Талайгина одамлар борки, улар буюк ишларни қилишга, куч ва қудратини ўзи рўёбга чиқаришни орзу қилган ишларини амалга ошириш учун фидо этишга ва ҳатто, мақсадга интилиш ва нийятни тузатиш учун қалбнинг тубларига эътибор бермай улкан муваффақиятларни қўлга киритишга қодир бўлсада, лекин, эртасига қилган амаллари беҳуда кетиши мумкин. Ибрат – амалларнинг кўплиги ёки ҳажмининг катталигида эмас, аксинча, оз бўлсада қалбдан келиб чиқишидадир.
Сизга бир мисол келтираман. Унда Аллоҳ таоло буюк амаллар ҳам ҳам яроқсиз бўлиб қолишидан хабар бермоқда. Бунинг сабаби риёкорлик, мақтов ва одамлар оғзидан тушмаслик иштиёқидир:
«(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон, 23).
Ҳа, нийят митти нарсани катта ҳасанотга ҳамда савобу яхшиликлар билан лаззатланишга айлантиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу маънони Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш асносида очиқ мисол ва жонли ҳодиса билан тушунтириб, ҳижратнинг асоси мақсадга боғлиқ эканини баён қилдилар ва бу баёнотларининг сарлавҳасини қуйидагича қўйдилар: «Амаллар нийятга кўрадир. Ҳар бир кишига нийят қилган нарсасидир. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати эришадиган дунё ёки уйланадиган хотин бўлса, унинг ҳижрати мақсадигадир» (Муттафақун алайҳ).
Салаф уламолари – Аллоҳ улардан рози бўлсин! – бу маъноларни тушунишгач, ўз авлодларига ҳам тушунтирдилар ва нийят тушунчаси барқарор бўлиши учун ғофил нафсларни уйғотдилар. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: «Талайгина кичик амаллар борки, уларни нийятлар буюк қилади. Талайгина катта амаллар борки, нийятлар уларни кичик қилади»– деган.
Ихлоснинг маъноси
Ихлос – даъватчининг ўзидан содир бўлаётган барча иш ва қавллар билан Аллоҳ таолони, Унинг ризосини ва қийматли савобларини ўлжа ёки обрў ёхуд унвон ёда пешволик ёки қолоқликка аҳамият бермай, қуйидаги оятни кўз олдидан қочирмай, қасд қилишидир: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман» (Анъом, 162-163).
Салафлардан бири: «Ихлос – диннинг руҳи, ибодатнинг мағзи ва Аллоҳга чорловчи барча одамнинг пойдеворидир»– деган.
Аллоҳ йўлига чорлаётган даъватчи нийятни Аллоҳ учун холис қилиши, савобни Аллоҳнинг ўзидангина умид қилиши, дунёни охират бадалига сотиб олмаслиги керак. Унга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида берган мужданинг ўзи етарлидир: «Сиз туфайли бир одамнинг ҳидоятга кириши, сизга, қизил юнгли туяларингиз бўлишидан кўра яхшироқдир» (Муттафақун алайҳи).
Аллоҳ йўлига чорлаётган даъватчи ўзиники бўлмаган ишга кўз олайтирмасин! Наҳотки, у, Аллоҳ таоло барака ёғдирмайдиган ишга кўз олайтирса?! ...
Сиз ушбу мисолга диққат билан қаранг: мужоҳид, фиқҳ билимдони ва Қуръонни ёдлаган қори жаҳаннамга киради. Нега?!!
Буни тасаввур қилиш мумкинми?! Бир мужоҳид Ислом байроғи остида, Ислом динининг номи билан, ўнг қўлида Қуръон, чап қўлида эса ўқотар қурол кўтариб, ўзининг мужоҳидлар каби муборакли сулоладан эканини билдириб, жар солади. Бу одам қандай қилиб жаҳаннам аҳлига айланади?! Бундан кўра ҳайратлиси, тунларини бедор ўтказиб таълим олган ва одамлар бармоқлари билан ишора қилиб кўрсатадиган олимга айланган ҳатто: Агар саволингиз бўлса фалончидан сўранглар, сизларга тушунтириб беради,– дейишган олим. Учинчиси эса Аллоҳнинг Китобини ёд олган, уни тажвид билан тиловат ва тафсир қилган олим!! Бу уччови жаҳаннамга кирган илк одамлардир!! (Ҳа), улар жаҳаннамга илк кирган ва унга юзлари билан судраб олиб бориб ташланган кимсалардир?!! Бунинг сабаби нима?!
