Сауд Қаҳтоний октябргача қирол маслаҳатчиси бўлган ва шу ой лавозимидан четлатилиб, журналист Жамол Хашукджининг ўлдирилиши муносабати билан АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар рўйхатига киритилган.
Манбалар берган маълумотларга кўра, хавфсизлик кучлари вакиллари бўлган бир гуруҳ эркаклар қўлга олинган аёл ва унинг учта дугонасини май ойидан августгача бўлган даврда жинсий зўрлаган, электр токи билан қийнаган ва савалаб келган. Воқеа Жидда шаҳридаги норасмий тергов изоляторида рўй берган, хабар беради Al Jazeera.
6 кишидан иборат бўлган гуруҳ оддий терговчилардан фарқ қилган – улар ўша пайтда Қаҳтоний раҳбарлик қилган киберхавфсизлик, дастурлаштириш ва дронлар бўйича ташкилотда хизмат қилган.
Қаҳтоний «хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид»да айбланган бу аёллардан камида биттасини қийноққа солиш пайтида иштирок этган.
Аввалроқ Истанбул бош прокурори бошқармаси Хашукджини ўлдириш ташкилотчилари Сауд Қаҳтоний ва Аҳмад Асирий бўлиши эҳтимоли юқори эканлигини ва уларга нисбатан ҳибсга олиш ҳақида ордер берилганини маълум қилганди.