loader
Foto

Рисолат ва диёнатлар тарихидаги беназир эълон

Рисолаи Муҳаммадиянинг инсониятга фазли ва унинг оламшумул арғумонлари

рисолат ва диёнатлар тарихидаги беназир эълон

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаламга хитоб қилиб:

«Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», (Анбиё, 107) дейди.

Бу ўзига хос тенги йўқ эълон ўзига хос мангу китобда, Аллоҳ таоло уни барча замон ва маконларда тиловат қилинишини ирода қилган китобда келмишдир. Унинг ўқувчилари милён-милёндир. У зот унинг ҳақида:

«Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз», демишдир.

Албатта, бу эълоннинг кенглиги ва замон ҳамда макон жиҳатидан кўламининг катталиги унга фавқулотда аҳамият касб этдиради. Ҳар бир онгли инсон унинг олдидан эътиборсиз ўтиб кета олмайди. Унинг замонга боғлиқ кўлами рисолаи Муҳаммадиядан кейинги барча замонлар ва тарихий босқичларни ўз ичига олади. Унинг маконга боғлиқ кўлами эса бутун дунёни ўз ичига олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Биз сени Арабистон ярим оролига раҳмат қилиб юбордик, дегани йўқ. Ёки шарққа, ғарбга, ёхуд бир қитъага, мисол учун Осиёга дегани йўқ. Балки У зот:

«Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деди.

Ҳақиқатда ушбу эълоннинг кенглиги, шомиллиги, улуғворлиги, олий мақомлиги, бардавомлиги ва абадийлиги, буларнинг ҳаммаси, дунё тарихчилари, файласуфлари, доҳийлари ва уқалолари унинг қаршисида ҳайрону лол қолишларини тақозо қилади. Балки, инсон фикри бутун боши ила ҳайрону лол бўлиб, бу масалага бир муддат бутунлай ажраб ушбу эълоннинг ҳақлиги, ушбу воқеъликнинг тўғрилиги ҳақида тўхталмоғи лозим. Чунки биз динлар ва фирқалари тарихида, сивилизисиялар ва фалсафалар тарихида, ислоҳий ҳаракатлар ва инқилобий уринишлар тарихида, балки бутун олам тарихида ҳамда бутун бошли инсоният кутубхонасида ушбу барча борлиқни, барча башарият авлодларини, барча тарихий босқичларни қамраб олган эълонни учратмаймиз. Ҳаттоки бизгача етиб келган ўтган анбиёлар таълимотларининг хулосаси, уларнинг сийратлари ва аҳволлари мағизи ҳам бу эълонга ўхшаш нарсани мутлақо кўрмаган.

Яҳудийлик қадимги ва машҳур диёнатдир. У Аллоҳга Бани Исроилнинг Роббиси, илоҳи сифатида қарайди. Яҳудийларнинг қадимий аҳд саҳифалари ва диний муқаддас китоблари Аллоҳни оламлар Роббиси, бутун борлиқнинг Роббиси деб зикр қилишдан холидир. Шунинг учун ҳам уларнинг Мусо, Ҳорун, Довуд ва Сулаймон каби анбиёларидан бирор набийнинг сийратидан бунга ўхшаш эълонни ахтариш беҳуда ва вақтни зое қилишдан бошқа нарса эмас.

Бу диёнат ўзининг босқичларидан ҳеч бирида, ҳеч бир инсон авлодига ирқчиликсиз раҳмат ва тенглик рисоласи бўлган эмас. Бани Исроилдан бошқаларни бу диёнатга чақиришнинг ўзи ҳеч қачон бўлмаган.

Ўзининг кенгбағрлиги, даъватга ҳирси ва инсониятга меҳри билан машҳур бўлган масиҳийлик эса, Инжилда айтилишича, Масийҳнинг ўзининг айтишича, Бани Исроилнинг адашган қўйларини боқиш учун келган экан. (Мутто Инжили боб-15. Оят-24)

У зот Бани Исроилга насаб ёки қариндошлик алоқаси ила боғланмайдиган баъзи беморларни кўрганида узр айтиб, мен болаларнинг нонини итларга берадиган киши эмасман (Мутто Инжили, 15-боб, 26-оят), деган эканлар.

Шарқий ва осиёвий диёнатлар бўлса, юқорида зикр қилинганлардан фарқ қилмайди. Балки улар олдинги диёнатлардан насаб ва сулолани муқаддаслаштиришда ҳамда одамларни золимона турли табақаларга тақсимлашда ўзиб кетадилар. Улар бу масалада юмшоқлик ёки муросани билмайдилар.

Ҳинд жамиятида паст табақадагилар барча ҳурмат, шараф, тенглик ва энг оддий инсоний ҳуқуқлардан ҳам маҳрум эдилар. Улар учун илм олиш, таълим бериш ва дарс ўтиш ва руҳий юксакликларни орзу қилиш мумкин эмас.

«Вайда»ни ўрганиш, қурбонлик қилиш, олиҳалар ва бутларга назр аташ фақатгина бараҳманларга хос қилинган.

«Вайда» китобларига назар солиш ва уларни ўрганиш Шутри ва Вайш тоифаларининг ҳақидир.

«Манушаштир»нинг айтишича, паст табақадагилар фақат бир мақсад учун, олдин зикр этилган уч табақага хизмат қилиш учунгина яратилганлар, холос.

Қадимги Ҳинд аҳли Ҳимолай тоғлари ортидаги дунёни билмас эдилар. Уларнинг хорижий олам билан, бошқа халқлар билан алоқалари йўқ эди. Уларнинг бундоқ қилишга рағбатлари ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам уларнинг ичидан бирор набий, валий ёки ислоҳотчидан мазкур эълонга ўхшаш нарсани кутиш беҳуда ва вақтни зое қилишдан иборатдир.

Дарҳақиқат, «Роббул оламийн» ақийдасига эга бўлмаган диёнатдан оламларга раҳмат бўладиган Пайғамбарни излашнинг ўзи ақлга сиғмайдиган ишдир.

Рисолаи Муҳаммадиядаги раҳматнинг сон ва сифат жиҳатидан қиймати

Бир нарсани тақдирлаш ва уни ўзига муносиб жойга қўйишнинг икки хил ўлчови бўлади.

Биринчиси, сон жиҳатидан бўлган ўлчов.

Иккинчиси, сифат жиҳатидан бўлган ўлчов.

Ушбу Қуръон қилган эълон, мазкур икки ўлчовнинг икки томонини ҳам ўз ичига олган. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ва улуғ шахсиятлари, олиймақом ва бардавом таълимотлари инсониятга янгича ҳаёт ва фаолият бахш этди.

Бу нарсалар инсониятнинг дарду аламларидан шифо топишига, муаммоларини ҳал бўлишига, ғам-ғуссаларини тугашига ва қақраб ётган майдонига раҳмат, барака, бахт, саодат, хайрот ва нажот ёмғирини ёғишига бевосита сабаб бўлди. Ушбу бебаҳо Муҳаммадий атолар ўзининг кенглиги, кўплиги, ҳажми, сони, манфаати, фойдаси, жавҳари ва сифати жиҳатидан беназирдир.

«Раҳмат» сўзи кундалик ҳаётимизда кўп ишлатиладиган сўздир. Инсонга наф ва роҳат етказадиган ҳар бир нарсага «раҳмат» деса бўлади. Раҳматнинг турлари, навлари, даражалари ва мартабаларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Биримиз ўзининг иссиқ кунда чанқаган биродарига сув тутади. Мусофир ва ғарибга йўл кўрсатади. Ёзнинг иссиқ кунида уни елпиб қўяди. Она боласига меҳр кўрсатади. Ота фарзандига тарбия беради, илм ўргатади ва ҳаётга керакли нарсалар ила таъминлайди. Мударрис ўз шогирдларига дарс беради ва уларга ўзидаги илмларни тақдим этади. Очга таом бериш, меҳмонни зиёфат қилиш, ялонғочга кийим бериш ҳам шунга ўхшашдир. Буларнинг барчаси умумий раҳматнинг кўринишларидан бир кўриниш, унинг алвон рангларидан бир рангдир. Бу бизнинг тақдирлашимизга, ҳурматимизга ва ташаккуримизга лойиқдир.

