loader
Foto

Аднан Октар 8658 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Хорун Яҳё тахаллуси билан ҳам танилган Октар ўтган йили вояга етмаганларга жинсий зўравонлик, фирибгарлик ва сиёсий ва ҳарбий жосусликка уриниш каби бир қатор жиноятлар учун қамалган эди.

Қарор юқори инстанция судининг апелляция шикояти асосида бекор қилинган бўлса-да, чоршанба куни Истанбул Олий жиноят суди Октар ва унинг 13 шеригини ҳар бирини 8658 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Эслатиб ўтамиз, Октар ўзининг шахсий А9 телеканалида олиб борувчи ток-шоу туфайли дунёга танилган бўлиб, у кўпинча псевдо-диний мунозараларни замонавий эстрада мусиқаси остида рақсга тушган ярим яланғоч аёллар билан бирлаштирган.

Октар билан алоқадор аёллар – «мушукчалар» ҳаракатнинг энг кўзга кўринган ҳимоячилари эди, аммо унинг компаниясини тарк этгач, баъзилари жинсий қулликка дучор бўлганликларини айтишди. Аввалроқ бир аёл судда Октар уни ва бошқа аёлларни зўрлагани ва уларни ҳомиладор бўлишдан сақлайдиган дорилар ичишга мажбурлагани ҳақида кўрсатма берган.

Унинг уйидан полиция томонидан 69 мингга яқин (!!!)ҳомиладор бўлишдан сақлайдиган таблетка топилган. Судда Октар таблеткалар тери касалликлари ва ҳайз кўриш муаммоларини даволаш учун ишлатилганини айтди.

Октар дастлаб 2018 йилда Истанбулда шаҳар полициясининг Молиявий жиноятларга қарши кураш бошқармаси томонидан олиб борилган тергов доирасида ҳибсга олинган эди.

Бироқ, Октар тарафдорлари уни сиёсий ўйинлар объекти бўлганини даъво қилмоқда.

Октар тарафдорларидан бири ва Саудия Арабистонининг Al-Sharq Al-Awsat газетасининг собиқ шарҳловчиси Айлин Кожаман ўтган йили Middle East Eye нашрига берган интервьюсида ўзига ва унинг шерикларига қарши суд жараёнлари "катта қўл, қаттиқ куч" томонидан назорат қилинганини айтди.

Баъзи бошқа сиёсий арбоблар ҳам унинг ҳибсга олиниши ва суд қилинишини шубҳа остига олишди.

Сўл Халқлар Демократик Партияси (ҲДП) депутати ва адвокат Ўмер Фарук Гергерлиоғлу йил бошида Октарнинг дастлабки судида "ноқонуний далиллар" борлигини тахмин қилди ва "махфий гувоҳлар"дан фойдаланишни танқид қилди.

Дарвоқе, Октар диний камолизм деб аталмиш оқим тарафдори ҳам саналади. У Мустафо Камолнинг асл мусулмон бўлганига ва қилган барча ишлари Исломга мос келишига ишонади. Умуман олганда, бу лайфчи ўртоқ қамоқхонага эмас, балки жиннихонага лойиқ бўлиши мумкин.