Россия нефтининг денгиз экспорти "нарх шифти" жорий этилгандан кейин икки баравар камайди. Декабрь ойининг биринчи ҳафтасидаги кунига 3,4 млн баррелдан денгиз орқали нефть экспорти бирданига 1,6 миллионга тушди ва камида йил бошидан бери энг паст кўрсаткичга айланди. Бу ҳақида хабар берган Bloomberg агентлиги кўрсаткич 56 фоизга пасайганини қайд этган.
Россия нефти нархининг юқорилиги ва унинг Европа Иттифоқига экспорт қилинишига қўйилган эмбарго "Россия нефть иқтисодиётини юрак хуружига олиб келди".
Бир вақтлар Россия барреллари учун асосий "дунёга деразалар" бўлиб хизмат қилган Болтиқ денгизи портларидан ўтган ҳафта фақат 7 танкер йўлга чиқди, бир ҳафта олдин эса 12 та кема, ноябр ойининг охирги ҳафтасида эса – 15 та кема чиққанди. Россия нефти қисқа йўналиш бўйича экспорт қилинадиган Осиёга атиги 4 та танкер чиқди, бир ҳафта олдин 11 та танкер чиққанди.
Россиялик иқтисодчи эксперт ва блогер Анатолий Несмияннинг қайд этишича, нефть савдосининг пасайиши рублга зарба берган, унинг қиймати пасайишни бошлаган. Россия бюджетининг тақчиллиги кескин ошди, у аллақачон 5 трлн рублгача кўтарилди.
"Дефицит аллақачон 5 трлн рубл даражасида прогноз қилинмоқда. Босиб чиқарилган триллион аллақачон рублнинг пасайишига сабаб бўлди, бу тахминан икки ой ичида нархларнинг тез кўтарилиши билан тескари таъсир кўрсатади. Рубл ҳатто юанга нисбатан ҳам пасайишни бошлади, Хитой бюджети тақчиллиги триллион доллардан ошиб кетгани маълум бўлганидан кейин ўзини жуда ёмон ҳис қилмоқда", деди у.
Ўзининг Telegram-каналида у якунда Украина билан уруш ва санкциялар туфайли Россия нефтни озиқ-овқатга алмаштиришга мажбур бўлишини қайд этади.
"Ҳозирча бу айни пайтдаги натижа бўлса, бу ерда динамика муҳим. Аммо ўзига хос россияча вариантда "озиқ-овқат эвазига нефть" дастури ўз ишини бошлагани ва унинг ташаббускорлари нуқтаи-назаридан жуда муваффақиятли бўлганлиги аллақачон аниқ. Россия нефтининг нархи ҳам, ҳажми ҳам тушмоқда, демак, яъни агрессив махсус операцияларни ўтказиш учун бюджетга сезиларли даражада камроқ маблағ тушади", деб ёзади эксперт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия нефтни Осиё мамлакатларига катта чегирма билан зарар кўрган ҳолда сотишни бошлаганди.