Аммо раҳматнинг энг улкан кўринишларидан бири бизлардан биримизнинг ўз биродарини ўлим чангалидан қутқариб қолишидир. Бир бегуноҳ мурғак гўдакни жони чиқай деб турганини кўрмоқдамиз. У ўзининг охирги нафасини олмоқда. Онаси унинг ёнида йиғлаб турибди. Унинг назарида дунё қоронғи. Жигаргўшаси, маҳбуби ва меҳрдийдасидан умиди узилган. Ота бўлса ўзини қўярга жой топа олмай типирчилайди. Бирор дам солувчи, далда берувчи топа олмай хуноб. Шунда худди осмондан фаришта тушгандай ҳозиқ табиб пайдо бўлади ва:

«Шошманг! Ташвишланишга ўрин йўқ! Ноумид бўлманг!» дейди. Гўдакнинг оғзига табиб бир неча қатра давони томизиши билан у кўзини очиб, ҳаракатга тушади. Тасаввур қилинг-а, бу табибни Аллоҳ ушбу гўдакни қутқариш учун, уни ҳаётга қайтариш учун юборган раҳмат фариштаси деса бўлмайдими?

Мана шу жойда аввал санаб ўтган раҳматларимизнинг барчаси чиппакка чиқади ва ушбу раҳматнинг ажойиб кўриниши олдида эриб кетади. Албатта, у фақат гўдаккагина эмас, балки, унинг бутун оиласига раҳматдир.

Ҳассасига суяниб кетаётган кўзи ожиз кишини чуқур ўра ёки қудуқ бўйига бориб қолганини кўрамиз. Унинг келгуси қадами ўлим томон босиладиган қадам бўлиши мумкин. Шунда Аллоҳнинг бандаларидан бир банда тезлик билан бориб уни чуқурга қулашдан сақлаб қолади. Уни раҳмат фариштаси десак бўлмайдими?

Мана бу гўзал, ёш йигитни қаранг. Ота-онасининг кўз қорачиғи. Фақир оиланинг боқувчиси. Тезоқар дарёга чўкмоқда. Сувдан чиқишга ҳаракат қилмоқда. Аммо иложи йўқ. Бир одам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб сувга сакради-да, уни нажот соҳилига олиб чиқди. Ҳалиги йигитнинг отаси ёки акалари уни елкаларига кўтариб, қучоқларига меҳр ила босадилар. Умр бўйи ўз оилаларига қилган яхшилигини унутмайдилар. Айтинг-чи, раҳматнинг аввалги кўринишлари ушбу улуғ ва қимматли раҳматга тенг кела оладими?

Рисолаи Муҳаммадия башариятни бадбахтлик ва ҳалокатдан сақлаб қолган

Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир киши бутун бошли инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Ҳалокат билан ҳалокат, хатар билан хатар ўртасида катта фарқ бор. Анависи чегараланган, сатҳий ҳалокат ва ўткинчи хатар. Мана буниси эса, абадий ҳалокат ва доимий хатар. Шунинг учун ҳам бошқа раҳматлар муҳим ва улуғ бўлса ҳам анбиёларнинг башариятга кўрсатган раҳматларига тенг кела олмайдилар.

Қаршимизда ҳаётнинг қутуриб, мавж уриб турган денгизи бор. У нафақат ёлғиз кишиларни, балки бутун бошли халқлар ва юртларни ютиб юборган. Ҳазорот ва маданиятларни ҳазм қилиб юборган. Унинг улкан ва саркаш тўлқинлари худди тимсоҳнинг ўра каби оғзига ўхшаб очилади ва башар жамоаларига худди қутурган шердек ташланади. Ушбу ваҳший раҳмсиз денгиздан қандоқ қилиб ўтиб оламиз? Инсоният кемасини омонлик қирғоғига қандоқ олиб чиқамиз? Ушбу қаттиқ довулларда қолган, тоғдек мавжлар орасига тушиб қолган, йўловчига тўлган, денгизчиси ҳам, кемачиси ҳам йўқ кемани нажот соҳилига олиб чиқадиган кишигина инсониятнинг энг улкан қутқарувчиси ва унга фазл кўрсатган киши бўлиши мумкин.

Албатта, инсоният ўзига илм берганларга ташаккур айтади. Шунингдек, ўзига турли маълумотларни йиғиб берган, енгилликлар яратиб берган, роҳат-фароғат воситаларини тақдим этган, ҳаёт оғирликларини енгиллаштирган ва унинг довонларини ошиб ўтганларга ташаккур айтади. Албатта, у мазкурлардан бирортасининг ҳам ҳаққини поймол қилмайди. Уларнинг фазлини инкор ҳам қилмайди. Аммо инсониятнинг бош муаммоси ўзини уни пойлаб турган душманларидан қутқариб, кемасини саломатлик ва омонлик қирғоғига олиб чиқиб олишдадир. Ушбу денгизнинг тўлқинлари нимадан иборат? Ушбу денгизнинг йиртқич тимсоҳлари нимадан иборат?

Албатта, у ушбу борлиқни яратган Роббул оламинни танимаслик, Унинг олий сифатларини ва гўзал исмларини билмасликдир. Ширк, бутпарастлик ва санамларга ибодат қилиш тўрига тушиб қолишликдир. Бидъат, хурофот ва турли ваҳималарга берилишдир. У инсониятнинг табининг кирлашиши, Яратувчисидан ғофил қолишидир. У модда ва қорин бандаси бўлишдир. У ҳаддан ошишдир. У ҳаром қилинган нарсаларни бузишдир. У ёмонликка амр қилувчи нафснинг кўйига тушишдир. У ўз бурчини адо этишдан қочишдир. У ўз манфаати ортидангина қувишдир.

Инсоният учун энг улкан хатар ўз биносини бузишидир. Унинг асосий ғиштини ўз ўрнидан кўчиришидир. Инсон ўзининг қийматини, идрокини ва ҳаётдаги ғоясини унутишидир. У ўзини бўри, кўзойнакли ёки бўғма илон деб ҳис қилишидир. Инсон ушбу улкан ҳақиқатларни унутган чоғида бу дунё ҳаётининг денгизи алангаланиб турган оловга айланади. Ана шунда инсон ўз биродари инсонни овлашга ўтади. Илонлар, чаёнлар, бўрилар ва йўлбарсларга ҳожат қолмайди. Инсон ушбу инсоният ўрмонининг унинг олдида ҳақиқий бўрилар хижолат бўладиган энг катта бўрисига айланади. У ўзининг олдида ҳақиқий шайтонлар ҳам хижолат бўладиган бебош шайтонга айланади. Ана ўшанда инсон ўзи ёққан оловдан куйиб, қовуриладиган бўлади. Ундоқ оловни бошқа ердан олиб келишга ҳожат қолмайди.

Ана шундоқ зулматли ва қўрқинчли бир пайтда раҳмати илоҳийнинг майин шамоли эсади. Инсониятнинг чириган суяклари жонланади. Унинг кемасини маҳорат ва муваффақият ила бошқарадиган кемачилар пайдо бўлади.

Нубувватнинг вазифаси.

Унинг қутқариш ва саодатманд қилишдаги ўрни.

Анбиёлар амалининг табиати

Нубувватнинг вазифасини ва анбиёлар амалининг табиатини баён қилиш учун бир мисол келтираман. Ундан фалсафий далилларсиз ҳам нубувватнинг вазифасини ва ўрнини тушуниб оламиз.

Ҳикоя қилинишича, бир гуруҳ талабалар денгизда сайр қилиш учун кемага минибдилар. Уларнинг ўзлари тетик, вақтлари кўп эди. Умрида дарс ўқимаган уммий кемачи ҳазил-мутойиба, қочирим гап қилиб кулиш учун яхши ҳадаф эди. Талабалардан бири унга:

«Амаки, илмлардан нимани ўргангансиз?» деди.

«Азизим, ҳеч нарса ўргана олмадим», деди кемачи.

«Табиий илмларни ўрганмаганмисиз?» деди толиб.

«Йўқ. Улар ҳақида эшитмаганман ҳам», деди кемачи.

Шунда бошқа бир толиб гапга аралашиб:

«Математика, алгебраларни ўқигансиз-а?» деди.

«Ишонинглар, бу ғалати номларни биринчи марта эшитиб турибман», деб жавоб берди кемачи.

Учинчи бир шўхроқ толиб:

«Ишончим комилки, жўғрофия билан тарихни қотириб ўқиб қўйгансиз-а?» деди. Кемачи унга қараб:

«Бу иккиси шаҳар номими, одам номими?» деди.

Шу ерга келганда ёшлар ўзларини тута олмай кулиб юбордилар. Уларнинг қаҳқаҳаси атрофга тарқалди.

«Ёшингиз нечада?» дейишди кулиб бўлиб.