Жавоб: ушбу ҳадисга қулоқ солинг: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат кунида илк сарҳисоб қилинадиган одам, шаҳид қилинган одамдир. Уни олиб келинади ва (Аллоҳ) унга неъматларини танитади ва у танийди. (Аллоҳ): Бу неъматлар билан нима ишлар қилдинг?,– деб сўрайди. У: Мен Сенинг йўлингда шаҳид бўлгунимча жанг қилдим,– дейди. (Аллоҳ таоло): Ёлғон айтдинг! Сен: «Қўрқмас!» деб айтилиши учун жанг қилдинг ва шундай дейилди ҳам!,– дейди. Амр қилинади ва уни юзи билан ерда судраб, жаҳаннамга улоқтирилади. Илм олган ва уни ўргатган ва Қуръон ўқиган одамни олиб келинади ва (Аллоҳ) унга неъматларини танитади ва у танийди. (Аллоҳ): У неъматлар билан қандай амал қилдинг?,– деб сўрайди. У: Илм олдим ва уни ўргатдим. Сен учун Қуръон ўқидим!,– дейди. (Аллоҳ): Ёлғон айтинг! Сен илмни: «Олим!» дейилиш учун олдинг. Қуръонни: «Қори!» дейилиши учун ўқидинг ва шундай дейилди,– дейди. Сўнгра унга буйруқ берилади ва уни юзи билан судралиб жаҳаннамга улоқтирилади. Ва Аллоҳ таоло барча бойликни ато этган одамни олиб келинади. (Аллоҳ) унга неъматларини танитади ва у (ҳам) танийди. (Аллоҳ таоло): Уларни нима қилдинг?,– деб сўрайди. У: Сен сарф этилишини суйган барча йўлларда Сен учун инфоқ қилдим,– деб жавоб беради. (Аллоҳ): Ёлғон гапирдинг! Сен: «Бу одам саховатпеша!» дейилиши учун (инфоқ) қилдинг ва шундай дейилди,– дейди. Унга буйруқ берилади ва уни юзи билан судралиб жаҳаннамга улоқтирилади» (Имом Муслим).
Риёкорлик иллатларидан қутилиши ва ўзини Аллоҳ таолонинг ҳузурида риёкорлик оқибатларидан қутқариши учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватчини Аллоҳ таолога ушбу дуо билан таважжуҳ қилишга буюрди: «Аллоҳим, Сенга билиб туриб ширк келтиришдан сиғинаман ва билмаган нарсаларимни мағфират қилишингни умид қиламан!» (Имом Бухорий «ал–Адабул муфрад» ).
Даъватчи ўзини доимо сарҳисоб қилиши, ҳар бир ишда солиҳ нийятли бўлиши керак. Бу ҳақда салафлардан бири шундай деган: «Мен барча ишларда, жумладан, ейишим, ичишим, ухлашим ва ҳатто ҳожатхонага киришмда ҳам яхши нийятли бўлишни суяман».
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мўъминни ўзини маломат қилганини ва: Мен гапим билан ... ёки ейишим билан ... ёхуд гапим билан ... ни назарда тутмаган эдим, деяётганини, фосиқнинг эса ҳар қадамини ўзини маломат қилмай босаётганини кўрамиз».
Маймувн ибн Муҳрон раҳимаҳуллоҳ айтди: «Банда нафсини шерикнинг шеригига қилган сарҳисобидан кўра қаттиқроқ сарҳисоб қилмагунича тақводор бўла олмайди».
Бу назорат бизга инсоннинг барча ишлари Аллоҳнинг олдида очиқ намоён эканини ҳамда унинг ҳеч бир тарафга боқа олмаслигини сездиради. Сиз, Аллоҳ таолонинг бизга қилган нидосига қулоқ солинг:
«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!» (Анфол, 27).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтди: ««Омонатларингизга хиёнат қилмангиз!» (Анфол, 27): омонат – Аллоҳ таоло бандаларига омонат қўйган амаллар – суннатлардир ва уларга хиёнат – Аллоҳнинг маъсиятини қилишдир».
Суддий раҳимаҳуллоҳ айтди: «(Бандалар) Аллоҳ ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хиёнат қилсалар, омонатларига хиёнат қилган бўладилар».
Даъватни етказиш омонат эканида ҳеч шубҳа йўқ. Шунинг учун даъватчи даъватни Қуръон ўргатган услубда ҳикмат, гапиришда насиҳат ва гўзал нарсалар билан мунозара қилиш услубида олиб бориши вожибдир.
Даъватчи даъватида самимий бўлса, риёкорлик, хўжакўрсинлик ва ўзини кўрсатишдан қутилади.
