loader
Foto

Эрдўған шифокорларнинг маслаҳати билан бугун уйида дам олади

Эрдўған маҳаллий телеканаллар журналистларининг 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови билан боғлиқ саволларига жонли эфирда жавоб бераётганида ўзини ёмон ҳис қилган эди.

Туркия Президенти Ражаб Таййип Эрдўған маҳаллий телеканаллар журналистларининг 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови билан боғлиқ саволларига жонли эфирда жавоб бераётганида ўзини ёмон ҳис қилди. Эфир бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб, бирдан 20 дақиқага тўхтатилди.

Трансляция қайта тикланганидан кейин Президент журналистларга ошқозони қаттиқ шамоллаганини айтди.

“Кеча ва бугун сайловолди ишлари қизғин кечди. Шундай қилиб, мен ошқозон гриппига дучор бўлдим. Мен ҳатто дастурни бекор қилиш ҳақида ўйладим. Лекин биз ваъда берган эдик ва келдик. Биз ҳам вақти-вақти билан шундай муаммоларга дуч келамиз, сиз ва томошабинларимиздан узр сўрайман”, деган Эрдўған.

Кўрсатув қайта тикланганидан сўнг журналистлар Президентга биттадан савол берди, шундан сўнг эфир тугади. Кейинроқ Туркия вице-президенти Фуат Оқтой ўзининг Twitterдаги саҳифасида Эрдўғаннинг соғлиғи жуда яхши эканига ишонтирди.

Эрдўған шифокорлар тавсиясига кўра, бугунги дастурларини бекор қилиб, уйда дам олишини маълум қилди.

Эрдўған кечаги телевидение кўрсатуви чоғида юзага келган бетоблик муносабати билан тез орада соғайиб кетиш тилакларини юборган барча фуқароларга миннатдорлик билдирди.

"Бугун шифокорларимиз маслаҳати билан уйда дам оламан. Афсуски, бугун Қирққале, Ёзгат ва Сивасдан келган биродарларим билан учраша олмаймиз. Ҳаммасидан рози бўлишларини сўрайман. Вице-президент Фуат Оқтой бизнинг номимиздан Қирққале, Ёзгат ва Сивасдаги тадбирларда иштирок этади. Худонинг изни билан эртадан бошлаб дастуримизни давом эттирамиз. Биз халқимизни "Туркия Асри" мақсадларига етказиш учун ишлашда давом этамиз. Шу муносабат билан барча фуқароларимга соғлик, тинчлик ва фаровонлик тилайман!”,-дейди Эрдўған.