«Қирққа кириб қолдим», деди у.

«Умрингизнинг тенг яримини зое қилибсиз-да амаки!» дейишди ёшлар. Саводсиз кемачи маъюс ҳолда жим қолди. У ўз навбатини кутарди.

Бирдан денгиз тўлқинланиб, довул бошланди. Кучли тўлқин келиб кемага урила бошлади. Кема қаттиқ чайқалиб, тўлқинлар уни ютиб юборгудей бўлиб оғзиларини очиб ҳамла қила бошлади. Ёшлар изтиробга тушдилар. Улар биринчи бор денгизга чиққан эдилар. Кема ғарқ бўлиши муқаррар бўлиб қолди.

Энди саводсиз кемачининг навбати келган эди. У хотиржамлик ва виқор билан:

«Ҳа, болалар! Қандоқ илмларни ўрганган эдингиз?» деди.

Ёшлар ўзлари ўрганган илмларнинг узундан-узоқ рўйхатини айта кетишди. Аммо улар кемачининг мақсадини англашмас эди. Улар кўплаб номи улуғ илмларнинг исмларини санаб бўлишганидан кейин кемачи виқор билан ғолибона гердайиб:

«Болаларим, ушбу илмларни ўрганибсиз. Айтинг-чи сузиш илмини ҳам ўргандингизми? Худо кўрсатмасин, агар кема ағдарилиб кетадиган бўлса, соҳилгача қандоқ қилиб сузиб боришни биласизми?» деди.

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, бу илм биз ўрганмаган ягона илм экан», деди толиблар.

Бу гапни эшитиб кемачи маза қилиб кулди-да:

«Агар мен умримнинг яримини зое кетказган бўлсам, сизлар умрингизнинг ҳаммасини қўлдан берибсизлар. Чунки бу илмларингиз манави тўфонда сизга ёрдам бера олмайди. Сизларга фойда берадиган ягона илм сузиш илмидир. Уни эса сизлар билмайсизлар», деди.

Ғарқ бўлиш ҳолига келиб қолган инсониятни қутқаришда нубувватнинг вазифаси ва ўрни ана шундан иборат. Анбиё ва расулларнинг амалининг табиати, бошқа таълим-тарбиялардан ажраладиган жойи ҳам шунда. Улар башариятга «нажот илми»ни берурлар. Улар башариатга сузишни ва ҳаёт кемасини бошқаришни ўргатурлар.

Инсоният тарихи одамларнинг ахлоқининг бузилиши ва ёмон ишлари туфайли ҳаёт кемаси ғарқ бўлганда у билан қўшилиб барча башариат, цивилизация, фикрий, илмий, фалсафий маҳсуллар, шунингдек, барча шеърий, адабий ва баёний дурдоналар ҳам биргаликда ғарқ бўлишини кўрсатади. Ушбу кема ҳеч қачон адабий тушкунлик туфайли ғарқ бўлган эмас. Мадраса ёки дорилфунунларнинг озлигидан ғарқ бўлган эмас. Олий таълимнинг йўқлигидан ғарқ бўлган эмас. Ёки молу дунёнинг озлигидан, турмуш савиясининг пастлигидан ғарқ бўлган эмас. Бу кема инсон ўзини ўзи ўлдиришга тайёрлангани учун, ўзи яшаётган уйни бузувчи чўқморга айлангани учун ғарқ бўлган. Тарих инсон ақли кўпинча асабий хуружларга учраб яратувчилик ўрнига бузувчилик, барпо қилиш ўрнига йўқ қилиш йўлига кириб кетганига далолат қилади.

Ғарбпарастларнинг ҳайрат ва даҳшатга тушганларини кўрдик. Биз ҳолатнинг хунуклиги ва ишнинг ёмонлигидан ишонгимиз келмаса ҳам одамлар шавқу завқ билан ўз асосларини бузаётганларини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ҳолбуки, худди ўша асосга уларнинг улуғ фикрий ва маданий қасрлари бино қилинган эди. Ўша нобакорлар бу аҳмоқона ишларини худди оламшумул яхшилик қилаётгандек, ажойиб хизмат адо этаётгандек ихлос билан бажарар эдилар. Бу билан улар ўзларини ўзлари ўлим чоҳига тортар эдилар.

Жоҳилият асри ва унинг ағдарилишга ҳамда ўзини ўзи ўлдиришга

тайёрланиши тасвири

Олтинчи масиҳий асрда оламда ана шундоқ ҳолат ҳукм сурар эди. Биз унда ўзини ўзи ўлдиришга оммавий тайёргарлик кўрилганини мулоҳаза қиламиз. Ўша даврда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичгану, атаган назрию ичган қасамини амалга оширишга тиришаётганга ўхшар эди.

Қуръони карим ушбу манзарани ҳеч бир рассом, адиб, ривоятчи ёки тарихчи тасвирлай олмайдиган даражада аниқ тасвирлаб берган:

«Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди» (Оли Имрон, 103).

Тарихчиларни Аллоҳ раҳмат айласин. Улар бизга рисолаи Муҳаммадия воқеаларини тасвирлаб бераётганларида жоҳилиятни тўғри ва дақиқ тасвирлаб бермаганлар. Улар маъзурлар, ажру савоб эгасидирлар ва уларга ташаккур. Чунки адабиёт ва луғат захираси уларга ёрдам бера олмаган. Аслида бу нарса ҳайбатли ва катта, дақиқ ва муъаққад бир нарсадир. Уни қалам билан, луғавий қудрат билан ва баёний салоҳият билан васф қилиб бўлмайди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар этиб юборилган аср ижтимоий ва ахлоқий тушкунлик муаммоси асри эдими? Ёки бутпарастлик муаммоси асри эдими? Ёки у ароқхўрлик, қиморбозлик, беъманилик, зулму истибдод муаммоси асри эдими? Ёки золимона иқтисодий қонунлар ва ситамкор ҳокимлар муаммоси асри эдими? Ёки қизларни тириклай кўмиш муаммоси асри эдими? Йўқ! У аср бутун бошли инсониятни тириклай кўмиш муаммоси асри эди!

Бу босқич тугаб битди. У авлод инқирозга учради. Мазкур хунук кўриниш кишилар тасаввуридан ғойиб бўлди. Энди уни қандоқ тасаввур қила оламиз? Қандоқ қилиб уни кўз билан кўриб, қўл билан ушлайдиган қиламиз? Бу ҳақда, у жоҳилият асрида бўлиб, уни тўла тушиниш учун унда яшаш ва унинг ўтида куйиш керак, дея оламиз, холос.

Агар бирор суратчи ўша пайт инсонини тасвирламоқчи бўлса ғоятда чиройли, саломат, хушбичим ва сарвиқомат бир одам суратини чизарди. Инсон ҳамма нарсани яхшилаб яратувчи Аллоҳнинг санъати намунасидир. Унга фаришталар ҳам ҳавас қилганлар. Аллоҳ уни Ўзининг халифаси қилган. У бутун мавжудоднинг зийнатидир. У ҳақиқат ва ирфонинг мағзидир. Унинг сабабидан ушбу ер харобадан ободга айлангандир. Ҳалиги суратда ана ўша инсон, ўзини ичида олов ловуллаб турган катта хандаққа ташламоқчи бўлиб тургани тасвирланган. У ўзининг бор кучини йиғиб, кийимларини йиғиштиб, бир оёғини хандақ томон кўтариб турибди. Бир неча лаҳзадан сўнг ўлим зулматига ўзини уради. Ушбу тасвир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар этиб юборилган пайтдаги инсоният ҳолини бир оз тасвирлаган бўлади. Қуръон бу ҳолатга ишора қилиб, қисқа этиб:

«Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди», дейди.

Ушбу ҳолатни тасвирлаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли, худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳайвон ва капалакларга ўхшайди. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турувчиман, сиз эса ўзингизни оловга урасиз».

Ушбу қиссадаги катта муаммо инсоният кемасининг Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоятида нажот қирғоғига соғ-саломат чиқиб олмоғи эди. Чунки инсон рисоладагидек бўлиб, унинг табиати мўътадил, ҳаёти мувозанатли бўлганда барча бунёдкорлик ва тарақиётга оид режалари, адабий ва илмий режалари амалга ошади.

