Модининг яқин ёрдамчиси Амит Шоҳ бошчилигидаги Ҳиндистон Ички ишлар вазирлигининг тасдиқлаш хати The Leaflet юридик веб-сайти томонидан ижтимоий тармоқларга юкланган.
Август ойида маҳкумларнинг озод этилиши ва уларнинг ўнг қанот фаоллари томонидан табрикланиши норозиликка сабаб бўлди. Аммо марказий ҳукумат уларнинг озод этилишини маъқулладими ёки йўқми, ўшанда аниқ эмасди.
Ҳозирда ёши қирқдан ошган Билқис Бано 2002 йилда (Моди ўша пайтда Гужарат бош вазири бўлган) жамоатлараро тўқнашувлар чоғида шафқатсизларча зўрланганида, беш ойлик ҳомиласи бор эди. Мамлакатдаги энг даҳшатли диний зўравонликлардан бирида 2000 га яқин одам, асосан мусулмонлар ҳалок бўлди.
Гужарат ҳукумати томонидан Олий судга тақдим этилган тасдиқномага кўра, штат маҳкумларни озод қилиш қарори уларнинг қамоқдаги 14 йиллик яхши хулқ-атворига асосланганлигини билдирган.
Олий суд штат ҳукуматидан зўрловчиларнинг озод этилишига қарши кўплаб аризалар юборилганидан сўнг уларга берилган авф бўйича ҳужжатларни тақдим этишни сўради.
Нью-Деҳлидаги NDTV телеканали суд ҳужжатларига таяниб, маҳкумларга август ойининг бошида озодликка чиқишдан олдин шартли равишда озодлик ва 1000 кундан ортиқ таътил берилганини айтди.
The Leaflet нашрида чоп этилган бошқа ҳужжатга кўра, штат ҳукумати унинг бошлиғи эса ҳеч қандай кўгилчанликка ўрин йўқлигини ва жиноятлар "даҳшатли, оғир ва жиддий" эканлигини айтган Марказий Тергов бюросининг эътирозларига қарамай, маҳбусларни озод қилишга қарор қилди.
2008 йилда 11 киши гуруҳ бўлиб зўрлаш ва қотиллик учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Бано оиласининг ўн тўрт аъзоси, жумладан, Гужаратнинг Даҳод туманидаги Лимхед шаҳрида ҳинд жиноятчилари бошини ерга уриб майдалаган уч ёшли қизи ҳам зўравонликларда ҳалок бўлганди.
Маҳкумлар август ойида Ҳиндистон мустақиллигининг 75 йиллигига тўғри келиб озодликка чиқарилган.
Ўнлаб намойишчилар Деҳли кўчаларига чиқиб, маҳкумларнинг озод этилишига норозилик билдиришди, мухолифат етакчилари эса ҳукмрон партияни аёллар ҳуқуқларига путур етказаётганликда ва мусулмонларга нисбатан нотўғри қарашда танқид қилишди.
Мухолифатдаги Конгресс партияси етакчиси Рахул Ганди Бош вазир Модини зўрловчиларни қўллаб-қувватлаганликда айблади.
"Улар Қизил қалъа қўрғонидаги аёлларга ҳурмат ҳақида гапиришади, лекин аслида зўрловчиларни қўллаб-қувватлайдилар", деб ёзган Ганди твиттерда ҳинд тилида.
Кузатувчиларнинг фикрича, қотиллар ва зўрловчиларнинг озод этилиши Модининг Гужаратдаги сайловлар олдидан ҳинд шовинистларига мурожаат бўлди.
2002 йилги тартибсизликлар Моди сиёсий тарихидаги шармандали эпизод бўлди - ўша пайтда у Гужаратда энг юқори сайланган амалдор эди - чунки расмийлар қон тўкилишига йўл қўйган ва ҳатто рағбатлантиргани ҳақида бир неча бор айбловлар бўлган.
Моди бир неча бор ўз ролини рад этган ва Олий суд уни жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳеч қандай далил топмаганини айтган.