loader
Foto

Титаник ҳалокати

Нима учун «деярли» деганимизни изоҳлашга ҳожат йўқ. Муҳандис ва кемасозлар кўкракларига уриб мақтанишган ушбу баҳайбат кемага муносиб ном ҳам топилди: «ТИТАНИК». Бу ном қадимги юнон мифологиясида табиат ва денгизга қарши уруш очган тангри номидан олинган эди. Афсуски, ўзига ортиқча ишониб юборган ожиз инсон томонидан ғоят катта маблағ, машаққатли меҳнат ва узоқ вақт сарфлаб қурилган бу ҳашаматли кеманинг илк сафари унинг сўнгги сафари бўлди. «Титаник» қоронғида айсбергга урилди, жуда қисқа вақт ичида океан қаърига чўкиб, чуқур зулмат ичра мангуга кўмилди. Кемада кетаётган юзлаб одамларнинг ўйин-кулги, хушчақчақ овозлари ўрнини ўлим ваҳималари эгаллади, бироқ бу овозлар ҳам бепоён уммоннинг совуқ сукунатига ғарқ бўлди...

«Титаник»нинг энг кўп овоза қилинган хусусияти унинг ўта ишончли экани эди. Бу улкан кеманинг бир қисми кутилмаган вазиятда жиддий зарар кўрса-да, қолган қисмлари эвазига ўз мувозанатини сақлаши таъминланган эди. Кема корпусини тайёрлашда ишлатилган махсус пўлат қурилмалар мукаммал ҳимоя камари вазифасини ўташи керак эди. Ҳатто бошқа кема билан тўқнашиш каби ўта хавфли ҳолатларда ҳам «Титаник» камида уч кун сув устида тура олар, бу орада теварак-атрофдаги кемалар билан алоқа ўрнатиб, уларни ёрдамга чақириш ва йўловчиларни қутқариш чоралари ўйлаб қўйилган эди. Бироқ, афсуски «Титаник» тарихга ўзининг мукаммал хусусиятлари билан эмас, балки аламли ҳалокати билан муҳрланди.

Аммо инсон учун хатолардан ибрат олиш мунча ҳам қийин бўлмаса!

«Зилзилани енгдик, Тангрига ҳам, дуога, тавба-тазарруга ҳам эҳтиёжимиз йўқ», деган японларнинг Кобе шаҳридаги «муҳандислик мўъжизаси» деб аталган сейсмологик жиҳатдан ғоят мустаҳкам бинолари қоғоз ўйинчоқлардай тўкилиб тушди. Эҳтимол, бу зилзила японларга Аллоҳнинг қонунидан устун ҳеч бир қонун йўқлигини англаш учун фойдали бўлгандир...

Бахтли тасодиф туфайли (аслида, Аллоҳнинг қазо ва қадари ила) «Титаник» ҳалокатидан қутулиб қолганларнинг айтишича, ўша кеча жуда ғалати бўлган. Қисқа фурсатда осмон ҳам, ҳатто ой ҳам қорайиб кетган. «Титаник»ка худди ўзига ишонгандек ишонган капитан радарга қараб қўйиб, йўлида давом этган. «Титаник» қоронғулик томон сузиб бораверган. Ўша машъум кечада ҳаво ҳарорати музлаш даражасига етган эди. Кўриш масофаси шунчалик қисқарганки, ёрдамчилар капитанни жиддий огоҳлантиришга мажбур бўлишади. Капитаннинг эса парвои фалак эди.

Ярим тунда кема назорат жойидан даҳшатли қичқириқ эшитилди:

- Ҳозир айсбергга уриламиз!!!