Шундан келиб чиқиб, бутун инсоният анбиё алайҳиссаломлар олдида қарздордир, деймиз. Чунки улар инсониятни бўйнида қиличдек осилиб турган турли хатарлардан қутқарганлар. Барча илмий режалар, ижтимоий лойиҳалар, фикрий ёки фалсафий мактаблар уларнинг фазлидан холи эмас. Шунингдек, ҳозирги олам ҳам уларнинг олдида ўзининг боқий қолгани, бардавом бўлгани ва ҳаёт ҳаққига эришгани учун қарздордир.

Чунки, инсоният тили билан эътироф қилмаса ҳам, ҳоли билан кўп марта бу ҳақиқатни эътироф қилгандир. У кўп марта ўзида ҳаёт ҳақи қолмаганини, раҳм-шафқат қолмаганини, файзу барака, яхшилик қолмаганини тан олган.

Инсоният илоҳий маҳкамада бир неча бор ўзига қарши ўзи даъво очган ва ўзига қарши гувоҳлик ҳам берган. Унинг иши бўйича тўлган дафтарлар охирги ва одил ҳукм чиқиши учун тайёр ҳам бўлганди. Инсон ўзини тасаввур қилиш мумкин бўлган энг катта уқубатга тутган эди. Балки ўлим ҳукмига сазовор бўлган эди. Бунинг ажабланадиган жойи ҳам йўқ. Маданият ўзининг табиий чегарасидан, ўз қобиғидан чиққанда, ахлоқий қадриятларни бутунлай унутганда ёки уларга очиқ-ойдин куфр келтирганда ва инсон барча гўзал ғоялардан, шарафли мақсадлардан ғофил бўлганда, моддий манфаатлардан бошқа ҳамма манфаатларни ёддан чиқарганда, унинг қалби бўрининг, қоплоннинг ёки йўлбарснинг қалбига айланиб қолади. Ана ўшанда унинг жисмида бир хаёлий ёки сунъий қорин пайдо бўлади. Уни ёмонликка амр қиладиган нафс пайдо бўлади. У беқарор бўлиб қолади. Ҳеч бир нарса унинг йўлини тўсмай қўяди. Инсониятни жунуннинг шиддатли хуружи тутганда Аллоҳ унга бир гуруҳ жарроҳларни ёки бир тўп қонхўрларни юборади. Пичоқлар ишга тушиб шиш ва яраларни кесиб, тозалай бошлайди.

Албатта, маданиятнинг бузилиши, унинг қутуриши ва жинни бўлиши подшоҳлик ва диктатуранинг жиннилигидан кўра ашаддийроқ, ёмонлиги ундан кўра хунукроқдир. Чунки бир кишининг жинни бўлиши бир маҳалланинг тинчини бузиши мумкин. Аммо инсониятнинг барчаси жинни бўлганда, маданият ифлосланганда, инсоний табиат бузилганда нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а! Унинг давоси бўлиши мумкинми?

Жоҳилият даврида маданият бузилибгина қолмай, балки унинг вужуди ҳам сасиб кетган эди. Инсон ўз биродари инсонни овлар, уни ўлдиришдан, ўлими олдидаги қийналишидан ҳузурланар эди. Бу худди бизлардан биримиз боғу роғларни, гулзорларни кўриб ҳузурлангани сингари эди. Ўша пайт инсони азобланаётган инсоннинг инграшидан, дод-войидан ва зорланишидан ёқимли шароб, иштаҳали таом ёки гўзал манзарадан ҳузурлангандек ҳузурланар эди.

Оврупо қаҳрамонликлари, улуғворлиги, қонунлари ва маданиятини қўшиқ қилиб куйлайдиган Рим тарихига назар солиб кўринг. Унда инсон бемеҳрлигининг жонли мисолини кўрасиз.

Ликий «Оврупо ахлоқи тарихи» номли китобида инсоннинг нодир ваҳшийлигидан бир кўринишни қуйидагича тасвирлайди:

«Рим аҳлининг сеҳрлаган манзаралардан энг олийси, улар учун энг яхши ва ҳузурбахш нарсаларнинг бири ўз жинсидан бирининг галадиаторлар олишувида қонга беланиб йиқилиши эди. Ана ўшанда одамлар ўзларини тута олмай қолар эдилар. Мазкур ваҳшиёна манзарани яқинроқдан кўриш учун ёшу қари, эркагу аёл, ҳатто болалар ҳам бир-бирини туртиб олдинга ташланишар эди. Улар ўз қавмидан, юртидан бўлган бир кишининг қийналиб ўлишини шунчалик шодлик билан олқишлашар эди. Унинг ўлими олдидаги инграши улар учун ҳар қандай мусийқо, қўшиқ ва қушларнинг сайрашидан кўра ёқимлироқ эди. Тартибни сақлашлари лозим бўлган миршаблар ҳам бундоқ тўполоннинг олдида қўлларидан бир нарса келмай лол қолар эдилар».

Ўша пайтда жоҳилиятнинг пойдевори ўз ўрнидан кўчган эди. Балки у парчаланиб кетган ва уни ислоҳ қилишдан умид йўқ эди. Инсоният илоҳий маҳкама қаршисида туриб ўзининг охирги ҳукмини кутар эди. Ана шундоқ бир пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилдилар ва осмондан у зотга:

«Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деб нидо қилинди.

Рисолаи Муҳаммадия ҳисобида янги олам

Биз яшаб турган авлод ҳам, биздан кейин келадиган авлодлар ҳам, ҳамма-ҳаммаси рисолаи Муҳаммадиянинг ва унинг шомил ва боқий даъватининг ҳамда самарали уринишларининг ҳисобида борлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Чунки у, энг аввало, инсониятга таҳдид солиб турган қилични унинг бошидан олди ва унга кўплаб яхшиликлар, ҳадялар ва атолар арғумон этди. У инсониятга янги руҳ, янги ҳаракат, ҳиммат, орзу, иззат ва каромат, тўғри мақсад, олиймақом ғоя берди. Ушбу арғумонлар туфайли инсоният янгича улуғворликка, маданиятга, дунёқарашга, ихлосга ва бошқа кўпгина ўзи учун зарур бўлган нарсаларга эга бўлди.

Рисолаи Муҳаммадиянинг олти арғумони ва уларнинг инсоният тарихидаги таъсири

Энди рисолаи Муҳаммадиянинг башариятни ислоҳ қилиш, тўғри йўлга бошлаш, уйғотиш ва ривожлантириш учун тақдим қилган кўплаб арғумонларидан олтита арғумонни мисол тариқасида зикр қиламиз. Улар аввалги қолоқ оламга бутунлай ўхшамайдиган янги бир олам барпо қилгандир.

Пок ва равшан тавҳид ақийдаси

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи катта хизматлари, инсониятга пок ва равшан тавҳид ақийдаси арғумон қилганларидир. Бу ақийда инқилобий ва мўъжизавий бир ақийдадир. У қувват ва ҳаётийлик ила отилиб чиқадир. У вазиятларни ўзгартириб юборувчидир. У ботил олиҳаларни парчаловчидир. Инсоният унга ўхшаш нарсани кўрмаган ва қиёматгача кўрмайди ҳам.

Ўзича бўлмағур даъволарни кўтариб юрган, шеър, фалсафа, сиёсат ва жамиятшуносликдан иборат пуч гапларни опичлаб юрган инсон, халқлар ва юртларни қайта-қайта мустамлака қилган, тошлардан гул ясаган, тоғлардан анҳорлар чиқарган инсон, гоҳида худоликни даъво қилган инсон, ҳа, ўша инсон турли бўлмағур, зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган нарсаларга сажда қилар эди.

«Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди» (Ҳаж, 73).

У ўзи ясаган нарсаларга рукуъ қилар эди. Ундан қўрқар эди. Ундан яхшиликни умид қилар эди. У тоғлар, анҳорлар, дарахтлар, ҳайвонлар, руҳлар, шайтонлар ва бошқа табиий нарсаларга сажда қилибгина қолмасдан, балки ҳашорот ва қурт-қумурсқаларга ҳам сажда қилар эди. У ўз ҳаётини бор бўйича турли васвасалар, хаёллар, ваҳималар, хомхаёллар ва алғов-далғов фикрлар билан ўтказар эди. Бунинг табиий натижаси ўлароқ у қўрқоқ, заифҳол, фикран тутуриқсиз, нафсан изтиробли, ишончи ва истиқрори йўқ шахсга айланган эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундоқ аянчли ҳолга тушиб қолган инсониятга пок, дақиқ, содда ва осону равшан тавҳид ақийдасини арғумон этдилар. Бу ақийда ҳимматларни қўзувчидир. Ҳаётнинг боисидир. У ила инсоният барча хавф ва қўрқинчлардан холос бўлди. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган бўлди. Инсон Аллоҳнинг Ўзигина фойда ва зарар келтирувчи, берувчи ва олувчи эканлигига ҳамда У зотнинг ягона Ўзигина башариятнинг ҳожатларини чиқарувчи эканига аниқ ишонди. Ушбу янги маърифат туфайли унинг назарида бутун олам ўзгача бўлди. У барча қуллик ва қарамликдан озод бўлди. У махлуқлардан умидвор бўлиш ёки қўрқиш ҳиссидан ҳам озод бўлди. Хаёлни учириб, фикрни чалғитадиган барча нарсалардан ҳам қутулди. У ўзининг Аллоҳнинг энг шарафли халқи, ер юзининг улуғи, Аллоҳнинг халифаси эканини англаб етди. У ўз Роббиси ва Холиқига итоат қилиб, Унинг амрларини бажаришга ўтди. У шу билан инсонийликнинг улуғ шарафини юзага чиқарди.

