loader
Foto

Юнус сураси, 35-39 ("Тафсири Ҳилол"дан)

 Инсон бу дунёда кимга эргашса, тўғри йўлда юрган бўлади ва икки дунёнинг бахт-саодатига эришади? Мушрик ва кофирлар эргашаётган буту санам ва бошқа нарсалар ҳидоятга – тўғри йўлга бошлай оладими? Улар Пайғамбар юбориб, китоб нозил қилиб, инсонларни тўғри йўлга йўллаб, икки дунё бахти билан таъминлай оладиларми? Оятда ушбу масалалар кўндаланг қўйилмоқда.

«Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми?» деб айт», деган илоҳий амр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилмоқда. Қани, ким жавоб беради? Инсон ўз қўли билан ясаб олган ҳайкаллар, бут-санамлар ҳаққа ҳидоят қила олмаслигини уларни ясаганлар ҳам, уларга чўқинганлар ҳам яхши биладилар.

Кейинчалик бу содда кўриниш анча мураккаблашди. Ўтмишдаги бут-санамлар эндиликда турли доҳийлар, сиёсий-ижтимоий фирқалар ва тузумлар шаклига кирди. Уларнинг ҳар бири, мен ҳаққа ҳидоят қиламан, деб жар солди. Лекин ҳаммаси бирин-кетин муваффақиятсизликка учраб, йўқ бўлиб кетди ва кетмоқда. Бизнинг асримизда бунга коммунистик тузум яққол мисолдир. Вақтида коммунистлар бутун дунёга жар солиб: «Фақат бизгина инсониятни ҳалокатдан қутқарамиз, фақат бизгина тўғри йўлга бошлаймиз. Фақат бизгина инсонларга бахт-саодат берамиз, уларни ер юзидаги жаннатга – коммунизмга эриштирамиз», дейишган эди. Аммо натижа тамомила аксинча бўлиб чиқди. Коммунистлар ва уларнинг низом-мафкураси туфайли инсоният ўз тарихида кўрмаган бадбахтликларга, қийинчиликларга, ваҳшийликлар ва турли бало-офатларга йўлиқди. Охир-оқибат коммунистлар хатоларини тан олишга мажбур бўлдилар. Энди эса, бошқалар шунга ўхшаш даъволарни қилмоқдалар. Аммо бу ҳам вақтинчалик, қолганлар ҳам бир кун келиб хатоларини тушунадилар. Чунки, инсоният ҳақ йўлдан юрсагина, икки дунё бахтига эришади. Ҳақ йўл эса, фақат биттадир. Зеро, фақатгина:

«Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қиладир».

Инсонни яратган ҳам, борлиқни яратган ҳам Аллоҳ. Шу инсон шу борлиқда қандай қилиб ҳаққа эришишини, қандай қилиб икки дунё бахтига муяссар бўлишини ҳам ёлғиз Аллоҳ билади. Шу боисдан, У зот бандаларига Пайғамбар юбориб, илоҳий китоб тушириб, уларни ҳаққа ҳидоят қилиб туради. Фақат Аллоҳнинг ҳидоятига эргашганларгина саодатга эришадилар. Бошқага эргашганлар саодатдан маҳрумдирлар. Келинг, ақлни ишлатиб ўйлаб кўрайлик: кимга эргашиш кераг-у, кимга эргашмаслик керак?

«Эргашмоқликка ҳаққа ҳидоят қиладиган Зот ҳақлироқми ёки ҳидоят қилмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож кимсами?»

Албатта, эргашмоқликка ҳаққа ҳидоят қиладиган зот ҳақлидир. Бу зот эса, шубҳасиз, Аллоҳ таолодир. Шундай экан, эй одамлар, нима учун унга эргашмайсизлар:

«Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?!»

Ушбу нидо бугун дунёдаги барча инсонларга қаратилгандир.

Чунки ҳозирги одамлар кимга, нимага эргашаётганларини билмайдилар:

36. Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи Зотдир.

Аллоҳнинг йўлида юрмаганларнинг кўплари, балки ҳаммалари гумон ва тахминга эргашадилар. Улардан, нима учун бу ишни қилмоқдасан, нима учун бу йўлга юрмоқдасан, деб сўралса, берадиган жавоблари фақат гумондан иборат бўлади. Ҳа,

«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос».

Қадимда бутпарастлар, ота-бобомиз шундай қилган, биз ҳам қилмоқдамиз, деб жавоб беришган. Ҳозирда ҳам фалончи айтгани учун, пистончи қилгани учун, дейишади.

«Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас.»

Баъзи бировлар «коммунистик ғоя» деган сафсатани ўйлаб чиқарган кишиларни ҳам, уларга эргашганларни ҳам хатодан холи деб гумон қилиб юрдилар. Лекин гумонларининг ҳеч бири ҳақ бўлиб чиққани йўқ. Ҳамма гаплари ёлғон ва нотўғри экани исбот бўлди. Иншоаллоҳ, бошқалари ҳам исбот бўлади.

«Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи Зотдир.»

