loader
Foto

Полша АҚШ билан ядровий қуролдан биргаликда фойдаланишга рози

Полша Россия Федерацияси томонидан ортиб бораётган таҳдидларга қарши туриш учун АҚШ билан ядровий алмашиш дастурида иштирок этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Бу ҳақида Полша президенти Анжей Дуда "Gazeta Polska"га маълум қилди.

"Биринчи муаммо шундаки, бизда ядро қуроли йўқ. Биз, Полша, яқин келажакда уни қўлга киритишимиз ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ. Ядро алмашиш дастурида иштирок этиш учун ҳар доим потенциал мавжуд. Биз Америка раҳбарлари билан Қўшма Штатлар бу имкониятни кўриб чиқяптими ёки йўқми, деган саволни муҳокама қилдик. Мавзу очиқ", деб тушунтирди Дуда.

Ядро алмашиш дастури НАТОнинг ядровий тўхтатиб туриш сиёсатининг бир қисми бўлиб, ушбу қуролга эга бўлмаган аъзо мамлакатларга улардан фойдаланишни режалаштиришда иштирок этиш имконини беради.

Бу дастур ядро қуролига эга давлатлар гуруҳини кенгайтирмайди (НАТО таркибида шундай учта давлат бор: АҚШ, Буюк Британия ва Франция. – таҳр.). Дастур доирасида фақат Қўшма Штатлар ўз қуролларини бошқа давлатларга берган.

Дастур доирасида иштирокчи давлатлар ядро қуроли бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиб, қўшма қарорлар қабул қилади. Хусусан, улар ядро қуролидан фойдаланиш учун зарур бўлган техник жиҳозларни (ядро қуролини олиб юришга қодир самолёт) ўз ҳудудида сақлайди.