Ҳа, рисолаи Муҳаммадия инсониятга «тавҳид ақийдаси» номли улкан туҳфани арғумон этди. Бу ақийда авваллари бошқа ақийдалар олдида мажҳул ва мазлум эди. Энди унинг садоси бутун оламга тарқалди. Дунёдаги оламшумул фалсафалар ва даъватлар ундан таъсирландилар.

Баъзи ширк ва кўпхудолик асосида пайдо бўлган ва бу нарсалар қон-қонига сингиб кетган катта диёнатлар охири келиб паст овоз билан бўлса ҳам, қулоққа шивирлаш ила бўлса ҳам Аллоҳ ягона ва Унинг шериги йўқлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Улар ўзларининг ширкка оид ақийдаларини фалсафий тавил қилиб ширк ва бидъатлардан ўзларини олиб қоча бошладилар. Улар ўзларининг ақийдаларини Исломдаги тавҳид ақийдасига ўхшата бошладилар. У диёнатларнинг бошлиқлари ширкни зикр қилишдан хижолат бўладиган бўлиб қолишди. Ушбу туҳфа рисолаи Муҳаммадия инсониятга ҳадя қилган туҳфаларнинг энг қимматлиси бўлди.

Инсоният бирлиги ва башарият тенглиги асоси

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан иккинчиси инсоният бирлиги ва башарият тенглиги тасаввуридир.

Авваллари инсонлар турли халқлар, қабилалар, ирқлар ва табақаларга бўлинар эди. Улардан баъзилар устин, бошқалари остин ҳисобланарди. Мазкур табақалар орасидаги тафовут жуда ҳам улкан бўлиб, баъзида инсон билан ҳайвон, ҳур билан қул ва обид билан маъбуд орасидаги тафовутга тенг келар эди. Бу ерда инсоният бирлиги ва башарият тенглиги ҳақида мутлақо фикр ҳам юритилмас эди. Бас, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ давом этган сукунатдан ва зулматдан сўнг мазкур инқилобий, ақлларни даҳшатга солувчи ва вазиятларни ўзгартирувчи эълонни қилдилар:

«Эй одамлар! Албатта, сизнинг Роббингиз бирдир. Албатта, сизнинг отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одамдансиз. Одам тупроқдандир. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан фазли йўқ, магар тақво ила», дедилар.

Ушбу эълон ўзида икки эълонни мужассам қилган. Иккиси ҳам эминлик ва тинчликнинг асосий таянчларидир. Барча замонлар ва маконларда шу иккиси асосида тинчлик бўлган. Уларнинг бири, Роббнинг бирлигидир. Иккинчиси, башариятнинг бирлигидир. Инсон икки тарафлама инсонга биродардир. Инсон икки марта инсонга биродардир. Биринчи марта Роббнинг бирлиги туфайли. Иккинчи марта отанинг бирлиги туфайли.

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир» (Нисо, 1).

«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот, 13).

Албатта, бу боқий калималарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ўз тиллари ила эълон қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу калималарни эълон қилган пайтда олам улардаги журъат ва ошкораликни ҳазм қила оладиган ҳолатда эмас эди. Бу эълон ўша пайтдаги олам учун катта ва шиддатли зилзиладан ўзга нарса эмас эди.

Бугунги кунда инсоният босиб ўтган илм, фаҳм ва инсоний фикр йўлидаги узоқ ва машаққатли йўл Ислом даъвати, исломий жамият пайдо бўлиши, даъватчилар, ислоҳчилар, мураббийларнинг ҳаракати фазли ила ушбу улкан ва оламшумул эълонни оддий кундалик ҳақиқатга айлантирди. Бугунги кунда мазкур эълонни дунёдаги барча сиёсий ва ижтимоий муассасалар ўзининг шиори қилиб олганлар. Жумладан, БМТ байроғини кўтарган «Инсон ҳуқуқлари хартияси» ҳам. Ҳар бир давлат, ҳар бир ташкилот инсон ҳуқуқлари ва тенглиги тўғрисида қиладиган баёнотлар ҳам Ислом таълимотларидан кўчирмадир. Аммо аввалги вақтларда, баъзи халқлар ва оилалар ичида ашрофлик эътиқоди давр сурган, ўзларини башарлик савиясидан юқори тутган, баъзи оила ва сулолалар ўз насабини ой, қуёш ёки Аллоҳга «Аллоҳ золимлар айтадиган нарсадан жуда ҳам олий бўлди» деб нисбат берганда инсоният қаерда эди?! Қуръони карим бизларга яҳудий ва насороларнинг гапини ҳикоя қилиб берган:

«Яҳудий ва насоролар: «Биз Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг маҳбубларимиз», дедилар» (Моида, 18).

Миср фиръавнлари ўзларини қуёш худоси Раунинг бир кўриниши деб даъво қилар эдилар.

Ҳиндистонда бўлса «Сурж банси» — қуёш ўғиллари ва «Жундур банси» — ой ўғиллари номли икки машҳур оила бор эди. Эроннинг кисро(подшо)лари ўз томирларида илоҳнинг қони оқишини даъво қилардилар. Аҳоли уларга муқаддас ва илоҳий шахслар сифатида қарар эдилар. Милодий 590—628 йилларда яшаб ўтган кисро Абрувезнинг васфида: «Олиҳаларда фоний бўлмас инсондир. Башарда иккинчиси йўқ илоҳдир. Калимаси олийдир. Мажди юқоридир. Қуёш ила ўз ёғдуси ила чиқадир. Қоронғу кечаларда ўз нури ила мунаввар қиладир», дейиларди.

Қайсарларнинг ҳам олиҳалари бор эди. Ким юртнинг бошқаришни ўз қўлига олса унинг ўз илоҳи бўларди. Уларнинг лақаби «август», яъни маҳобатли ва буюк эди.

Хитойликлар императорни осмоннинг ўғли деб эътиқод қилишарди. Уларнинг ақийдаси бўйича осмон эркак, ер аёл бўлиб иккисининг бирлашишидан борлиқ туғилган эмиш. Император эса ушбу эру хотиннинг биринчи ўғиллари экан.

Араблар эса ўзларидан бошқаларни ажам ҳисоблашар эди. Қурайш қабиласи ўзини араб қабилаларининг энг шарафлиси деб биларди. Ҳаж мавсумида ўзини имтиёзли тутарди. У одамлардан бошқа жойда туриб, бошқа алоҳида бир жойда юрарди. Ҳожиларга қўшилиб Арафотда турмас эди. Балки ҳарамда қолиб, Муздалифада турар эди. Улар, биз Аллоҳнинг юртидаги аҳлларимиз, биз Унинг байтининг аҳлимиз, дер эдилар.

Инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлиги эълони

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлиги эълонидир.

Бу инсоннинг шарафи ва қадари олийлиги эълонидир. Рисолаи Муҳаммадиядан аввал инсон хорлик ва зорликнинг энг паст даражасига тушган эди. Ер юзида ундан кўра кичикроқ ва ҳақирроқ нарса йўқ эди. Баъзи бир турли афсона ҳамда эътиқодлар ила қамралган «муқаддас» ҳайвон ва дарахтлар ҳам ўз «банда»лари наздида инсондан кўра улуғ эди. Уларга инсонлар қони ва гўштидан виждонлар қийналмаган ҳолда қурбонликлар қилинар эди. Бу нарсаларнинг баъзи манфур намуналарини йигирманчи асрда Ҳиндистонга ўхшаш тараққий этган юртларда кўрдик.