Кема экипажи жонҳолатда барча тормозларни ишга солади. Бироқ қудратли моторлар кемани шитоб билан илгари суриб бораверарди. Ниҳоят, кемага шитоб билан яқинлашиб келатган айсберг бир зумгина кўринди. Кичик бир ҳаракатга улгурилмади ва «Титаник» чап томони билан айсбергга қарсиллаб урилди. Айсбергнинг ўткир қирралари кеманинг чап бағрини анчагача тилиб борди. Бироқ капитан ўзини йўқотмади, чунки юқорида айтилганидек, кеманинг бир қисмига шикаст етиши айтарлик қўрқадиган ҳолат эмас эди, чунки муҳандислар ҳамма нарсани аввалдан ўйлаб қўйган эдилар.

Аммо тақдир инсоний тушунчалар билан чегараланган эмас. Энг нозик, энг мураккаб ва энг аниқ ҳисоб-китоблар билан барпо қилинган кема ҳеч ким ўйламаган, ҳеч ким кутмаган жойидан шикастланган эди. «Ҳисоблашлардаги кичик бир хато» ҳамма нарсани остин-устун қилиб ташлади. Уйғоқ одамлар қутқарув қайиқларига югуришди. Бироқ, тўс-тўполонда бир соат ичида зўрға биргина қайиқ сувга туширилди. «Ҳар қандай шикастланган ҳолатда ҳам уч кунгача чўкмайди» деб реклама қилинган «Титаник» уч соатга қолмай океаннинг тубига, 3128 метр чуқурликка чўкиб кетди…

Орадан 80 йил ўтгач, (1992 йилда) «Титаник» қолдиқлари илк бор сув сатҳига кўтарилди. Канадалик тадқиқотчиларни ҳайратда қолдирган нарса кема корпусини ташкил этган пўлатнинг мутлақо зангламай сақлангани эди.

Сув остида қилинган тадқиқотлар натижасида «Титаник»нинг айсбергга урилган томони чуқур таҳлил қилинди. Маълум бўлишича, кема айсбергга шундай нуқтадан урилган эканки, ўша нуқтадан бошқа ҳар қандай жойига урилса, етказилган зарар анча оз бўлиши мумкин экан.

Ҳалокатга сабаб бўлган «майда» шартлар кўп эди. Аммо ўз даврининг энг мукаммал технологик маҳсулоти бўлмиш бу «қусурсиз» кеманинг чўкиб кетишида тақдир тақозоси борлиги аниқ. Ўзини коинотда ягона куч деб эълон қилган ожиз инсон «Титаник» билан бирга океан тубига чўкди. Қоғоздан ясалгандек иккига бўлиниб, тезлик билан чўккан «Титаник» калондимоғлик билан «Бу кемани Худо ҳам чўктира олмайди», деган ХХ аср фираъавнларини ҳам доғда қолдириб, юзлаб йўловчиси билан ғарқ бўлди.

Шу ўринда машҳур «Титаник» фильмига оид икки оғиз сўз айтиб ўтсак. Маълумки, ушбу фильм ҳақли равишда замонавий кино санъати шедеврлари қаторидан муносиб ўрин олган. Унинг сценарийси, режиссураси, мусиқаси ва актёрлар ижроси қанчалар мақтовга сазовор бўлса, фильмни суратга олишдаги техник инновациялар, декорациялар, махсус эффектлар ҳам шунчалик таҳсинга лойиқ. Фильм суратга олишга сарфланган маблағ жиҳатидан ҳам кино санъати тарихида муҳим воқеа бўлган, у кўплаб кинотанловларда қатор номинациялар бўйича совринлар олган. Фильмнинг бош қаҳрамонлари ҳам, ундаги машҳур қўшиқ ҳам кўпчилик учун севги-муҳаббат рамзига айланиб қолди, десак ёлғон бўлмайди. Хуллас, бу фильмни кўрмаган одам жуда кам бўлса керак.

