loader
Foto

Идишга ит текканда нима қилинади?

Абу Ҳурайра розиядлоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин, кейин уни (идишни) етти марта ювсин», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «улардан (ювишлардан) биринчиси ёки биттаси тупроқ билан бўлсин», яна бошқа ривоятда «еттинчиси тупроқ билан бўлсин», дейилган. Бухорий, Муслим, Абу Довудлар ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ит ялаши оқибатида ҳосил бўлган нажосатни кетказиш йўлини ўргатмоқдалар.

«Бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин».

Яъни ит ялаган пайтда идишда нима бўлган бўлса, тўкиб юборсин. Ит ялаши оқибатида ўша нарса нажасга айланиб қолади. Шунинг учун идишнинг эгаси у нарсани тўкиб юбориши шарт.

«Кейин уни (идишни) етти марта ювсин».

Бошқа ҳайвонлардан кўра итнинг нажосати оғирроқ бўлганлиги учун у теккан идишни етти марта ювмаса, кетмайди. Шу билан бирга, ўша етти ювишдан бири тупроқ билан бўлиши шарт: унинг биринчиси, еттинчиси ёки хоҳаган бирортаси эканлиги ҳақида турли ривоятлар келган. Энг муҳими, етти марта ювишдан бири тупроқ билан бўлиши керак. Тупроқсиз тоза бўлмайди.

Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўьжизалари эканлигини илм ҳам тасдиқлади. Ит ифлос ҳайвон бўлиб, турли нажас нарсалар билан озиқланиб юриши ҳеч биримизга сир эмас. Шунинг учун унинг оғзи ва сўлаги турли зарарли микробларга тўла бўлади. Бу ҳадисдан хабар топган чет эллик олимлар идишни атай итга ялатиб, уни катталаштириб кўрсатувчи асбоб (микроскоп) остига қўядилар. Қарасалар, идишда микроблар ғужғон ўйнаётган экан. Сўнгра ўша микробларни йўқотиш учун турли кимёвий моддаларни ишлатиб кўрганлар, лекин фойда бермаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, тупроқ билан ювганларидан сўнг ҳеч қандай микроб қолмаганининг шоҳиди бўлганлар. Ушбу тажриба ўша олимларнинг иймонга келишлари билан якун топган.

Мазкур ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.    Итнинг нажас эканлиги.

2.    Ит ялаган идишнинг ҳам нажас бўлиб қолиши. Бунда ўргатилганми, ўргатилмаганми, фарқи йўқ, ит бўлса кифоя.

3.    Нажасга айланган идишни поклаш лозимлиги.

4.    Ит ялаган идишни етти марта ювиш, шулардан бир мартаси тупроқ билан бўлиши шартлиги.

Ҳозирги замон тиббиёти Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ҳадиси шарифлари имлий мўъжиза эканини тасдиқлади.

Тиб илми олимларининг айтишларича, итдан одамга юқадиган жуда ҳам хатарли касаллик бор бўлиб, у қутуриш дейилади. Ушбу касалликнинг микроби инсон жисмига тушиб қолса, томирлари тортиша бошлайди ва охироқибат ўлимга сабаб бўлади. Бу касалликка йўлиқиш одатда қутурган ит қопиши натижасида содир бўлади. Бунда итнинг сўлаги одамга ўтгани учун итдаги касаллик одамга ўтади. Чунки ит қопганда одамнинг танасида жароҳат пайдо бўлади ва ўша жароҳатга сўлак тегади. Мазкур касаллик итдан инсонга ўтганидан кейин ўн кундан тўқсон кунгача, ўртача олганда қирқ-эллик кунда унинг аломатлари пайдо бўлади. Бу муддат жароҳат қаерда эканига қараб, турлича бўлади. Жароҳат бош мияга қанча яқин бўлса, таъсир шунча тез ва кучли бўлади...

Ҳадиси шарифда «Бирортангизнинг идишини ит яласа...» дейилгани итнинг тили орқали унинг сўлаги идишга ўтишини англатади. Бу ҳолатда микроб одамга идиш орқали юқади.

«Улардан (ювишлардан) биринчиси ёки биттаси тупроқ билан бўлсин», «еттинчиси тупроқ билан бўлсин».

Мазкур микроблар ниҳоятда кичкина, кўзга кўринмас бўлади. Унинг ҳажми қанча кичик бўлса, хатари шунча кучли бўлади. Сув ёки бошқа нарса билан ювганда кетмайди, тупроқ билан ювганда эса кетади. Бу микроб ниҳоятда майда бўлгани учун кўзга кўринмайди. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмий мўъжизаларидир. Ҳеч қандай микроскоп ёки нозик ўлчов асбоблари бўлмаган бир даврда айтилган бу сўзлар ҳозирги замоннинг ўта аниқ ва нозик электрон воситалари ёрдамидагина ўз тасдиғини топди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар" китобидан