loader
Foto

Эрон Бош прокурори одоб-ахлоқ полицияси тарқатиб юборилганини эълон қилди

Эронда давом этаётган норозилик намойишлари фонида асосан аёлларнинг ҳижоб кийиш мажбуриятини кузатувчи одоб-ахлоқ полицияси тугатилди, деди мамлакат бош прокурори Муҳаммад Жафар Монтазери. Унинг сўзларини 4 декабрь, якшанба куни dpa ва AFP агентликлари келтирмоқда.

"Одоб-ахлоқ полицияси тарқатиб юборилди, аммо суд тизими бу ижтимоий муаммо билан шуғулланишда давом этади", - дея Монтазери сўзларини келтирмоқда Shargh газетаси. Бошқа тафсилотлар берилмаган.

Эронда 1979 йилги ислом инқилобидан кейин аёллар учун ҳижоб кийиш мажбурий бўлган. 2022 йилнинг ёзида Эронда кийим кийиш қоидаларини қаттиқлаштириб, ҳижоб ва иффат тўғрисидаги қаттиқ қонун қабул қилинди.

Расмийлар ҳижоб ҳақидаги қонунини қайта кўриб чиқишга ваъда беришди

Эрон бош прокурорининг сўзларига кўра, мамлакат расмийлари аёлларни ҳижоб ўрашга мажбурловчи қонунни ўзгартириш устида иш бошлаган. Унинг сўзларини The Guardian ва AFP агентлиги келтирмоқда.

"Парламент ҳам, суд тизими ҳам ишламоқда (бу масала бўйича. - Таҳр.)," - деди Монтазери, айнан қандай ўзгаришлар муҳокама қилинаётганига аниқлик киритмасдан. Унинг сўзларига кўра, 30 ноябрь куни экспертлар гуруҳи парламентнинг маданият масалалари бўйича комиссияси билан учрашган, "бир-икки ҳафта ичида натижани кўрамиз".

Эрон президенти Иброҳим Раиси кеча Эроннинг республика ва исломий асослари конституцияда мустаҳкамланганини айтди, "лекин конституцияни амалга оширишнинг мослашувчан усуллари мавжуд", деб ёзади AFP.

Эрондаги намойишлар

Сентябрь ойидан бери Эронда 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланган оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. У ҳижобни "нотўғри" кийгани учун одоб-ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қиз полиция машинасида калтакланган, шундан сўнг у комага тушиб қолган ва кейин вафот этган. Эрон расмийларига кўра, Амини "тўсатдан юрак тўхтаб қолишидан" вафот этган. Қариндошлари қизнинг соғлом бўлганини ва юрагида ҳеч қандай муаммо бўлмаганини таъкидламоқда.

Маҳса ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб режимга қарши норозилик намойишлари бошланди, мамлакат ҳукумати уларни қаттиқ бостирмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, декабрь ойи бошида Эронда 469 намойишчи ўлдирилган, улардан 64 нафари вояга етмаганлар. 18 мингдан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган. Эрон расмийларига кўра, намойишлар чоғида 200 га яқин одам ҳалок бўлган.