Европа Иттифоқи Украинага қуролли бостириб кириши сабабли Россияга қарши янги, тўққизинчи санкциялар пакетини тайёрлашни тезлаштирмоқда. "Биз Россияга зарар етказиш ва унинг Украинага қарши урушдаги кучларини янада йўқ қилиш учун қаттиқ ишлаяпмиз", деди Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен (Ursula von der Leyen) 24 ноябрь, пайшанба куни Финляндияга ташрифи чоғида.
"Ишончим комилки, яқин орада биз G7 ва бошқа йирик ҳамкорлар билан Россия нефтига глобал нарх чегарасини жорий эетиш бўйича келишиб оламиз. Биз Украина Путин ва унинг адолатсиз ва ваҳший урушини мағлуб қилмагунча тинчланмаймиз", - деди у.
Фон дер Ляйен Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига берган зарбаларини кескин танқид қилиб, бу ҳаракатларини уруш жинояти деб атади. Шу билан бирга, у Украинанинг ғалабасига ишонч билдирди. "Бизнинг украиналик дўстларимиз бу стратегияни енгиб ўтишини биламан, чунки улар кучли, мақсади адолатли ва биз уларни бу оғир дамларда керакли даражада қўллаб-қувватлаймиз", — деди Еврокомиссия раҳбари.
Европанинг Россияга қарши санкциялар пакети
Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Европа Иттифоқи аллақачон Россия Федерациясига қарши саккизта санкция пакетини жорий қилган. Уларнинг охиргиси, бошқа нарсалар қаторида, экспорт ва импорт чекловлари, руслар учун крипто ҳамёнларини тақиқлаш ва бошқа бир қатор чораларни ўз ичига олади.
Бунгача Европа Иттифоқи Россия олтинининг импортини тақиқлаган, илғор технологиялар ва икки мақсадли маҳсулотлар экспорти устидан назоратни кучайтирган, Россияга қарши қаттиқ молиявий санкциялар, йирик нефть эмбаргоси ва Россия кўмирини олиб киришни тақиқлаган.