади)” (Тавба сураси, 34-35-оятлар).

Аллоҳ ҳаққи, инсон ўзини назорат қилсин, ҳеч бир бошлиқликни паст санамасин, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бирингиз бошлиқсиз ва қўл остингиздагилардан сўраласиз”, деганлар. Бу ғайбларни билувчи, пок, беайб Зотнинг олдидаги масъулиятдир.

"Аллоҳ қиёмат куни айтур: "Ҳузуримизга сизларни биринчи марта қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз-ёлғиз келдингиз. Сизларга (мулк қилиб) берган (бойлик)ларни ортингизда қолдирдингиз. Ораларингизда (Аллоҳга) шерик деб гумон қилиб юрган шафоатчи (оқловчи)ларингизни сизлар билан бирга кўрмаяпмиз.

Ораларингиз узилиб қолибди. (Оқлайди, деб) ўйлаб юрган (бут)ларингиз (эса) сизлардан ғойиб бўлибди" (Анъом сураси, 94-оят).

Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам айтдилар: "Ё, Аллоҳ! Ким менинг умматимга бошлиқ бўлса-ю, уларга меҳрибонлик қилса, унга раҳм қилгин. Ким умматимга қийин қилса, унга қийин қилгин” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис саҳиҳдир. Ким умматга яхшилик, раҳм қилса, Аллоҳ унга раҳм қилади. Ким умматга машаққат олиб келса, молларини тортиб олса, бахтсиз қилса, Аллоҳ уни икки дунёда бахтсиз қилади.

Яна бир ривоятда айтилади: "Инсонлар Аллоҳнинг боқимандаларидир. Кимнинг боқимандаларга кўпроқ манфаати тегса, Алдоҳга суюқлироқ бўлади” (Байҳақий ривояти).

Салафи солиҳлар раҳбарлик масъулияти нақадар оғирлигини яхши билишар эди. Шунинг учун саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлиқ қилиб тайинламасликларини илтимос қилишарди. Пайғамбар алайҳиссалом масжидда саҳобаларга хутба қилдилар: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларнинг бирортангизни бир мансабга тайинласам, сўнгра у мусулмонлар мулкига игнача ёки қилча хиёнат қилса, Қиёмат куни шу нарсаси билан келади". Ансорлардан бир киши туриб: "Ё Аллоҳнинг Расули! Мени ишдан бўшатинг”, деди. "Нима учун?" деб сўрадилар. "Сиз шундай-шундай, деяпсиз", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларини кўтариб: "Ҳозир ҳам шундай дейман, ким мусулмонлар мулкига бошлиқ этилса, камайтирмасдан ва кўпайтирмасдан олиб келсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шундан сўнг саҳобалар раҳбар бўлишдан қочадиган бўлдилар. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: "Фақат бир марта амирликни орзу қилдим: Ҳайбар фатҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эртага байроқни бир одамга бераман, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради", деганларида”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳбар тайинлаётганларида насабига, оиласига, қабиласига қарамасдилар, балки тақвосига эътибор берардилар. "Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир" [Хужурот сураси, 13-оят)га йувофиқ қарор қабул қилардилар.

Имом Аҳмаднинг "Муснад”ида ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу: "Абу Хузайфанинг қули Солим тирик бўлганида уни амир қилиб тайинлар эдим", деганлар.

Шунинг учун ҳам Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор ишга қўйишларини сўраганида у зот бундай жавоб бергандилар: "Эй амаки! Беҳисоб амирликдан кўра нафсни қутқарган маъқул” (Байҳақий ривояти). Аббос бу насиҳатни ўзига васиятдек қабул қилди.

Бутун дунёга подшоҳлик қилса-ю, инсоф қилмаса, адолат қилмаса, тақво қилмаса, қиёматда азобдан қандай қутилади?

Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

-    Нима учун фалончи-фалончиларни бошлиқ қилдингиз-у, мени бошлиқ қилмадингиз?

-    Эй, Абу Зарр! Сени яхши кўраман, ўзимга яхшилик-ни раво кўрганимдек, сенга ҳам раво кўраман. Сен кучли эмассан! Амирлик - омонат, омонатга хиёнат дунёда хорлик ва надоматдир. (Имом Муслим ривояти)

Қорилар пешвоси Убай ибн Каъб Умар розияллоҳу анҳунинг ёнига келиб деди:

-    Эй, Умар! Нега ҳаммани бошлиқ қиласан-у, мени тайинламайсан?

