loader
Foto

“Кинжал”лар кўчирилгандан кейин Польша Россияга НАТОнинг 5-моддасини эслатиб қўйди

Полша ҳукумати Россиянинг “Кинжал” гипертовушли ракеталарининг Калининград вилоятига кўчирилишига муносиб жавоб қайтаради. Польша давлати коллектив хавфсизлик тамойили амал қиладиган НАТОга аъзолиги туфайли ташқи таҳдидлардан тўлиқ ҳимояланган.

Бу ҳақида Польша мудофаа маҳкамаси раҳбари ўринбосари Войцех Скуркевич Россиянинг Калининград яқинидаги ҳарбий маневрларини изоҳлар экан, дея маълум қилди PAP.

Амалдорнинг сўзларига кўра, Польша томони Шимолий Атлантика альянсидаги иттифоқчилари билан бу борада доимий маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Москванинг қадамларига жавоб адекват бўлиб қолади.

"Агар бирон бир таҳдид туғилса, Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси мавжуд бўлиб, у қўлланилади", - деди вазир ўринбосари.

Амалдорнинг қўшимча қилишича, Польшанинг шимоли-шарқий ҳудудларида узоқ вақтдан бери НАТОнинг шарқий қанотидаги мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Масалан, у ерда иттифоқчи қўшинлар жойлаштирилган ва мунтазам равишда машғулотлар ўтказилади.

Шу ҳафтада Россия томони Калининград вилоятига “Кинжал” ракеталари билан жиҳозланган учта товушдан тез учувчи Миг-31 қирувчи самолётини ўтказгани маълум бўлди. Москва бу қадамни "стратегик тўхтатиб туриш" зарурати билан изоҳлади ва “Кинжал”лар ҳар қандай ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига дахлсиз эканлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, россиялик диверсант ва жангари, ФСБ собиқ полковниги Игорь Гиркин (Стрелков) уруш бўлган тақдирда Калининградда рус қўшинларининг мағлубиятини башорат қилган эди.