Алий разияллоҳу анҳу айтди: «Риёкорнинг тўрттта аломати бор: ёлғиз қолса танбаллашади, одамлар ичида фаоллашади, мақтов эшитса амални кўпайтиришга, эшитмаса камайтиришга ҳаракат қилади»;
«Амалнинг озига эмас, қабул бўлишига эътибор беринглар!».
Агар даъватчида ушбу хулқ тўкис бўлса, уни имкониятида бўлган барча нарсасини Аллоҳ йўлидаги даъватда сарф этишга ундайди ҳамда Аллоҳнинг мадади, қуввати, тавфиқи ва нусратига сабаб бўлади–да, нажот ва муваффақият юзага келади.
«Биз Ислом дини ва даъвати учун ҳаракат қилмоқдамиз!» дея ҳайқираётган даъватчилар ўзларини текшириб кўришлари шарт: Улар ҳақиқатан ҳам йўлда тўғри қадамларни ташлашаяптими ёки дунё ва мансаб илинжидамилар?!
Вазифалари уларга қилаётган ишлари, фидойиликлари ва ажралиб туришлари Аллоҳ учун эканини кўнгилларининг тубларида ҳис этишни масъулият қилиб юклайди.Аллоҳ таборака ва таоло бу ҳақда шундай дейди: «Мен шериклардан бутунлай беҳожат бўлган Зотман. Мен билан бирга бошқасини бирон ишда шерик қилган одамни қилган шериги билан ташлаб қўяман» (Имом Муслим).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла айтди: Мен шериклардан бутунлай беҳожат бўлган Зотман. Ким Менга бошқани шерик қилиб амал қилса, Мен ундан безорман ва у (ўзи) ширк келтирган Зотникидир» (Ибн Можа).
Баъзи донолар шундай дейишган: «Ибодатларни риёкорлик ва бошқалар эшитиши учун қилган одамнинг мисоли, бозорга чиқиб чўнтагини тошлар билан тўлдирган ва одамлар: Бу одамнинг чўнтаги нақадар қаппайган экан–а?!, деган одамга ўхшайди. Унга чўнтагини қаппайтириши ҳақида одамларнинг гапирган шу гапидан бошқа бирон манфаат йўқдир».
Даъват, фақатгина, Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун бўлиши шарт!
Биз мисол ўлароқ олган ҳадис булоғидан отилган буюк маънолар, даъватчилардан талаб қилинган катта ишоратлар: Биз нега курашаяпмиз?!,– деган савол олдида бир оз тўхташдир.
Жонлари, вақтлари, қаламлари, хутбалари билан курашаётган, кучларини аямаётган ва фидоийлик кўрсатаёган даъватчиларга қуйидагича жавоб бордир:
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Қаҳрамонлик кўрсатиш, ҳамият ва риёкорлик учун жанг қилаётган одамлар ҳақида савол берилди ва: Буларнинг қайси бири Аллоҳнинг йўлидадир?,– дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволга: «Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун жанг қилган киши, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлидадир!»– деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таоло: «Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз»– деди (Исро, 18). Яъни, ким қилаётган амали билан дунёни назарда тутиб, охират савобини хоҳламаса, бу дунёда хоҳлаган бандамизга истаганича дунё матоларини берамиз...
Салафлардан бири шундай деди: «Ким ихлоссиз тер тўкса, қилган иши фойда бермайди».
Бошқаси эса бундай деган: «Амал қилсанг ихлос қил! Амалларингга бутунлигича қарама! Ҳолингга войлар бўлсин, Аллоҳ таоло амални махлуқларини назарда тутиб эмас, Аллоҳни назарда тутиб қилинсагина қабул қилади! Ҳолингга войлар бўлсин, сен махлуқларни назарда тутиб эмас, Аллоҳни назарда тутсанггина қабул қилади!».
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтди: «Содиқ бўлмаган одамга: «Муқояса эта олмади!»– денглар».
Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ айтди: «Салафлардан бири йигирма йил (Аллоҳ учун) йиғлаган бўлсада, ёнидаги хотини уни эшитмаган».
Шунинг учун ихлоснинг давоси нафс насибасини синдириш, дунёга бўлган тамаъдан қайтариш ва қалбга ғолиб бўладиган даражада охиратга берилишдир. Чунки у, ихлосни оснлаштиради. Одамлар қийналадиган қанча амаллар борки, улар бу амали билан Аллоҳ таолога холис эканини гумон қилади ва алданади. Чунки у, бу ишдаги офатни кўра олмайди.
Аллоҳ йўлига чорлаётган даъватчи, даъвати Роббул оламийн бўлган Аллоҳ таолога холис бўлиши учун бу нозик мавзуни текшириб туриши ва доим: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир» (Шуаро, 109) оятини эслаб юриши керак.