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга унинг шарафини ва кароматини қайтариб бердилар. У зот унга унинг эътиборини ва қадр-қийматини қайтардилар. У зот инсон ушбу борлиқдаги энг азиз мавжудот эканини, бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар эканини эълон қилдилар. Инсондан кўра муҳаббатга, муҳофаза қилишга ҳақлироқ ва лойиқроқ ҳеч нарса йўқдир. Исломда инсоннинг мартабаси энг юқори нуқтага кўтарилди. У Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш даражасига эришди. Аллоҳ оламни унинг учун халқ қилгандир. У ёлғиз Аллоҳнинг халқидир.

«У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот» (Бақара, 29).

«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70).

Инсоннинг мукаррамлиги ва унинг улуғлиги эътирофига у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидан кўра яхшироқ далил йўқ:

«Халойиқ Аллоҳнинг аҳлидир. Халойиқнинг Аллоҳ ҳузурида энг маҳбуби У зотнинг аҳлига яхшилик қилганлардир».

Инсоннинг улуғворлиги ва унга хизмат ва меҳрибонлик қилиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш эканлигига энг кучли далил қуйидаги ҳадиси шарифдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни:

«Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандоқ қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.

«Билмадингми? Бандам фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан сероб қилишни сўрадим, Мени сероб қилмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандоқ қилиб, Сени сероб қилай? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер. Шунда у зот:

«Бандам фалончи сендан сероб қилишни сўради. Сен уни сероб қилмадинг. Агар сен уни сероб қилганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди».

Муслим ривоят қилган.

Инсоннинг улуғворлигини, унинг олий мартабалигини ушбу эълондан кўра равшанроқ ва фасоҳатлироқ эълон қилиш мумкинми?! Инсон ушбу олий мартабага ва шарафга қадимда ҳам, ҳозирда ҳам ҳеч бир диёнат ёки фалсафада етганми?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун Бани Одамга раҳм кўрсатишни асосий шарт қилиб қўйдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳм қилувчиларни Роҳман раҳм қилур. Ер юзидаги бандаларга раҳм қилсангиз, сизни осмондаги зот раҳм қилур», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният бирлиги ва каромати ҳақидаги ушбу даъват ила чиқишларидан ҳамда бу ғоя йўлида керакли жиҳод қилишларидан олдин оламнинг ижтимоий ва сиёсий ҳолати қандоқ эканини биласизми?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юборилишларидан олдин бир одамнинг шаҳватининг, ҳавои нафсининг баҳоси минглаб, юз минглаб одамларнинг жонидан кўра қимматроқ ва юқорироқ турар эди. Бир подшоҳми ёки императорми ҳушига тушиб қолса юртларни кул, халқларни қул қилиши ҳеч гап эмас эди. У ўзининг пасткаш ниятига эришиш йўлида одамларни чопиб, наслларни ва ҳосилларни янчиб, ҳўлу қуруқни пайҳон қилиб битириши ҳеч гап эмас эди.

Искандар дегани чиқиб, Ҳиндистонга етгунича ўз йўлидаги барча цивилизация ва маданиятларни маҳв этди. Хисрав дегани туриб, одамларни ҳайвон овлагандек овлади.

Бизнинг замонимизда икки марта жаҳон уруши бўлди. Уларда ўн милёнлаб одамлар қурбон бўлди. Бу нарсаларнинг барчаси ирқчилик, шахсий манманлик, ҳокимият шаҳвати ва бозор талашиб бўлди.

Умидсизлик ва шумланишга қарши кураш.

Инсонда орзу-умидни ва ўзига ишонч руҳини тирилтириш

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан тўртинчиси умидсизлик ва шумланишга қарши кураш ва инсонда орзу-умидни ва ўзига ишонч руҳини тирилтиришдир.

Ислом келишидан олдин одамлар Аллоҳнинг раҳматидан ноумид ва инсондаги яхшиликларни инкор этиш ҳолига тушиб қолган эдилар. Уларнинг бундоқ ҳолга тушишларида ўша вақтдаги қадимий шарқий диёнатларнинг ва Оврупо ва Яқин Шарқдаги бузилган масиҳийликнинг ҳиссаси катта эди.

Ҳиндистондаги қадимий диёнатлар таносух ақийдасига эътиқод қилар эдилар. Бу эътиқод бўйича инсон иродасига ва тасарруфига мутлақо ўрин йўқ эди. Ҳар бир инсон иложсиз қандайдир уқубат тортмоғи лозим эди. Бунинг учун у қандайдир ёввойи йиртқич, уй ҳайвони ёки пасткаш ҳайвон ёхуд азобланган инсон шаклига кирмоғи зурур эди.

Масиҳий диёнати эса, инсон туғилишидан ва яратилишидан осий ва гуноҳкор бўлиши, Масиҳ ана ўша гуноҳлар учун каффорот ва қурбон бўлганлиги ҳақидаги эътиқодни олға сурар эди. Албатта, бу эътиқод ўз-ўзидан оламнинг маданиятли ўлкаларидаги масийҳийликка эргашган милёнлаб кишилар қалбида шумланиш, келажакдан ва илоҳий раҳматдан умидсизлик руҳини жо қилди.

Мана шундай бир вақтда Пайғамбар алайҳиссалом инсон табиати пок-покиза эканлиги, унга ҳали бирор нарса битилмагани, унга энг гўзал нарсалар нақш қилиниши, энг гўзал ёзувлар ёзилиши мумкинлигини эълон қилдилар. Ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўзи бошлаши, савоб, гуноҳ ва жаннату дўзах унинг ўзининг амалига қараб бўлишини эълон қилдилар. Қуръони карим кўплаб жойларда ҳар бир инсон фақат ўз амалидангина масъул эканлиги, ўз қилганига қарабгина савоб ёки иқоб олишини таъкидлади:

«Ҳеч бир гуноҳкор жон бошқанинг гуноҳини кўтармас. Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ. Ва, албатта, унинг қилмиши тезда кўринар. Сўнгра жазо ёки мукофоти тўлиқ берилар», деб» (Нажм, 38—41).

Ушбу эълон инсонга ўз табиатига ва табиий имкониятларига бўлган йўқолган ишочни қайта тиклади. У ўзига Ислом томонидан берилган кучли азиймат, зиёда ҳиммат ва янгича қувват ила ўз келажагини ва инсоният келажагини барпо қилишга киришди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятлар, гуноҳлар, хатолар ва адашувлар инсон ҳаётида ўткинчи нарсалар эканлигини, инсон уларни билмасдан, ғурурга кетиб, тушунмасдан, шайтоннинг иғвосига учиб, ҳавои нафснинг куйига тушиб қилишини эълон қилдилар. У зот яхшилик, гуноҳни эътироф қилиш, афсус-надомат инсоннинг жавҳарида борлигини ва Аллоҳга ёлбориш, тазарруъ қилиш ва гуноҳдан бутунлай қайтишга азму қарор қилиш инсоннинг шарафи эканлиги ва Одам отадан қолган мерослигини ҳам эълон қилдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳ ва разолатга қулоқларидан ботган хатокорларга тавбанинг эшигини кенг очиб қўйдилар ва унга одамларни умумий равишда даъват қилдилар. У зот тавбанинг фазлини етарлича шарҳ қилиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг бу улуғ асосини қайта тирилтирдилар ва шунинг учун ўзларининг гўзал исмлари қатори «набийюттавба»—тавба Пайғамбари лақабини олдилар. Чунки у зот тавбага зарур бўлиб қолганда ишлатиладиган нарса деб эмас, балки энг афзал ибодатлардан бири деб қарадилар. Инсон тавба воситаси ила тез вақтда қурбат ва валийликнинг олий даражаларига эришадиган бўлди. Бу даражага Аллоҳнинг обид, зоҳид, аброр ва ахёр бандалари ҳавас билан қарайдиган бўлди.

Қуръон тавбанинг фазлини ва кенглигини ҳамда инсонни энг катта гуноҳлардан покланиш йўлларини қалбларни ларзага соладиган ажойиб бир услубда баён қилиб берган. У осий ва гуноҳкорларни, ҳавои нафс ва шайтон қулларини Аллоҳдан паноҳ сўраш, У зотга қараб қочишга чақирди.

«Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт» (Зумар, 53).

«Тавба» сурасидан олинган келаси оятда Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаларидан бир неча тоифасини зикр қилади ва ушбу рўйхатни тавба қилувчиларни эслаш билан бошлайди:

«Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» (Тавба, 112).

