Ғарбнинг етти етакчи саноати ривожланган давлати (Катта еттилик) ички ишлар вазирлари Россияни Украинага ракета ҳужумларини зудлик билан тўхтатишга чақирди ва айбдорларни жавобгарликка тортиш талабларини қўллаб-қувватлади. "Аввалгидек, Украинада тинч аҳолига қарши содир этилган энг даҳшатли жиноятлар ва фуқаролик инфратузилмаси вайрон қилингани ҳақидаги кадрлар ҳар куни бизга етиб келади. Бунга чек қўйиш керак, Путин бу шафқатсиз урушга чек қўйиши керак", деди Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер (Nancy Faeser). 18-ноябр, жума куни Гессен федерал штатидаги Эбербах монастирида G7 мамлакатлари ички ишлар вазирлари конференцияси якунида.
Фезернинг сўзларига кўра, учрашув чоғида вазирлар " уруш жиноятчилари бир кун келиб судлар олдида жавоб беришлари учун ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар терговини қандай тезлаштиришни интенсив муҳокама қилдилар". Конференция иштирокчилари, шунингдек, Украина полицияси ва адлия органларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга келишиб олдилар.
Украинадан Германияга келган қочқинлардан Украинадаги ҳарбий жиноятлар ҳақида маълумотга эга ёки йўқлигини аниқлаш учун анкета тўлдириш сўралади, деди Фезер. Бу ҳарбий жиноятчиларни кейинги жиноий жавобгарликка тортиш учун далиллар тўплашга ёрдам беради, дея тушунтирди у.
Пропаганда ва дезинформацияга қарши кураш
G7 мамлакатлари ички ишлар вазирлари, шунингдек, Россия прорагандаси ва дезинформациясига қарши биргаликда курашни кучайтиришга келишиб олдилар. "Россия ёлғонлар ёрдамида ноаниқлик уруғларини экишга, давлат институтларига ишончни йўқотишга ва жамиятимизни парчалашга ҳаракат қилмоқда. Биз буни энг кескин тарзда қоралаймиз", деб таъкидлади Ненси Фезер.
Унинг таъкидлашича, G7 давлатлари дезинформацион тармоқларни аниқлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиради. "Биз тегишли маълумотларни олдинги босқичларда ва янада тўлиқроқ алмашишга келишиб олдик", деди вазир.
Эбербах монастирида бўлиб ўтган анжуманда, шунингдек, терроризм, екстремизм, уюшган жиноятчилик ва болаларнинг жинсий эксплуатациясига қарши курашда G7 давлатларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қарор қилинди.