-    Эй, Убай! Аллоҳга қасам, сени яхши кўраман. Сени раҳбарликка тайинламаганим - иймонинг хира тортишини истамаганимдандир.

Убай Умарнинг бу насиҳатидан кейин бир умр бошлиқ бўлмай ўтди.

Салафи солиҳларнинг йўли амирликдан узоқ юриш, яқинига йўламаслик эди. Улар бошлиқнинг масъулияти нақадар оғирлигини билишарди.

Халифа Абу Ҳанифага деди:

-    Қози бўласан!

-    Яроқли эмасман.

-    Ёлғончисан!

-    Қандай қилиб ёлғончини қози қиласан?!

Ривоят қилинишича, Имом Моликка қозилик таклиф қилинганида рози бўлмаган эканлар.

Исмоил ибн Улаййа қозиликка тайинланганида Ибн Муборак унга: "Шўринг қурисин, ҳадисда: "Қозилар уч қисмдир: иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда", дейилган. Эҳтиёт бўл, икковидан бўлиб қолма!" деб мактуб ёзди.

Исмоил: "Нима демоқчилигингизни тушунмадим”, деб жавоб ёзди.

Шунда Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: "Оғзига чайнаб солмасам, тушунмас экан", деб қуйидаги қасидани битиб юборди:

Эй, илмини овчи қушдек қилиб олган,

У билан мискину етим молин тутган!

Қани ўтган замондаги ривоятлар?

Дердинг: "Ибн Авн, Ибн Сириндан..."

Гар хато қилдинг, десанг, айт, қари чолнинг

Эшаги лойга ботса, қай жавоб қилдинг?!

Исмоил ибн Улаййа қасидани ўқигач, маъносини англади-ю йиғлади. Сўнг Ҳорун ар-Рашиднинг олдига кириб, қозиликдан бўшатишини талаб қилди.

Раҳбарликдан қочиш мутлақ мақталган эмас. Қўлиан келадиган одамга гоҳида вожиб бўлиб қолади. "Элга хизмат - олий ҳиммат”, деб бежизга айтилмаган.

Юсуф алайҳиссалом: "Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ча (ўз ишини пухта) билувчидирман", деган эдилар (Юсуф сураси, 55-оят).

Умар розияллоҳу анҳу Абу Хурайрага дедилар:

-    Раҳбарлик қиласан!

-    Аллоҳга қасамки, қилолмайман! Учта ва иккита нарсадан қўрқаман.

-    Бешта, десанг-чи.

-    Йўқ. Учта, иккита нарсадан...   

-    Нима улар?

-    Дарра урилишидан, мол-мулким мусодара қилинишидан, обрўйим поймол этилишидан, охиратда эса кишанланган ҳолда олиб келинишим ва юзим билан дўзахга судралишимдан қўрқаман.

-    Эй, Абу Ҳурайра! Сен яхшими ёки Юсуф алайҳиссаломми? Зеро, у зот: "Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман" (Юсуф сураси, 55-оят), деган-ку!

-    Юсуф алайҳиссаломнинг дадалари ҳам, оталари ҳам, боболари ҳам аслзодалардир. Мен ўзим ҳам, дадам ҳам, отам ҳам бечорамиз.

Хулоса қилиб айтганда, ким ўзида мансабни уддалай оладиган қобилиятни кўрса, хиёнатдан ўзини тия олса, раҳбар бўлиб халққа хизмат қилсин. Ким ўзида раҳбар-ликка лаёқат сезмаса, мусулмонлар ҳаққига хиёнат қи-либ қўйишидан қўрқса, зинҳор амалга яқинлашмасин, акс ҳолда бунинг ниҳояси хорлик ва надомат бўлади.

Иккинчи масала: Пайғамбар алайҳиссалом закотлар-ни одамлар қўлида қолдирмасдилар. Балки закот йиғувчи хос мансабдорларни юборардилар, акс ҳолда, бойлар бу ибодатга бепарво бўлиб, хоҳлагандай совуриши мумкин эди.

Икки саҳиҳ тўпламда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Муозни Яманга жўнатаётиб, шундай дейдилар: "Етказингки, Аллоҳ уларга закотни фарз қилди, бойларидан олиб, камбағалларга берилади”.

Бир сафар Умарни ҳам закот тўплаб келишга бош қилиб қўйдилар, ҳамма бойларни айланиб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, ҳисобот бердилар:

-    Эй Расулуллоҳ! Уч кишидан ташқари ҳамма адо қилди.

-    Улар кимлар?

-    Амакингиз Аббос, Холид ибн Валид, Ибн Жамил.

