loader
Foto

Дуда Кремлнинг ядровий шантажи ҳақида: Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни музлатишга ҳаракат қилмоқда

Полша президенти Анжей Дуда тажовузкор Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмоқчи, деб ҳисоблайди. Шунинг учун, дейди у, Кремл жанг майдонида муваффақияисизликка учрагани учун ядровий ва «ифлос» бомбалар билан қўрқитиш тактикасини қўллайди.

Дуда матбуот анжуманида шундай фикр билдирди, деб ёзади РБК.

Полша президенти Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ғарблик ҳамкасбларига қўнғироқларини "Москванинг урушни ҳар қандай ҳолатда ҳам музлатишга уриниши" деб атади. Унинг сўзларига кўра, Москванинг бундай таҳдидлари уларнинг тактикаси ва мамлакатларни Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишга мажбурлаш мақсадида қўрқитишга уринишларининг бир қисмидир.

"Москва режасига кўра, бу Ғарб, НАТО давлатларидан Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатишга олиб келиши керак, чунки у умуман бу урушда мағлуб бўлмоқда. Украина халқаро ҳуқуқ томонидан тан олинган чегараларида назоратни аста-секин ўз қўлига олмоқда", - дея таъкидлади Дуда.

Полша раҳбарининг қайд этишича, Россия билан мулоқотни у халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишни бошламагунча – Россия Федерацияси Украина ҳудудини тарк этмагунча олиб бориш мумкин эмас. Дуданинг айтишича, Москванинг шантажига қарамай, Украинага ёрдам давом этиши керак.

Путин бир неча ойдан бери ядро қуролидан фойдаланиш билан дунёни шантаж қилиб келмоқда. 27 октябрь куни Валдайда сўзлаган нутқида диктатор "Украинага ядровий зарба" керак эмаслигини айтди. У яна бир бор Киевни "ифлос бомба" яратишда айблади.

Ўз навбатида, Пентагон яна Кремль раҳбарини ядро қуролидан фойдаланишдан огоҳлантирди. АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, агар Москва ўз баёнотларини амалга оширса, бу "халқаро ҳамжамиятнинг жуда жиддий реакциясига" олиб келади.

Айни пайтда, разведка бош бошқармаси ядро қуролидан фойдаланиш Путин қўлидаги сўнгги кўзир деб атади. Разведкада ядро қуролидан фойдаланиш сценарийси даргумон деб ҳисобланади.