Барча пайғамбарлар (алайҳимассалом) даъват этган динларнинг асоси биттадир: пайғамбарлар инсонларни оламни ягона Аллоҳ таоло яратганига иқрор бўлишга ва фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Улар етказган ҳукмлардагина фарқ бор, асосий даъватларида эса фарқ йўқ. Дунёда дини, ишончи бўлмаган бирор миллат ёки халқ йўқ. Чунки ҳеч бир миллат, халқ динсиз яшай олмайди. Динсизлик, Аллоҳга, Унинг ваҳийларига, охиратга ишонмаслик (яъни куфр келтириш) инсониятнинг энг катта кулфатидир. «Куфр» сўзи луғатда «инкор этиш», «рад қилиш» «беркитиш» маъноларини билдиради. Шаръий ҳукмларни инкор этувчи одам «кофир», унинг қилмишлари «кофирлик» дейилади. Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини, Муҳаммад алайҳиссалом етказган хабарларни инкор, рад этганлар кофир саналади. Яна инсон ўзининг асл табиати тасдиқлайдиган ҳақ йўлни тан олмаса, ички туйғу ҳақиқатини беркитса, ҳақни беркитган бўлади. Шунингдек, киши Аллоҳни инкор этмаса-да, иймон келтириш зарур бўлган хабар ва фарзларни рад қилса, шаръий муқаддасотларнинг ҳурматини топтаса, шаръий ҳукмларни масхара қилса ҳам кофир бўлади. Кофирнинг жойи дўзахдадир.
Ҳар қандай дин, эътиқод ҳам тўғри бўлавермайди. Энг тўғри, ҳақ дин – Аллоҳнинг хушнуд бўлган, танлаган дини Ислом динидир. У бутун инсониятга юборилган, Аллоҳнинг элчилари томонидан ўргатилган умумий диндир, барча пайғамбарларнинг динидир.
«Ислом» – «бўйсуниш, тоат, ихлос, тинчлик, сулҳ» демакдир. Ислом тавҳид (яккахудолик) динидир. Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар инсониятни асоси бир динга – Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига, Унинг китобларига, фаришталарига, пайғамбарларига ва Қиёмат кунига иймон келтиришга, фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Ислом динидаги кишилар «мусулмон-муслим» деб аталади. Ҳозир ер юзида салкам бир ярим миллиард нафар мусулмон бор.
Мусулмонлар Ислом шариатига мувофиқ ҳаёт кечирадилар.
«Шариат» сўзи луғатда «изҳор қилмоқ, баён этмоқ, йўл» маъносида бўлиб, «тўғри йўл, илоҳий йўл, қонунчилик»ни англатади. Шаръий истилоҳда Ислом динининг ҳукмлар тўплами, Аллоҳ таолонинг амр ва тақиқлари «шариат» дейилади. Пайғамбарлар даъват этган динларнинг асоси бир бўлса-да, улар етказган ҳукмлар, яъни шариатлар турличадир. Шунинг учун кейин келган пайғамбар даврида аввалда ўтган пайғамбар етказган ҳукмлар (шариат) бекор бўлган. Пайғамбаримиз етказган ҳукмлар, яъни Ислом шариати қиёматгача боқийдир. Инсонлар манфаатини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш шариатнинг асосий мақсадидир. Бу ердаги манфаатдан инсон хоҳиш-истагига мос манфаат тушунилмайди, балки инсоннинг шаръий мезондаги ҳақиқий манфаати тушунилади. Кундалик ҳаёт тарзининг Ислом шариатига мувофиқ бўлишини таъминловчи қонунлар ва мезонлар «фиқҳ» дейилади. «Шаръий аҳком» – Аллоҳнинг буюрган, қайтарган ёки ихтиёр этган қатъий кўрсатмаларидир. Аллоҳ таоло Шориъ, яъни шариат асосчисидир.
Мусулмонлик икки буюк ишонч асосига қурилган:
1. Аллоҳдан ўзга ибодат қилишга лойиқ илоҳ йўқлиги («Лаа илааҳа иллаллоҳ»);
2. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг барча инсонларга юборган элчиси (пайғамбари) эканлари («Муҳаммадур расулуллоҳ»).
Бу муборак жумлаларни қалбидан тасдиқлаб, иқрор бўлиб, тилида изҳор қилган киши Ислом динида бўлади. Бу ишонч «иймон», иймон келтирган киши эса «мўмин» деб аталади.
Ислом дини қуйидаги беш асос (устун) устига қурилган:
1. Иймон («Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» деб дил билан иқрор бўлиш ва тилда айтиш);
2. Намоз (кунига беш вақт намоз ўқиш);
3. Закот (моли маълум ҳисобга етса, қирқдан бир улушини Аллоҳ таъйин қилган муҳтожларга ажратиш);
4. Рўза (Рамазон ойида бир ой рўза тутиш);
5. Ҳаж (қодир бўлса, умрида бир марта ҳаж қилиш).