Ўз гуноҳидан қайтиб тавба қилган бандага бўладиган бундоқ улуғ мартаба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб туриб узрсиз Табук ғазотига бормай қолган уч кишининг тавбасининг қабул бўлганини эълон қилганда яққол кўринди. Аввало Қуръон мазкур ғазотдан қолмаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорийларни зикр қилишдан бошлади. Ундан кейингина ҳалиги уч кишини зикр қилди. Буни ўша ғазотдан узрсиз қолганлар ўзларини ноқулай сезмасликлари учун қилди. Дунё тарихида, динлар тарихида, фалсафалар ва тузумлар тарихида бундан гўзалроқ тавба қабул қилиш борми, ўзи?!

«Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир.

Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир» (Тавба сураси, 117—118-оятлар).

Сўнгра Қуръон асосий қоида сифатида Аллоҳнинг раҳмати кенглигини ва У зотнинг раҳмати ғазабидан олдин эканлигини эълон қилди.

«Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф сураси, 156-оят).

Ҳадиси қудусийлардан бирида:

«Албатта, Менинг раҳматим ғазабимдан ўзиб кетгандир», дейилган.

Аллоҳ Қуръонда Яъқуб алайҳиссалом тилларидан:

«Ҳақиқатда Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар» (Юсуф сураси, 87-оят).

Бошқа бир жойда Иброҳим алайҳиссаломнинг гаплари зикр қилинади:

«Фақат залолатга кетган кишиларгина ўз Роббининг раҳматидан ноумид бўлурлар» (Ҳижр сураси, 56-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тавбага оммавий очиқ даъват ила, унинг фазлини, кенглигини ва шомиллигини баён қилиш ила ҳоли танг бўлиб қолган инсониятни умидсизлик, шумланиш дардидан қутқариб қолдилар.

Дин ва дунёни жамлаш ва тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни бирлаштириш

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга тақдим қилган улкан хизматларнинг бешинчиси дин ва дунёни жамлаш ва тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни бирлаштиришдир.

Қадимги диёнатлар, хусусан, масийҳийлик инсон ҳаётини икки қисмга: дин ва дунёга тақсимлаган. Улар ер куррасини икки лагерга: дин одамлари ва дунё одамларига бўлгандир. Бу икки тоифа иккига бўлинибгина қолмай, уларнинг орасида қалин тўсиқ ҳам бор эди. Икки томон бир-бири билан бардавом келишмовчиликда эди. Улардан ҳар бири дин билан дунё ўртасида хусумат бор деб эътиқод қилар эди. Агар инсон мазкур икки нарсадан бирини ихтиёр қилмоқчи бўлса, албатта, иккинчисидан воз кечиши, унга қарши уруш эълон қилиши керак эди. Уларнинг айтишларича, бир одам бир вақтнинг ўзида икки кемага миниши мумкин эмас эди. Иқтисодий ҳаракат қилиш ва бу соҳада муваффақиятга эришиш охиратдан ғофил қолиш ва осмонлару ернинг Холиқидан юз ўгириш туфайли бўлмоғи керак эди. Диний ва ахлоқий таълимотларни тарк қилмай туриб ҳеч бир ҳукм ёки раҳбарликка эришиб бўлмас эди. Аксинча тарки дунё қилмай туриб диндорлик қилиб бўлмасди.

Инсон енгилликни яхши кўриши маълум ва машҳур. Одатда ҳалол ҳузур-ҳаловат, тараққиёт, иззат, куч-қувват ва раҳбарликка изн бермайдиган ҳар бир диний фикр башарият учун керакли бўла олмайди. Чунки бундоқ иш соф инсоний табиатга қарши курашдан иборатдир. Ана ўша кураш натижасида кўплаб ақл-заковат ва илму ирфон соҳиби бўлган кишилар диндан юз ўгириб, дунёга юз тутган эдилар. Улар бу ишни ижтимоий ҳожатмандлик, воқеъдаги ҳақиқат деб билишган эди. Шунинг учун улар ҳаётни яхшилашга, унинг лаззатлари ортидан қувишга ўтиб кетдилар. Уларда диний ва руҳий тараққиёт учун имкон қолмаган эди.

Динни тарк этганларнинг кўплари уни дунё билан чиқиша олмайди деган гумон асосида тарк этган эдилар. Дунё вакили бўлган ҳукм ва сарой эгалари динга қарши исён қилдилар. Унинг қайдларидан ажраб чиқишга ҳаракат қилдилар. Дин билан дунё орасидаги ушбу ажраш, дин арбоблари билан дунё асҳоблари орасидаги ўзаро душманлик худосизлик ва динсизликка кенг йўл очди. Бунинг биринчи қурбони ғарб бўлди. Кейин унга фикр, маданият ва илмда қарам бўлган халқлар бўлди.

Ишни янада чигаллашишига масиҳийликнинг мутаассиб даъватчилари сабаб бўлдилар. Улар инсоний табиатни руҳий покланиш, осмон ила боғланиш йўлидаги энг катта тўсиқ ҳисоблашар эдилар. Улар инсоннинг тўғри маънодаги хоҳишларини турли шафқатсиз ҳукмлар ва зулмкор таълимотлар ила хорлашда, азоблашда, пастга уришда барча куч-ғайратларини аямадилар. Улар динни иймон келтирганларнинг терилари жунжикиб кетадиган равишда ваҳшийлик сурати қилиб кўрсатишди. Охир-оқибатда диннинг ҳайбати йўқолди. Ҳавои нафсга ибодат қилиш ўз чўққисига чиқди. Дунё икки қарама-қарши тараф ўртасида чайқала бошлади. Ва ниҳоят дин заифлашиб, дунё динсизлик ва ахлоқий бузуқлик жарига қулаб тушди.

Рисолаи Муҳамадия амаллар ва ахлоқларнинг асоси улардан кўзлаган мақсад эканини барча уфқларга баланд овоз ила нидо қилиб етказди. У нарсага «ният» деган ном берди. У зот:

«Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилганига яраша», дедилар.

Инсон ихлос ила Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг амрига бўйсуниб, қайтарганидан қайтиб қилган ҳар бир амали Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш воситадир. Ана ўша восита ила иймоннинг олий мақомларига, диннинг юксак мартабаларига етиш мумкин бўлди. Агар ўша иш жиҳод, уруш, ҳукм, идора, ернинг пок нарсаларидан ҳузурланиш, нафснинг талабларини қондириш, ризқ талаб қилиш, вазифа бажариш, ҳалол йўл билан кўнгил ёзиш, оилавий ва эр хотинлик ҳаёти бўлса ҳам барибир. Буларнинг барчаси ибодат ва диний хизмат ҳисобланади.

Аксинча, агар амал Аллоҳнинг розилигини талаб қилишдан, Унинг амрларига бўйсунишдан, қайтарганларидан қайтишдан холи бўлса, дунё ҳисобланади. Агар ўша амал фарз намоз, ҳижрат, жиҳод, зикр, тасбиҳ ва Аллоҳнинг йўлидаги уруш бўлса ҳам барибир. Уларни қилган одам савоб олмайди, унга офат бўлиб қайтади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга арғумон этган бешинчи улкан хизмат туфайли дин билан дунё орасидаги ажраш йўқ бўлди. Доимий хусумат ва душманликда келаётган бу икки нарса бир-бири билан дўстлашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирлик ва дўстлик Пайғамбаридирлар.

У зот инсониятни икки бир-бирига қарама-қарши жабҳадан олиб иймон ва савоб, башариятга меҳр, Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш жабҳасида бирлаштирдилар. У зот бизга қуйидаги жамловчи дуони таълим бердилар:

«Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин» (Бақара, 201).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги:

«Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир» (Анъом, 162) ояти ила мўминнинг ҳаёти бир-бирига зид турли-туман бўлакларнинг йиғиндиси эмас, балки, ибодат ва савоб руҳи соҳиби бўлган яхлит бирлик эканини эълон қилдилар. У ҳаётни Аллоҳга иймон ва Унинг амрларига таслим бўлиш бошқариб боради. У ҳаётнинг барча шўъбаларини, кураш майдонларини, ҳамма турдаги амалларни ўз ичига олади. Фақатгина ихлос, яхши ният ва Аллоҳнинг розилиги ирода қилинса ва пайғамбарлар келтирган тўғри йўналишда бўлса бўлди. Мана шуларнинг ўзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бирлик, иноқлик, жипслик, камолот Пайғамбари эканликларига ёрқин далилдир. Шу билан бирга, башорат берувчи ва огоҳлантирувчи эканликларига далолатдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дин билан дунёнинг орасидаги айрилишга барҳам бердилар. Ҳаётни борлигича ибодатга айлантирдилар. Ерни борлигича масжидга айлантирдилар.