Кейинги оятларда Аллоҳ таоло инсониятни ҳидоятга бошлаш учун нозил этган Қуръони Каримнинг ҳақлиги баён қилинади:

37. Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Ва лекин у ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. У оламларнинг Роббисидандир.

Қуръони Каримнинг сўз ва маъно жиҳатини ҳам, ҳукм ва ҳи-доят жиҳатини ҳам, тарихий ва воқеий жиҳатини ҳам, қисқаси, ҳеч бир жиҳатини Аллоҳдан бошқа зот яратишга қодир эмас. Ҳа,

«Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас».

Бундай китоб фақат оламларнинг Робби Аллоҳ томонидан бўлиши мумкин, холос. Қанча-қанча одамлар Қуръоннинг ўзини эмас, Қуръонга ўхшаш нарсани яратишга уриндилар. Аммо уларнинг ҳеч бири Қуръо-ни Карим у ёқда турсин, лоақал унинг бир оятига ўхшаш жумлани ҳам келтира олмадилар. Ўшаларнинг кўплари иймонга келиб, аҳли Қуръон бўлдилар. Қуръоннинг соҳиби эса, Аллоҳ, фақатгина Аллоҳдир.

Шу билан бирга, унинг бошқа сифатлари ҳам бор. Шулардан бири:

«Ва лекин у ўзидан олдингининг тасдиғи»дир.

Яъни, Қуръон ўзидан аввалги Пайғамбар алайҳиссаломларга келган барча китобларнинг ҳақлигини тасдиқловчи китобдир. Яна у:

«китобнинг тафсилотидир».

Яъни, аввалги барча илоҳий китоблардаги маъноларнинг муфассал баёнидир.

38. Ёки ўзи тўқиб олган дерларми? Сен: «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва (бу ишга) Аллоҳдан бош-қа, кучингиз етганича, кимни хоҳласангиз, чақиринг», деб айт.

Гапнинг хулосаси – шу. Чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Модомики, кофирлар Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқарган, дейишаётган экан, демак, уни бошқа бир инсон ҳам ярата оларкан-да?! Уларнинг сўзларидан шу маъно чиқади-да. Эй, Пайғамбари охири замон! Сен ўша «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган» деб айтаётган кофирларга:

«Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва (бу ишга) Аллоҳдан бошқа, кучингиз етганича, кимни хоҳласангиз, чақиринг», деб айт.

Ҳа, агар шундай бўлса, ўзлари Қуръони Каримнинг ҳаммасини эмас, ҳеч бўлмаса биттагина сурасининг ўхшашини тўқиб келтирсинлар. Озчилик бўлсалар, хоҳлаганларича ёрдамчи чақираверсинлар. Бутун дунё бир бўлиб уринсалар-да, Қуръони Каримдаги энг кичик суранинг ҳам мислини яратишга қодир эмаслар.

Бу таклиф воқеликда бўлган. Уни бажаришга уриниб кўрган кофирлар ҳам бўлганлар. Аммо улар ҳеч нарсани эплай олмаганлар. Бу собит ҳақиқатдир. Асрлар, йиллар, ойлар ва кунлар ўтиши билан Қуръони Каримнинг илоҳий мўъжизалиги тобора аёнлашиб бормоқда. Илм-фаннинг ривожланиши бунга сабаб бўляпти. Кўпгина илм эгалари иймонга келиб, Исломни қабул этмоқда. Улар «Нима учун мусулмон бўлдингиз?» деган саволга, «Қуръонни ўқиб чиқдим, бундай китобни Аллоҳнинг Ўзи яратмаса, инсон зоти тўқиб чиқара олмайди, деган фикрга келдим ва мусулмон бўлдим», деб жавоб бермоқдалар. Аммо, қадимда бўлганидек, ҳозир ҳам кўпчилик бу илоҳий китобни ўқимай ёки уни инсоф ила ўрганмай туриб, инкор қиладилар. У ҳақида турли бўлмағур гаплар айтадилар. Ҳаммаларининг – аввалгиларнинг ҳам, кейингиларнинг ҳам Қуръони Карим ҳақидаги гаплари нотўғридир.

39. Балки, улар ўзлари илмини билмаган нарсани, уларга унинг таъвийли етмай туриб, ёлғонга чиқардилар. Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғонга чиқарган эдилар. Золимларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.

Йўқ! Улар айтган гап тўғри эмас. Улар Қуръон илмига эга бўлмай, уни етарлича ўрганмай туриб, у ҳақида ёлғондан гапирадилар. Уларга Қуръон оятларини таъвийл қилиш, тушуниш илми етиб келгани йўқ. Шунга қарамай, Қуръон ҳақида ўзларича гапираверадилар.

«Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғонга чиқарган эдилар».

Аллоҳга ва У зотнинг каломига қарши чиққанларнинг гапи дои-мо ёлғондир. Улар золимлардир.

«Золимларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.»

Албатта, уларнинг оқибати яхши бўлмаган.

Кўпчилик фақат гумонга эргашади, баъзилари Қуръон ҳақида илми бўлмаса ҳам, ёлғон гапни гапираверадилар, баъзилари эса, унга иймон келтиришлари мумкин.

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Маъбудларни рад этиш

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР