«Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз» (19-оят).
Кишилар орасида фаҳш, уят, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб олсак бўлади. Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробар экан, фаҳш гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, буларга сабабчи бўлиш -ҳамма-ҳаммаси аламли азобгалойиқ улкан гуноҳ экани турган гап. Ислом фаҳш ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор, у гуноҳкор жазога тортилар экан, демак, зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади. Зино, жинсий алоқа тўғрисида турли гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам бузуқ гапларни гапириш ман қилинади. Агар ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, керакли жойга бориб, гапириб, гувоҳ келтириб, зинокорларни жазолашни йўлга қўйишда хизматларини адо этсин, шунда мусулмонлар жамиятини поклашга ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўзламасин, бемаза ишларни қилмасин. Йўқса, аламли азобга дучор бўлади.
Аммо баъзи кишилар ўзлари ҳақида одамлар ичида бўлмағур гапларнинг тарқалишига, одамлар ундан нафрат қилишига ва уни ёмон кўринишларига ўзлари сабабчи бўладилар. Шариатни беҳурмат қилиб, ёмонликларни ошкора қиладиганлардан мўмин одамлар юз ўгирадилар ва улар билан алоқада бўлишни истамайдилар.
Шу билан бирга, баъзи ҳолатларда одамлар айбсиз кишини айблашлари ва унинг ҳақида бўҳтонлар тўқишлари ҳам учраб туради. Бундай ҳолатни Аллоҳ таолонинг синови деб қабул қилиш лозим бўлади.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:
«Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қилармикансизлар?! Роббинг кўриб турувчидир» (20-оят).
"Хислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