loader
Foto

Икки азон орасидаги дуо мақбул

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас», дедилар».

«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу вақт дуо тўсиқсиз қабул қилинадиган вақтлардан биридир. Чунки бу муддат шарафли вақтдир. Шунинг учун ҳам азон билан иқоманинг орасида чин қалбдан, қабул бўлишига тўла ишониб, шартларини келтириб дуо қилиш керак.



Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, муаззинлар биздан кўра фазилатли бўлурлар», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Улар нима десалар, сен ҳам айт. Қачонки тамом қилсанг, сўра, сенга сўраганинг ато қилинур», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар:

1. Фазилатли амал қилувчиларга ҳавас қилиш ва улар эришган фазлга эришишга ҳаракат қилиш яхшилиги.

2. Билган кишилардан фазилатга эришиш йўлини сўраш.

3. Муаззин азонда айтаётган лафзларни айтиб туриш.

4. Азондан кейин ҳожатини сўраб дуо қилиш.



Абу Шаъсоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу ҳурайра розияллоҳу анҳу билан масжидда бирга эдик. Бир одам муаззин асрга азон айтганидан кейин чиқиб кетди. Бас, Абу Ҳурайра:

«Аммо мана бу, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлди», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: «Абул Қосим» Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунияларидир. Бу ривоятда намозга азон айтилгандан кейин, намоз ўқимай кетиб қолиш қанчалик оғир гуноҳ экани баён қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлиш жуда ҳам оғир иш. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда:

«Масжидда бўлсаларингиз-у, намозга азон айтилса, бирортангиз ҳам то, намозни ўқимагунча чиқмасин», деганлар.