loader
Foto

Ким ўтган уламолар ҳақида ёмон сўз айтса, у мусулмонлар йўлидан чиққандир

Шарҳ: Яъни, саҳоба ва тобеъийнлардан бўлган уламолар аҳли хайр, аҳли ҳақ ва аҳли саодатдирлар. Динни, Аллоҳнинг китобини, Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини тарғиб қилганлардир. Шунингдек, улар фуқаҳолардир.

Улар фақат гўзал мақтов ила эсланурлар. Ким уларни ёмонлик билан зикр қилса, ундоқ одам мўминлар йўлида эмас.

Далил:

1-«Ким ўзига ҳидоят аён бўлганидан кейин Расулга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқага эргашса уни бурилган нарсасига йўллаймиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон қайтар жой». (Нисо: 115)

Мўминларнинг йўли салаф уламоларга муҳаббат қилишдир.

2-Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асрларнинг яхшиси менинг асримдир. Сўнгра ундан кейин келадиганлари. Сўнгра, унлан кейин келадиганлари»-деганлар.

Салафи солиҳ уламоларнинг барчалари Пайғамбар алайҳис саломга эргашиш вожиблигига шубҳасиз иттифоқ қилганлар.

Лекин, улардан бирорталари бирор ҳадисни тарк қилган бўлсалар, албатта, узрлари бўлади. Бу узрлар эса уч турли бўлади:

1. Ўша ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлмаган, деб эътиқод қилиш.

2 Ўша ҳадисда, бу масала ирода қилинмаган, деб эътиқод қилиш.

3. Мазкур ҳадиснинг ҳукми мансух бўлган, деб эътиқод қилиш.