Туркия Президенти Ражаб Таййип Эрдўған НАТО бош котиби Енс Столтенбергга Финляндиянинг иттифоққа кириш эҳтимолини алоҳида кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли маълум қилди.
“Швецияда ПКК пропагандаси давом этмоқда. Уч томонлама меморандумда ким қандай қадам ташлаши кераклиги аниқ кўрсатилган. Ўтган ҳафта Президент Эрдўған Столтенбергга Финляндиянинг НАТОга аъзолиги масаласида бошқача позицияда бўлишимиз мумкинлигини айтди”, дейди дипломат.
Аввалроқ Финляндия мудофаа вазири Микко Савола Швецияни кутмасдан, давлат НАТОга киришга тайёрлигини айтган эди. Журналистнинг Финляндия Туркия Швецияни ҳарбий иттифоққа қўшилишига тўсқинлик қилса, уни кутадими деган саволига сиёсатчи салбий жавоб берди:
“Йўқ. Бундай ҳолда биз НАТОга аъзо бўламиз”.
Финляндия ва Швеция 2022 йил май ойида биргаликда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Мамлакатлар бир вақтнинг ўзида иттифоққа қўшилиш истаги борлигини эълон қилди, аммо Шветсияда Қуръонни ёқиш билан боғлиқ ҳаракатлар туфайли Туркия Президенти Ражаб Таййип Эрдўған давлатларга фақат алоҳида аъзо бўлишларига рухсат беришига шама қилди.
Эслатиб ўтамиз, Шветсия ҳукумати Туркияда тақиқланган ПККга алоқадор гуруҳларнинг Стокголм марказида ташвиқот намойишини ўтказишга рухсат берган эди. Бундан фойдаланиб Даниянинг “Қаттиқ келишув” партияси раҳбари Расмус Палудан Қуръонни ёқиб юборганди. Шу сабабли Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Швецияни НАТОга аъзолик бўйича мажбуриятларини бузганликда айблаган эди.