У зоти бобаракот инсониятнинг қўлидан тутиб, бир-бирига қарама-қарши уришаётган жойларидан амали солиҳ, инсониятга фойдали хизматлар ва Аллоҳнинг розилигини изловчи жабҳага олиб келдилар. Бунда подшоҳларни фақирлар жандасида, зоҳидларни подшоҳлар зийнатида, ҳилм тоғларини, илм уммонларини, тунги обидларни, кунги отлиқларни ажойиб бир уйғунликда кўрасан.

Мақсаду ғоя, амал ва кураш майдонини тайин қилиш

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга арғумон этган олтинчи улкан хизмат мақсаду ғоя, амал ва кураш майдонини тайин қилишдан иборатдир.

У зот инсонни ўзига яраша жойга қўйиб, унга куч-қувватини ва имкониятларини энг тўғри ва фойдали равишда сарфлашни ўргатдилар.

Инсоният рисолаи Муҳаммадиядан аввал ўз мақсадини аниқ билмас эди. Қай тарафга юзланишини идрок эта олмасди. Борар жойи қаерлигини ҳам англамасди. У ўз куч-қувватини, имкониятларини ва саъйи кўшишиларини қандоқ тасарруф қилишни ҳам билмас эди.

У ўзи учун хаёлий ва сунъий мақсадларни танлаб олган эди. Ўзини тор доирага киритиб олган эди. Ўша пайтдаги инсон учун энг олий мақом кўпроқ молу дунёли бўлиш, кўпроқ одамлар устидан ҳоким бўлишга ўхшаган нарсалар эди. Милёнлаб кишиларнинг бирдан бир орзуси яхши таом, чиройли ранг ва ширали овоздан иборат эди. Улар бунда қўй, мол ва бошқа ҳайвонлардан фарқ қилмас эдилар. Минглаб одамлар эса подшоҳларнинг саройларида бутун ақл-заковатларини амирлар, бойлар ва задагонларнинг кўнглини овлашга сарфлар эдилар.

Муҳаммад алайҳиссалом келиб инсоннинг ҳақиқий мақсадини ва асл ғоясини кўз олдига олиб келиб қўйдилар. У зоти бобаракот инсон қалбига унинг меҳнати, саъйи ҳаракати, қобилияти, орзу- нияти қай томонга йўналган бўлишини кўрсатдилар. У ҳам бўлса осмонлару ернинг Холиқини таниш, У зотнинг сифатларини, қудратини, ҳикматини ва осмонлару ернинг малакути кенглигини, улуғлигини, абадийлигини билиш, иймон ва яқийнга эришиш, Аллоҳнинг розилигини қозониш, Ундан, Унинг қадаридан рози бўлиш, ўзининг ички қувватларини ва руҳий иқтидорини ўстириб бориш, қурбатнинг олий даражаларига етиш, инсоният хизматига, бошқаларни ўзидан устун қўйишга, фидокорликка уриниш, ана шулар ила муқарраб фаришталар ҳам эриша олмайдиган даражаларга эришишдир. Ана ўша инсоннинг ҳақиқий саодатидир. Унинг камолининг ниҳоясидир. Унинг қалби ва руҳининг меърожидир.

Янги олам ва инсоннинг туғилиши

Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди об-ҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният қурғоқчилик, куз, иссиқ шамол ва қисир бир фаслдан баҳор, гуллар, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган боғлар фаслига ўтди. Одамларнинг табиатлари ҳам ўзгарди. Қалблар Роббиининг нури ила мунаввар бўлди. Аллоҳга юзланиш умумий бўлди. Инсон ўзи аввал билмаган янги таъм, татиб кўрмаган завқ ва олдин билмаган ҳузурни топди.

Бўшаб, совиб ва қуриб қолган қалблар иймон ҳарорати ва меҳр қуввати ила жонланди. Ақллар янги нур ила нурланди. Қалблар янги ҳузур ила ҳузурланди. Инсоният гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқиб янги йўлни, ўзининг янги мақомини излай бошлади. Қай бир халқни ёки юртни кўрсанг мазкур соҳада мусобақа қилаётган бўлди. Араблару ажамлар, Мисру Шом, Туркистону Эрон, Ироқу Хуросон, Шимолий Африқою Андалус, Ҳиндистону Жазоир барча-барчаси олий муҳаббат ва самовий файздан сармаст бўлдилар. Олий мақсаднинг ошиқлари бўлдилар.

Ҳа, инсоният асрлар бўйи давом этган қаттиқ уйқудан кўз очиб, уйғониб ўзига келган эди. У энди авваллари қўлдан чиқарган имкониятларни ҳам қайтариб олишга уринар эди. Оламнинг барча томонлари мухлислар, мужоҳидлар, муслиҳлар, мураббийлар, орифлар ва роббоний даъватчиларга тўлди. Улар Аллоҳнинг халқи учун куйиб ёндилар. Инсоният хайри учун бору будларини ва жонларини тутдилар. Улар фаришталарнинг ҳасадини келтирадиган кишилар эдилар. Улар совуқ қалбларда ишқи илоҳий оловини ёқдилар. Илоҳий муҳаббат шуъласини покладилар. Илмлар, адаблар, ҳикматлар ва маърифатлар анҳорларини отилтирдилар. Илму ирфон ва иймону ҳанон булоқларининг кўзини очдилар. Одамлар кўнглида зулм, жабр, душманлик ва кўролмасликка қарши қаҳру ғазаб уйғотдилар. Хорланган халқларга тенглик ҳақида дарслар ўтдилар. Эътибордан четда қолган, ҳаёт четига улоқтирилганни меҳру муҳаббатга тўла бағирларига босдилар. Дунёнинг қай бурчагига борсанг уларнинг меҳнати самарасини кўрасан.

Сен уларнинг қилган ишининг сонига эмас, сифатига назар сол. Уларнинг фикрларининг олижаноблигига ва юқори уфқларда қанот қоқишига қара. Уларнинг ҳассос сезгиларига, латиф ва рақиқ руҳларига, ўткир зеҳнларига ва соғлом табиатларига назар сол. Уларнинг нафслари ва руҳлари халойиққа меҳр-шафқат ўти алангаси ила ёнар эди. Улар халойиққа фойдали бўлган нарсаларга ҳарис эдилар. Улар одамларни қутқазиш, улардан балоларни даф қилиш учун ўзларини бало-офатларга урар эдилар. Уларнинг ҳокимлар ва волийлари масъулиятни ҳис қилар, кечалари тиним билмай халқ хизматида бўлар эдилар. Халқ эса улар билан жипслашган ва уларга итоат қилган эди.

Шунингдек, уларнинг ибодатлари, зоҳидликлари ва дуо қилишдаги ҳолатлари, ахлоқларининг олиймақомлиги, ўзларига қарши бўлса ҳам ҳақ шаҳодат беришлари, кичикларга ва заифларга меҳрлари, дўстлар ва оғайниларга муҳаббатлари, душманларга бўлган карамлари, афвлари ҳақидаги хабарларни ўқиб кўр. Ана ўшанда шоирлару адиблар хаёли ҳам аввалги мусулмонлар эришган олий чўққиларга ета олмаслигини кўрасан. Бу ҳақдаги хабарлар дўсту душман бирдек кўрган, гувоҳ бўлган воқеъликдаги улкан ҳақиқат бўлмаганида, тарихнинг ишончли гувоҳлиги бўлмаганида афсона деб ўйлаш мумкин эди.

Албатта, ушбу буюк инқилоб Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан бир мўъжизадир. У зот қолдирган излардан бир издир. Барча замонлар ва маконларни қамраб олган илоҳий раҳматнинг файзидир.

Улуғ Аллоҳ тўғри айтади:

«Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик».



Ушбу мақола асримизнинг буюк алломаси Абул Ҳасан Али Ҳасаний Надавий ҳазратларининг Лакнов шаҳрида қилган маърузаларидир. Уни ўзларининг сийрат ҳақидаги китоблари охирига қўйган эдилар. Бизнинг ушбу китобимиз охирига етай деб қолганда улуғ устозимизнинг вафотлари хабари келиб қолди. Устозга вафо тариқасида эркинроқ таржима қилиб шу ерга қўйишни муносиб топдик. Аллоҳ у кишини раҳмат айласин. Омийн! (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ)