loader
Foto

Россияга етказиб берилган Эрон учувчисиз учиш аппаратлари ишдан чиқмоқда

Аммо муаммо юз берди. Россия аллақачон учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишда кўплаб техник муаммоларга дуч келди, уларнинг баъзилари эса ишдан чиққан. Бу ҳақида АҚШ ҳукуматидаги манбаларга таяниб, The Washington Post нашри хабар бермоқда.

Россия ҳарбийлари қандай муаммоларга дуч келгани аниқланмаган. АҚШ разведка манбаларининг таъкидлашича, "Эрон тизимида бир нечта хатолар бор", шунинг учун "руслар норози".

Россия делегацияси Эрондаги учувчисиз учиш аппаратлари базаларига камида икки марта ташриф буюрган, бироқ икки томон ҳам шу пайтгача дронларини сотиб олиш бўйича келишувни рад этган.

Айни пайтда WP нашрининг ёзишича, Теҳрон Россияга радарлар, артиллерия ва бошқа ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун ўқ-дориларни олиб юришга қодир Mohajer-6 ва Shahed серияли дронларни етказиб берган.

Москва Эрон учувчисиз учиш аппаратлари Украинага қарши урушда ёрдам беришига умид қилмоқда. АҚШ аввалроқ Эронга уларни етказиб бермаслик ҳақида огоҳлантирганига қарамай, Россия юзлаб дронларни қабул қилиб олган.

Манбаларнинг қўшимча қилишича, бу кутилаётган етказиб беришлардан бири холос. WP маълумотларига кўра, россиялик операторлар энди Эронда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш бўйича ўқитилмоқда.

Шарҳловчилар фикрича, Путиннинг июль ойида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий билан учрашуви Теҳроннинг Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаши масаласини ҳал қилишда муҳим роль ўйнаган.

Россия вакиллари 2022 йил ёзида Эрон марказий аэродромига камида икки марта жанговар учувчисиз учиш аппаратларини текшириш учун ташриф буюрган, деб хабар берди CNN эксклюзив сунъий йўлдош суратларига таяниб.

Июнь ва июль ойи бошида Эрон Теҳрон жанубидаги Кошан аэродромида Россияга Shahed-191 ва Shahed-129  дронларини намойиш қилди.

Эрон Россияга Ироқдан ўқ-дорилар ва ҳарбий техника контрабандаси олиб кираётгани ҳақида апрель ойида The Guardian нашри хабар берган эди. Етказиб беришлар орасида танкга қарши ракета тизимлари, Бразилияда ишлаб чиқарилган кўп учирувчи ракета тизимлари (Astros II) ва реактив гранаталари мавжуд.

Суҳбатдошга кўра, эронликлар Москвага Россиянинг С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг аналоги бўлган Эронда ишлаб чиқарилган Bavar-373  ракета комплексини топширган.