loader
Foto

Ҳалокатга юз тутган учувчиларнинг сўнгги сўзлари…

2016 йил 25 декабрда Ту-154 самолёти ҳалокати олдидан самолётдаги овоз ёзиш ускуналари учувчиларнинг охирги сўзларини ёзиб қолган: “Ёпқичлар, [беҳаё сўз], бу қандай [беҳаё сўз] !!! Алтиметр! Бизни… [беҳаё сўз]. Командир, биз қулаяпмиз!”.

1995 йил 20 декабрда Колумбиянинг Кали шаҳрига учаётган American Airlines ширкатига қарашли Боеинг 757 самолёти тоғга урилиб 160 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди. 4 кишига жон сақлаб қолган. Учувчиларнинг охирги сўзлари эса қуйидагича бўлган: “Ээээ… Биз қаердамиз? Қаерга учяпмиз?”. Тизим баландлик йўқотилгани ва ерга хавфли қулаш ҳақида маълумот беради. “О, [беҳаё сўзлар], кўтарилсанг-чи, жонгинам. Секин. Секин. Яна. Яна. Яхши, тепага. Тепага. Тепага.” Бу ҳолатда ҳам америкалик учувчиларнинг ўлим олдидан беҳаё сўзлар билан сўкинганларига гувоҳ бўламиз.

2011 йил 7 январда Ярослав хоккей жамоасини олиб кетаётган Як-42 самолёти қулаганда ҳам, учувчиларнинг айтган сўзлари ўта ҳаёсиз лекcикадан иборат бўлгани одамнинг эътиборини тортади. Халқаро Авиация Қўмитасининг илмий-техник комиссияси раҳбари Виктор Трусовнинг хабар беришича, “Ҳеч бир россиялик учувчи ўлимидан олдин дуо қилмаган. Ҳаммаси бир хил сўкинади: “[Беҳаё сўз]!””

Гувоҳи бўлганингиздек, учувчиларнинг аксари ўлими олдидан сўкинишга мойил бўлади ва бу қуйидаги ўринли саволни юзага келтиради. Учувчиларнинг ҳаётларининг сўнгги лаҳзаларида ўзларини бундай тутиши руҳий ожизликнинг белгисими, бундай фалокатлар хулқ-атворга кўзгу солувчи бир ҳолатми, ёхуд инсон ҳаётида такрорлаб ўрганиб қолган сўзларнинг ҳаёт интиҳоси бўсағасида яна бир бор ўзини намоён этишими?

Бундай ҳолатларда лексикондаги “ажабтовур” сўзларнинг бўй кўрсатиши нимадан далолат бериши шахсан мен учун жуда ҳам қизиқ. Мисол учун, рус тилидаги беҳаё сўзларнинг тарихи мажусий славянлар даврига бориб тақалади.

Pус филологи, тил ва маданият тарихчиси Б.А. Успенскийнинг таъкидлашича, славян бутпарастлари орасида беҳаё сўзлар алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Бундай сўзлар бир қатор маросимларнинг ажралмас қисми сифатида эътироф этилган – никоҳ ва қишлоқ хўжалигига алоқадор, яъни турли шакллардаги “унумдорлик”ка алоқадор бўлган маросимларнинг муҳим элементи ҳисобланган.

Европада эса “profanity” номи остида эътироф этиладиган бундай сўзлар жамланмасининг тарихи ҳозирда мавжуд расмий маълумотларга кўра, 1450-йиллардаги классик Лотин тилига бориб тақалади ва бу сўз ўша даврда “муқаддас нарсани таҳқирлаш” деган маънони англатган.

Кил Университети (Буюк Британия) тадқиқотчилари Стефенс, Аткинс ва Кингстонларнинг аниқлашича, сўкиниш жисмоний оғриқ таъсирини камайтирар экан. Стефенс эса бирор ерини уриб олганларга оғриқни камайтириш учун шахсий тавсия сифатида сўкинишни маслаҳат берган. Ажойиб “маслаҳат”!

Юқоридаги ҳолатдан ташқари, беҳаё сўзларнинг ишлатилиши нутқий зўравонлик билан ҳам боғлиқ. Мисол учун, суҳбатдошига ўз қарашларини сингдириш, ёки уни таҳқирлаш, уни бирор ишни қилишга мажбур қилмоқчи бўлганлар, унинг қаршиликка мойиллигини синдириш мақсадида, унинг маънавий қадриятларини ҳақорат қилиб беҳаё сўзлардан фойдаланади. Беҳаё сўзларни бу мақсадда тарихда жанг олдидан жангчилар ўз рақибини ҳақорат қилиш учун ишлатишган.

Тарихан кундалик турмушнинг ажралмас қисми бўлиб келган ва ҳатто учувчилар ўлимидан олдин “айтиб қолиш” тараддудида бўладиган бу сўзлар ва шунга ўхшаш ҳолат мусулмон учувчилари орасида кузатилмайди. Уларнинг ўлимидан олдин Аллоҳ таолони ёдга олиши, Унинг буюклигини эътироф этиши ҳақиқатан эътиборга молик бир ҳолат. Масалан, 2014 йил 28 декабрида ҳалокатга учраган Малайзиянинг AirAsia авиакомпаниясига қарашли Боеинг самолёти учувчиси самолёт ҳалок бўлиши аниқ бўлгач, “Аллоҳу акбар” (Аллоҳ буюк) дея ўлимни қарши олган.

Исломофоблар эса унинг бу сўзларини суиқасдга йўйиб, уни мутаассиб гуруҳ аъзосига чиқариб, ҳалокатни онгли равишда амалга оширганликда айблашди. Pасмийлар бу таъмаларни инкор этиш мақсадида ҳаттоки охирги бир ярим дақиқада бўлиб ўтган суҳбатнинг аудиоёзувини омма эътиборига тақдим қилишди. Аудиоёзувда учувчиларнинг ҳалокатни олдини олишга уринишлари ва қўлларидан келган барча чораларни қўллаганликлари аниқ ва тиниқ эшитилиб туради.

Шунингдек, яқинда содир бўлиб ўтган авиаҳалокатда ҳалок бўлган покистонлик машҳур воиз Жунайд Жамшид ўлимидан олдин Аллоҳнинг буюклигини қайта қайта такрорлаган ва ўлимига шу тариқа ҳозирлик кўрган.

Ҳозирда кундалик турмушда мунтазам ишлатиладиган ва ҳеч қандай чегара билмайдиган беҳаё сўзлар кўплаб инсонлар лексиконининг ажралмас қисмига айланиб қолган. Юқорида биз кўриб ўтган ҳолатлар дунё бўйлаб кенг муҳокама қилинган воқеалардан олинганлиги учун ҳам учувчилар ҳаётларининг сўнгида ўлимни қандай сўзлар билан қарши олганликларини билиш имконияти бор. Аммо бу ҳаётда биз билмаган яна қанчадан-қанча инсонлар бордирки, уларнинг ҳам ўлими мана шундай қарши олинган.

“Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас” деганларидек, инсон ҳаёти давомида нимани кўпроқ зикр қилса, бу омонат жонини топшираётганида ҳам балки ана шу сўзлар унга ҳамроҳ бўлар.

Сиз учун ҳаётингизда нима муҳим эканлиги ва кетар чоғингизда сизга қандай сўзлар ҳамроҳ бўлиши кераклиги ҳақида эса ўзингиз хулоса қилиб олаверинг.

IslamNews маълумотлари асосида

Жавоҳир тайёрлади