Сўнгги ўн йилликларда аҳолининг тез ўсишини ушлаб туриш учун курашаётган ХХРда туғилиш кўрсаткичлари ҳозирда энг паст даражага етди. Аҳоли қариб бормоқда ва ҳукумат бу трендни ўзгартириш учун кескин чоралар кўрмоқда.
Соғлиқни сақлаш ходимларининг тавсияларига кўра, Хитойда ҳомиладорликни фақат тиббий сабабларга кўра тўхтатиш мумкин бўлади. Хитой ҳукумати, шунингдек, оналар учун ижтимоий ёрдамни кенгайтириш ва туғилишни даволаш усулларини янада қулайроқ қилишни ваъда қилмоқда.
Миллий комиссия янги чора "аҳолининг узоқ муддатли мувозанатли ривожланиши"га ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
Бу йил Хитойда туғилиш кўрсаткичи энг паст даражага тушиши, мамлакатда 10 миллиондан кам бола туғилиши кутилмоқда (ўтган йили Хитойда 10,6 миллион бола туғилган, бу ўтган йилга нисбатан 11,5 фоизга кам).
БМТ прогнозларига кўра, 2023 йилда Ҳиндистон Хитойни ортда қолдириб, дунёдаги энг кўп аҳолига эга давлатга айланади.
Гуттмахер институти (Guttmacher Institute – репродуктив саломатликни ўрганиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланувчи НТТ) маълумотларига кўра, шу пайтгача Хитой абортлар сони бўйича дунёда етакчилардан бири бўлиб келган. Институт маълумотларига кўра, Хитойда режалаштирилмаган ҳомиладорликнинг қарийб 78 фоизи аборт билан якунланади (жаҳон ўртача 61 фоиз).
Хитой расмийларига кўра, 2015 ва 2019 йиллар оралиғида Хитойда ҳар йили ўртача 9,5 миллион аборт содир бўлган. Гутмахер институти худди шу даврдаги абортлар сонини ҳар йили 17,7 миллион деб баҳолайди.
Хитой, шунингдек, ўғил болаларни афзал кўриш туфайли жиддий гендер номутаносиблигидан азият чекмоқда: ўтган йили мамлакатда эркаклар аёлларга қараганда 37 миллионга кўп эди.
Хитойда туғилишнинг камайиши аҳолининг демографик қаришига олиб келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти маълумотларига кўра, Хитой аҳолиси 2025 йилга бориб камайишни бошлайди.
1980 йилдан 2015 йилгача Хитойда бир бола сиёсати мавжуд эди. 2016 йилда ХХР ҳукумати оилаларга икки нафаргача фарзанд кўришга рухсат берган бўлса, беш йилдан сўнг оиладаги рухсат этилган болалар сони уч нафарга кўпайтирилди.
Янги қўлланма яна нима беради?
Туғилиш даражасини ошириш бўйича янги сиёсат доирасида расмийлар аёллар учун тиббий суғуртани яхшилаш, туғруқ таътилини ошириш ва учинчи ва кейинги бола учун қўшимча маблағ ажратишни ваъда қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш ходимлари ёрдамчи репродуктив технологияларни миллий тиббиёт тизимига киритишни режалаштирмоқда. ЭКУ каби технологиялар одатда Хитойда жуда қиммат ва турмушга чиқмаган аёллар учун мавжуд эмас.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, абортни тақиқлаш миллионлаб аёлларга салбий таъсир кўрсатади.
"Гап аёлларнинг репродуктив ҳуқуқлари ва тана автономиясининг бузилиши ҳақида кетмоқда, - деди Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ХХР бўйича эксперти Алкан Акад. - Бировни ўз хоҳишига қарши бола кўтаришга мажбурлаш - ҳар қандай сабабга кўра - инсон ҳуқуқларини тўғридан-тўғри бузишдир."
"Хитой ҳукумати одамлар ҳаётини ҳурмат қилиши ва уларнинг жинсий ва репродуктив ҳуқуқлари устидан тажовузкор ва жазо назоратини тўхтатиши керак", дея қўшимча қилди Акад.