-    Эй, Умар! Билмайсизми? Амаки ота ўрнида ота бўлади, Аббоснинг закоти менинг зиммамда. (Аббос икки йиллик закотини олдиндан бериб қўйган эди, уялиб айтмаганди.) Холид ибн Валид эса қурол-аслаҳаларини Аллоҳ йўлига атаб қўйган, сизлар билмасдан уни айбламоқдасизлар. Ибн Жамилнинг эса камбағал бўлиб юриб, бойиб кетганини кўролмаяпсизлар (яъни, ҳали бир йил тўлгани йўқ) (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалардан бир неча нафарини закот тўплагани юборганлар. Раҳбарликнинг икки шарти бор: вазифани уддалай олиш (ожизлик қилмаслик) ва омонатга хиёнат қилмаслик.

Шуайб алайҳиссаломнинг қизи Мусо алайҳиссалом ҳақларида айтганидек: "Эй ота, уни (ишга) ёллагин! Зеро, сен ёллайдиган (бу) яхши киши кучли ва ишончлидир" (Қасас сураси, 26-оят).

Номзод омонатдор бўлса-ю, иродали бўлмаса, ишни эплай олмайди, иродали бўлиб, омонатдор бўлмаса, гуноҳкор бўлиб қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равохани яҳудийларга хурмони бўлиш ва ҳосилни чамалаш учун юбордилар. Кимсан - Абдуллоҳ ибн Равоха! Эрта-ю кеч Аллоҳ йўлида ўлишни кутиб юрган, дунёни фақат Унинг розилиги учун хоҳлаган банда. Абдуллоҳ етиб келишига яҳудийлар анча пул тўплаб қўйишган эди, унга: "Эй, Абдуллоҳ! Пулни олда, камроқ ҳисоблаб кет", дейишди. Абдуллоҳ ғазабдан юзи қизариб, титраб кетган эди.

Учинчи масала: ишчиларни ҳисоб-китоб қилиб туриш. Мансабга тайинланган мусулмоннинг вазифаси қўл остидагиларни назорат қилиб туриши керакдир. Аллоҳга ҳисоб беришдан олдин ўзаро ҳисоблашган яхши. Ишларни назоратсиз қолдириш муваффақиятсизликка олиб боради.

Бу талаб олий ва ўрта таълим ходимлариға хдм, бо-шқа барча соҳа вакилларига ҳам тегишли. Ҳар бир ходим ўз соҳасига жонкуяр бўлсин. Айниқса, таълим ходимларининг масъулияти оғир. Ҳар бир талабанинг ўқишини кузатиб, қобилиятига қараб йўналтириш мақсадга мувофиқдир. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ таоло эрта қиёматда ҳар бир раҳбардан қўл остидагилар ҳақида сўрайди.

Умар розияллоҳу анҳу ўзлари тайинлаган амалдорларни қандай назорат қилганлари ҳақида ҳикоялар жуда кўп. Масалан, Миср ҳокими Амр ибн Осга ўғли билан мисрлик орасида адолат қилмагани учун дашном берганлар.

Бир куни Умар Мадинада дабдабали қурилаётган иморат ёнидан ўтиб қолдилар ва: "Кимнинг иморати?" деб сўрадилар. "Шомдаги фалон шаҳар ҳокими қуряпти", деган жавоб бўлди. "Пулини қўйишга жойи етмай қолганми, дейман?! Аллоҳга қасам, уни бўшатаман!" дедилар-у, вазифасидан озод этдилар.

Хорис ибн Зиёд ҳам бир шаҳар ҳокими эди. Умарнинг йиртиқ кийиб, қуруқ нон-чой еб юришларига чидай олмай, гап бошлади:

-    Эй, мўминлар амири! Сизга бу юриш ярашмайди!

-    Онанг фироғингда куйгур, сени яхши одам деб ўйловдим. Йўқол, ишдан бўшатилдинг!

Тўртинчи масала: мансабдор шахсларнинг ҳадя олиши - хиёнатдир. Бунга Ибн Масъуднинг ҳадиси далолат қилади (Байҳақий ривояти).

Мансабдор, амалдор, бошлиқларга берилган ҳадялар пора ҳисобланади. Чунки мансаби бўлмаганида ҳадя берилмас эди. Ҳадя ва совғалар қалбни қул қилади.

Муғира ибн Шўба Куфа ҳокими бўлиб, ҳузурига келганларни рухсатсиз киргизмасликни тайинлаган эди. Ходим бир кишини унинг рухсатисиз киритиб юборди, зиёратчи кетгач, Муғира сўради:

-    Нима учун рухсатсиз киргиздинг?