Ва яна шундай деймиз: даъватчи нийяти Аллоҳ учун бўлмаса бирон мунозарани бошламаслиги лозим. Мақсад, мунозара муносабати билан ўз маҳоратини кўрсатиш эмас. Бунга табиий ўлароқ, самимий нийятни бузадиган барча нарсадан эҳтиёт бўлиши ҳам керак. Шу боис даъватчининг мунозарани бошлашдан илгари нийятини текшириб кўриши ва: Бу мунозарадаги нийятим Аллоҳ учун холисми? Бу мунозара ... ми ёки ... ми?,– дея савол бериши керак.
Агар даъватчи мунозара асносида нафсининг ўзгаргани, жанжал ва тортишув, ўжарлик ва душманлик муҳитига киргани ва нийяти Аллоҳдан бошқасига айланганини ҳис этса, мунозарани давом эттиришдан воз кечиб, уни тўхтатиши шартлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Ихлоснинг фойда ва самаралари
Ихлоснинг энг катта самараси, Аллоҳ розилигининг қўлга киритишдир: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)»» (Каҳф, 110).
Яъни, Аллоҳ таолога яхшилик, неъмат ва ризоси билан дуч келишни орзу қилган банда, ихлос қилиши керак. Агар Аллоҳ таоло сиздан рози бўлса, қуйидаги самараларни қўлга киритасиз:
1) Раббоний мадад.
2) Машаққат ва қийинчиликлардан қутилиш.
3) Устиворлик, хотиржамлик ва қалб таскини.
4) Мухлис одам атрофидаги кўнгиллар бирлиги.
Абу Зарр разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Биров яхшиликларни қилса, одамлар уни мақташади. Сиз бунга нима дейсиз?,– деб савол берилганида: «Ўша, мўъмин муждасининг нақдидир»– деб жавоб бердилар (Имом Муслим).
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мен намоз, рўза, хомушлик, ўзи ва либосидаги хушуси кўп бўлган, бироқ, кўнгиллар қолган, қалбларда ўрин ола олмаган инсонларни ҳам, башанг кийинган, нафл ибодатларни кўп қилмаган ва хушуси бўлмасада, кўнгиллар унинг муҳаббати билан яйраган одамларни ҳам кўрдим. Сўнгра, бунинг сабаби нимада эканини текшириб, унинг сабаби ички дунё эканини топдим. Чунки ички дунёсини ислоҳ қилган одамнинг фазилати ширин ҳидларни таратади ва кўнгиллар унинг бўйига талпинади. Ички дунёга жуда ҳам эҳтиёт бўлинглар! Чунки унинг бузилиши билан ташқи кўринишларнинг салоҳияти фойда бермайди».
5) Ҳикмат, тўғри фикрлилик, ишларга тўғри баҳо бериш қобилиятига эга бўлиш. Аллоҳ таоло айтди:
«Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, У, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур» (Анфол, 29).
6) Расво ва шармандаликдан қутилиш сабаби. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким (амалини) эшиттирмоқчи бўлса Аллоҳ унинг донғини таратади. Ким кўрсатмоқчи бўлса, Аллоҳ уни кўрсатиб қўяди» (Муттафақун алайҳ).
7) Нийят ёмонликдан саломат бўлса, аъзоларнинг барчаси ёмонлик ва гуноҳга журъат қилишдан тийилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Унутманглар, танада бир аъзо борки, у тузалса бутун тана тузалади. Агар у бузулса бутун тана бузилади! Унутманглар, у – қалбдир!» (Муттафақун алайҳ).
8) Нийятни яхши қилиш билан даъватчининг гаплари пурмаъно бўлади. Оғзидан одамларни жамлайдиган пурмаъно гавҳарлар чиқади. Салафлардан бири бу ҳақда шундай деган: «Ички дунёнинг тўғри бўлса, тилинг пурмаъно бўлади».
Ҳурматли биродар, Аллоҳ таолога етишиш учун Аллоҳга ихлос ила Аллоҳнинг баракалари билан йўлда давом этинг! Нийят холис бўлса Аллоҳ сиздан рози бўлиб, мукофотларини мўл қилади ва устингиздан неъматларини ёғдириб, сизга иззату икромларда бўлади. Яхшиликларингиз ҳам ортиб боради, ёмонликлар эса ўчирилади ва сиз қуйидаги сўзларни эшитасиз:
«Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» (Зумар, 73).
Муаллиф: Шайх Аҳмад Саййид
Абу Жаъфар ал–Бухорий таржимаси