Янги масжид Кабанбой ботир ва Мангилик Эл шоҳ кўчалари оралиғида, Ҳусайн бин Талол кўчаси яқинида жойлашган.
Кўк рангда ясалган асосий гумбазнинг баландлиги деярли 83,2 метр, диаметри - 62 метр.
Буюртмачи манфаатларини ифодаловчи Hill International компанияси менежери Александр Артеменконинг айтишича, масжид гумбази бу турдаги иншоотлар учун дунёдаги энг каттаси ҳисобланади.
Тўрт минора баландлиги 130 метрни ташкил қилади. Ҳар бир минора беш қисмдан иборат бўлиб, улар ислом динининг беш устуни – иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж тимсоли ҳисобланади. Битта минора - чап қанотда - ташриф буюрувчилар учун очилди. Меҳмонлар лифтга чиқишлари ва манзарадан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Масжиднинг кириш эшиги дунёдаги энг баланд ёғоч эшиклардан бири ҳисобланади. У тропик Африкадан келтирилган ироко қаттиқ ёғочидан қўлда ишланган. Унинг баландлиги 12,4 метр, оғирлиги бир ярим тонна. Эшиклар қозоқ нақшлари билан безатилган, ташқи деворлари эса кўк фонда оқ араб ёзуви билан безатилган.
Масжид деворлари ва гумбазнинг ички қисми ранг-баранг ўймакорлик, нақшлар, Қуръон суралари ва дуолар билан безатилган. Нақшлар асосан қозоқча.
Араб хаттотлиги қозоқ устаси Асилбек Байзақули томонидан ёзилган.
Масжиднинг ички эшиклари баландлиги 12 метр бўлиб, деразалари қўлда ишланган витражлардан ранг-баранг безаклар билан безатилган.
Қибла томондан деворга Аллоҳнинг 99 та исми ўйиб ёзилган бўлиб, ичкаридан олтин нур билан ёритилган. Мозаик деворнинг узунлиги 100 метр, баландлиги эса 22,4 метр. Мозаика турли рангдаги 25 млн шишадан иборат.
Катта зал ва аёллар намозгоҳи бутунлай қозоқ нақшли гиламлар билан қопланган. Гиламнинг умумий майдони 15 525 квадрат метрни ташкил этади, бу дунёдаги қўлда ишланган энг катта гиламдир. Гиламнинг қалинлиги 15 миллиметрга тенг. У Янги Зеландияда 100% жундан тўқилган.
Очилиш маросимида Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди.
"Бугун, муқаддас жума куни пойтахтимизда кўркам масжид очмоқдамиз. Бу барча мусулмон аҳолиси учун муҳим воқеа. (...) Мустақилликка эришганимиздан буён мамлакатимизнинг барча ҳудудларида масжидлар очилмоқда. Аллоҳ бу масжидларда ўқилган барча дуоларни эшитсин. 2019 йил март ойида давлат раҳбари сифатидаги ваколатларимни топширишдан бир кун аввал шу масжиднинг биринчи ғиштини қўйган эдим...Мустақил давлатимиз обод бўлишини дуо қиламиз. Мусулмонлик бурчи, ватан олдидаги фарзандлик бурчи. Янги мустақил Қозоғистонни барпо этиш ишларига Худойим барака берган, деб ўйлайман", — деди Назарбоев.
Катта залнинг марказида гумбаз остидаги биллур қандил осилган. Унинг диаметри 27 метр, оғирлиги эса 20 тонна. У 1 360 890 та кристалл парчаларидан тайёрланган. Бундан ташқари, масжиднинг тўрт бурчагига диаметри 8 метр бўлган тўртта қандил осилган.
Масжиднинг умумий майдони 57 минг квадрат метрни ташкил этади. Бино атрофида фавворали катта парк ташкил этилди.
Масжид жойлашган ер майдони 10 гектарни ташкил этади.
Масжиднинг бир қисми ер остида жойлашган. Ер ости қаватида 440 ўринли банкет зали мавжуд. У ерда хотирлаш маросимлари ва хайрия тадбирлари ўтказилади.
Бундан ташқари, бино остида 405 ўринли катта автотураргоҳ мавжуд. Масжид остида махсус туннель қурилган. Шаҳар автобуслари йўловчиларни ер ости бекатидан масжидгача етказиши мумкин бўлади. Бу масжидга ташриф буюрувчиларнинг йўлини қисқартиради ва ёмон об-ҳаво шароитида хавфсиз ҳисобланади.
Масжиднинг очилишида, шунингдек, бош вазир ўринбосари Ерали Тугжанов, собиқ бош вазир Асқар Мамин, Жамбил вилоятининг собиқ ҳокими Бердибек Сапарбаев, Олмаота вилоятининг собиқ ҳокими Амандик Баталов, собиқ депутат Куаниш Султонов, BI-Group холдинг раҳбари Ойдин Раҳимбоев ва бошқа таниқли шахслар гуруҳи иштирок этди