loader
Foto

Рамазонни хандақларда ўтказаётган украиналик мусулмонлар Аллоҳ таолодан ғалаба cўраб дуо қилмоқдалар

Украиналик мусулмонлар мамлакат аҳолисининг атиги 1 фоизини ташкил қилса-да, улар орасидан ўн минглаб одамлар Украинани Россия босқинидан ҳимоя қилиш учун жанговар ҳаракатларига қўшилган ёки ёки қўлига қурол олган.

Урушдан жабр кўрган Украинада иккинчи йилдирки мусулмонлар Рамазон ойини ўтказмоқдалар. Шарқий фронт чизиғи яқинидаги масжидда намоз ўқиётганларнинг аксарияти – камуфляж формасидаги аскарлар.

«Аллоҳдан масжидимизни асрашини сўрайман. Аллоҳдан Украинани ҳимоя қилишини... ва золимларни жазолашини сўрайман», дейди мулла Мурат Сулаймонов муборак ой намозлари чоғида.

«Рамазон – ғалаба ойи», дейди у 16 кишидан иборат кичик жамоатга. Улардан 11 нафари формада бўлиб, ораларида бир аёл ҳам бор.

Масжиднинг кўп деразаларини синган, деворлар эса осколкалардан тешилиб кетган. Икки кун аввал яқин атрофда ракета портлаган эди.

Намозхонлар орасида Украина мусулмонларининг собиқ диний етакчиларидан бири Саид Исмоилов ҳам бор.

У уруш бошланганида ишдан бўшаган эди. Ҳозирда эса ярадор аскарларни фронтдан эвакуация қилувчи кўнгилли фелдшерлар билан бирга тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишламоқда.

Малласоч, кўзойнак таққан 44 ёшли Исмоилов этник татарлардан бўлиб, мусулмон жамоати аъзоси ҳисобланади.

Енгига ASAP қутқарув батальонининг белгиси туширилган кийимдаги эркак ташқарида тўхтаб турган, осколкалар пачоқ қилиб ташлаган тез ёрдам машинасини кўрсатди.

«Аллоҳнинг ҳимояси»

Исмоилов хавф ичида «Оллоҳнинг иродаси ва ҳимоясини» ҳис қилаётганини айтади.

«Тез ёрдам машинам осколкалар туфайли илма-тешик бўлган пайтлар ҳам бўлди, Худога шукур, жароҳат олмадим».

2022 йил февралда уруш бошланганида Исмоилов Украинанинг Умма диний бошқармасида 13 йилдан бери муфтийлик қилиб келаётган эди.

Аммо у хизмат қилган масжид бўшаб қолган, чунки кўпчилик ҳудуддан эвакуация қилинган.

«Мен фойдасиз бўлиб қолганимни англадим ва ўрнимдан туриб, ватанимни ҳимоя қилишга отландим», деди у.

«Ҳозир ярадорларни эвакуация қиляпман».

Ўтган йили у Рамазонни Лисичанскда ўтказган, бу шаҳар Украина ҳарбийларининг чекиниши олдидан шиддатли тарзда ўққа тутилган эди.

Исмоилов уруш вазиятида ишлаётганига қарамай, Рамазон рўзасини тутишга қодир эканини айтади.

«Рамазонни уруш ичида ўтказишга кўникдим, шу сабаб бу йил мен учун янгилик бўлмади».

«Менда мусулмончиликда белгилангани каби рўза тутиш учун керак бўлган ҳамма нарса бор».

«Ҳозир хандақда эмасман. Кундузги вақтимни машинада ёки барқарорлик пунктида ўтказаман», деди у.

У шунингдек, бир-икки соат вақтини тунги намоз учун ажратишга ҳаракат қилаётганини айтди.

«Хандақларда мусулмон бўлиш қийин»

«Аминманки, жангларда қатнашаётган кўплаб мусулмон жангчилар рўза тутишни истайдилар... Чунки бу ҳолатда улар Аллоҳнинг мадади билан ўзларини янада яхшироқ ҳис қиладилар», дейди муфтий Сулаймонов.

Узун кийимдаги, оқ дўппи кийган эркак ўтган йилнинг ноябр ойида Исмоилов ўрнига муфтий этиб сайланган эди.

Масжид ташқарисида турган аскарлардан бири рўза тутаётганини, кўпчилик мусулмон аскарлар ҳам жанговар вазифани бажаришдан бошқа пайтларда рўза тутаётганини қўшимча қилди.

«Фронт чизиғи томон кетаётган бўлсангиз, рўза тутмасликка рухсат берилади. Агар ҳаво иссиқ бўлмаса ва ташналикдан қийналмасангиз, тутишингиз мумкин», деди у.

«Ҳандақда ўтиришга мажбур бўлаётган мусулмонларга қийин. Хандақлар совуқ, тез-тез ёмғир ёғаётгани учун сувга тўлган... У ерда мусулмон бўлиш қийин», дейди Исмоилов.

У Рамазон ойининг якуни бўлган ҳайитни қандай нишонлашини билмаслигини айтади.

«Масжидга бора олган бўлсангиз, омадингиз бор. У ерга қанча одам келади, умуман келадими-йўқми билиб бўлмайди», деди у.

«Кучли отишма бўлса, у ерда намоз ўқиш учун ертўлага тушсак керак».

Умумий душманга қарши кураш

Мусулмонлар 44 миллионлик Украина аҳолисининг атиги 1 фоизини ташкил қилади, чунки мамлакатда асосан православ христианлар яшайди. Бироқ Россия босқинидан кейин кўп сонли украиналик мусулмонлар урушга қўшилган.

Уларнинг аксари қрим-татарлар бўлиб, улар Москванинг босқинчилигидан икки марта жабр кўришган: биринчи марта 1944 йилда Совет диктатори Иосиф Сталин уларни Ўрта Осиёга депортация қилганида; иккинчиси, 2014 йилда Россия президенти Владимир Путин Қримни Украинадан ноқонуний тортиб олганида.

Уруш бошланганидан бери ўн минглаб мусулмонлар Украинани ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олган ёки жанговар ҳаракатларга бошқа йўллар билан ёрдам берган, деб хабар беради France 24.

Жанг қилаётган мусулмонларнинг аксарияти украиналиклар бўлса-да, кўплари Кавказдан, хусусан, Чеченистондан. Улар Украиналиклар билан биргаликда нафақат Украина ва унинг қадриятларини ҳимоя қилмоқда, балки умумий душман – Россияга қарши курашмоқда, дейилади хабарда.

Кўпчилик чеченлар 1990-йилларда Россия уларнинг мустақиллик учун курашини бостирганидан кейин Москвага қарши чиқишган.

Исмоилов Украина шарқидаги Донецкда катта бўлган.

У оиласининг мусулмон меросига қизиқиб, у Москвадаги ислом университетининг илоҳиёт факултетида таҳсил олди, кейинроқ Донецкда имомлик қилди.

У асосан русийзабон минтақада ўсган бўлса-да, ҳозир украин тилида гапиришни афзал кўради.

«Россия мусулмонларининг урушни қўллаб-қувватлаётгани аянчли ҳолат», деди у.

«Россия аксарияти мусулмонлардан иборат ўзининг этник озчиликларига паст назар билан қарайди ва урушда улардан тўп еми сифатида фойдаланади», дейди у.

«Ҳалок бўлган душман аскарларининг аксарияти этник жиҳатдан Бурятия, Тува, Доғистон, Татаристон, Чеченистондан эканлиги ҳеч кимга сир эмас», деб айтган у Россиядаги мусулмонлар ва буддистлар кўп яшайдиган ҳудудларни тилга олиб.