Бироқ, биз фильмнинг сюжет чизиғига бошқа бир нуқтадан назар ташлаб, эътиборларингизни ана шу нуқтага жалб қилмоқчимиз. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, фильм муаллифлари ўзлари билмаган ҳолда (балки атайлаб шундай қилишгандир?) «Титаник» ҳалокатининг сабабини топишни томошабинлар фикрига ҳавола қилиб, калаванинг учини яққол кўрсатиб қўйгандек. Кўрган бўлсангиз, кемада кетаётган бадавлат оилага мансуб қизни мажбурлаб эрга беришаётган бўлади. Бунга оилавий муаммолар ҳам анчагина таъсир қилган. Севмаган одамига тегишга мажбур бўлиб, боши берк кўчага кириб қолган қиз ўзини сувга ташлаб, жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлади. Ана шу пайтда бахтли тасодиф туфайли (агар буни бахт дейиш мумкин бўлса, албатта) кемага тушиб қолган йигит уни қутқариб қолади. Ҳозирги замон кино индустриясининг ёзилмаган қоидаларига кўра икки ёш бир-бирига кўнгил қўйиб қолади. Деярли унаштириб қўйилган, зодагон табақага оид бўлган қиз бўлажак қайлиқнинг кўз ўнгида аллақандай ялангоёқ сураткаш йигитга илакишиб қолади. Ўша машъум тунда ошиқ-маъшуқлар кичикроқ шаҳардек келадиган бу улкан кема ичида шайтоннинг йўлига кирадилар. Воқеадан хабар топган қайлиқ ғазаб ва рашк ўтида уларни таъқиб қилади. Бой-бадавлат мижознинг таъқибига кема экипажи ҳам жалб қилинади. Эътибор берган бўлсангиз, айни ана шу воқеа сабабли кема рулини бошқариб бораётган денгизчилар айсбергни жуда кеч кўриб қолишади…

Гапнинг лўндасини айтсак, инсон ақлининг беқиёс маҳсули бўлган улкан кема икки зинокорнинг каср-касофати туфайли ғарқ бўлади. Бу гуноҳ иш романтика деган ялтироқ қоғозга ҳарчанд ўралмасин, унинг моҳияти ўзгариб қолмайди. Шунинг учун, бундай фильмларни оғзимиз очилиб, томоша қилиб ўтиравермай, ундаги воқеа-ҳодисаларни халқимизнинг миллий қадриятлари мезонига ҳам бир солиб кўрсак, фойдадан холи бўлмайди.

Эҳтимол, фильмнинг сюжети қалами ўткир сценаристнинг ижоди бўлиши мумкин. Воқеа аслида қандай бўлгани ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум. Бироқ, мабодо фильм муаллифлари кеманинг ғарқ бўлишига ана шундай разил гуноҳни сабаб қилиб кўрсатмоқчи бўлмаган тақдирда ҳам, биз айтган хулосада ҳам бироз жон бор.

* * *

Канадалик мутахассислар тадқиқотларидан сўнг «Титаник»ни «1912 йил Челленжери» деб номладилар, чунки бу икки ҳалокатнинг техник сабаблари деярли бир хил эди. Уларнинг фикрича, «Титаник»нинг ҳалокатига носоз пўлат, «Челленжер»нинг портлашига эса носоз каучук сабаб бўлган. Аммо «Титаник» ва «Челленжер»нинг тақдиридаги ўхшашликлар бу билан тугамайди. «Титаник» океан узра қандай кўкрак кериб юрган бўлса, «Челленжер» (номига қаранг!) ҳам самога шундай отилиб чиққан эди («челленжер» сўзи «кўкрак кериш, катта кетиш» деган маънони ҳам англатади). Минг афсуслар бўлсинки, зафар ва шон-шуҳрат ишоралари билан кўтарилган бу мураккаб коинот кемаси саноқли лаҳзалар ичида, миллионлаб инсоннинг кўз ўнгида ёниб кетди ва одамлари билан бирга портлаб, кулга айланди.

Баъзи манбалар ва устозларнинг айтиб берганлари асосида

Абу Муслим тайёрлади

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР