Бу ҳақида Владимир Зеленский Африка оммавий ахборот воситалари вакиллари билан онлайн учрашув пайтида айтиб ўтди.
"Эркинликнинг баҳоси йўқ. Россия эркинликни нефт ва долларга сотиб олишни кутмасин. Бу ҳеч қачон содир бўлмайди. Биз охиригача турамиз. Бу уруш тугагач, бу Украина атрофида дунёнинг бирлашишига боғлиқ", — деди Зеленский.
У Кремл раҳбарини урушни тугатиш ҳақида ўйлаб кўришга ундади.
"Ўз орбитасини кўрмайдиган Россия Федерацияси президентига яна қанча уруш керак? Балки етар? Ҳа, унинг ёши ҳам анчага бориб қолди, эҳтимол Худога нима дейишини ўйлаб кўриши керакдир? Эҳтимол, шу нарсалар ҳақида ўйлаш керакдир? У ўзидан кейин дўзахдан бошқа нима қолдиряпти? Унинг халқи билан нима бўлади? Менимча, ҳушёрлик билан ўйлаш керак бўлган нарсалар бор. Диктаторча эмас, балки ҳушёрлик билан", - деди Украина президенти.
Унинг қўшимча қилишича, ҳар қандай ҳолатда ҳам украиналиклар Россияни бу уруш учун ҳеч қачон кечирмайди.
"Биз уни бу учун ҳеч қачон кечирмаймиз, лекин 70 ёшга тўлган бу одам қон тўкилишини тўхтата олади. Фақат бир киши. Нима учун дунё бир кишига буни қилишга рухсат беради. 70 ёш. Совет Иттифоқи кўп одамлар билан худди шундай қилди. Аммо у ҳам 70 йил яшади. Бунда рамзий маъно бор", — деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, Зеленский агар Путин бу урушда ғалаба қозонса, бу Учинчи жаҳон урушининг бошланиши бўлишини айтди. Дунёнинг буюк автократиялари ҳам худди шундай қила бошлайди, дунёда тартибсизлик бўлади.