-    Бир сабаби бор.

-    Нима сабаб?

-    Менга бир яхшилик қилган эди.

-    Тўғри айтдинг, ҳатто итга яхшилик қилишнинг ҳам фойдаси бор.

Фақиҳлар баъзи ўринларда мансабдор шахс ҳадя олишини жоиз санашади. Масалан, эски дўстларидан, қариндошларидан, башарти бирор ишини битириб бериш нияти бўлмаса, совға қабул қилиши мумкин.

Поранинг бир нечта тури бўлиб, улар қуйидагилардир:

1.    Амалдорларнинг ҳадяси.

2.    Пора олишга баҳона тарзда ўтаётган зиёфатдаги Ҳадя.

3.    Битказган иши учун олинган ҳадя.

4.    Серсаломларни кўпайтириш.

5.    Ҳимояси учун олиш.

Бешинчи масала: хутбада айбдорни тартибга чақириш жараёнида унинг исмини айтмай, умумий огоҳлантириш лозим. Мусулмонларни ноқулай аҳволга солиб қўймаслик динимиз талаб қилган ишлардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Лутбияни яхши танирдилар, лекин хутбаларида исмини тилга олмадилар. Умумий тартибга чақирдилар, ҳаммани огоҳлантирдилар. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услублари айни ҳикмат ва кони фойдадир. Қалбларни жароҳатламасдилар, кўнгилларни вайрон қилмасдилар. Натижада инсонлар зарар кўришмасди, хато қилган одам уни тузатиб оларди.

Олтинчи масала: эҳтиёж туғилганда хутба қилиб туришлари; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халқ орасида нотўғри гап тарқалганини ёки кимдир номақбул иш қилганини эшитсалар, умумий танбеҳ бериб қўярдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этиши қуёш тутилишига тўғри келиб қолди. Одамлар қуёш Иброҳимнинг ўлими сабаб тутилганини гапиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб, қуёш бировни ўлгани ёки туғилгани учун тутилмаслигини тушунтириб қўйдилар.

Гоҳида ўта ночор одамлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келишарди. У зот ўринларидан туриб, одамларга хайру-эҳсон ҳақида хутба қилардилар.

Еттинчи масала: ҳадя ва у ҳақда келган ривоятлар, жумладан, ҳасан санад билан ривоят қилинган: "Ўзаро ҳадя беринглар, бир-бирларингга муҳаббатларинг ортади" ҳадиси (Имом Бухорий "Ал-Адаб ал-Муфрад”да ривоят қилганлар).

"Ҳадя қалбдаги гина-кудуратларни суғуриб олади” (Имом Термизий ривояти).

Қариндошлар, қўшнилар орасида ҳадя улашишни одат қилиб олсангиз, қандай ажойиб бўларди! Уларга оз бўлса ҳам, совға бериб турсангиз, адоватлар кўтарилиб, аҳиллик кучаяр эди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қуёш қиздириб турганда замзам олдида тўхтадилар. Бир аъробий келиб, Ибн Аббосга соя қилиб турди, у киши замзамдан тўйиб ичиб олдилар.

Орадан бир неча йиллар ўтиб, ўша аъробий келиб, гап бошлади:

-    Эй, Ибн Аббос! Мен сизга бир яхшилик қилганман, шунинг мукофотини хоҳлайман.

-    Қандай яхшилик?

-    Ҳожилар билан замзам ёнида қуёшда тургандингиз. Ўшанда мен соя қилиб турдим, сиз мазза қилиб сувга қониб олдингиз.

-    Э-э-э, хуш келибсиз! Қадамларингизга ҳасанот! -деб ёнларига ўтирғизиб меҳмон қилдилар ва қўша-қўша совғалар бериб кузатдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам совға олар, муносиб жавоб қайтарар эдилар. "Қўй почасига чақирилсам ҳам бораман, бир газ мато ҳадя қилишса ҳам, қабул қиламан”, дердилар (Имом Бухорий ривояти).

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларидан бир намуна. Ҳадяни олиш-олмасликдаги мақбул йўл - кишининг динига ёки обрўсига путур етса, олмаслиги, зарар бўлмаса, олишидир. Зеро, ҳадяни қайтариш одамларни хафа қилади. Валлоҳу аълам.

Доктор Оиз Қарнийнинг

"Қалблар тизгини" китобидан

Бекмуҳаммад Алибоев таржимаси