loader
Foto

Мазҳабга ва мазҳаббоши имомга тақлид қилишни қачон бас қилиш керак?

Бу ерда икки хил ҳолат борки, қандай шароитда бўлмасин, муқаллид бу икки ҳолатда ўзининг имомига эргашишдан, унга тақлид қилишда давом этишдан ўзини тийиши керак бўлади.

Биринчи ҳолат: Масалалардан бирортасини ўрганишда уни англайдиган ва барча далилларидан хабардор бўлган, улардан ҳукм чиқариб олиш кайфиятини биладиган даражага етган бўлмоғи. Бундай ҳолатда у одам ўша масалада ўз ижтиҳодидан келиб чиқиб иш кўради. Мазҳабининг имоми ортидан эргашишда бардавом бўлиш учун ўзининг илмий малакасини йиғиштириб қўйишга унинг ҳаққи йўқ. Агар унинг малакаси биттадан ортиқ масалага етадиган бўлса, демак, унинг ҳукми ҳам битта масаланинг ҳукми каби бўлади.

Иккинчи ҳолат: Динда ўзи тақлид қилиб келаётган имоми тутган йўлнинг зиддига далолат қиладиган бирор ҳадисни кўриб қолса ва ҳадиснинг саҳиҳлигига ҳамда ўша ҳукмга далолат қилаётганига ишончи комил бўлса, бас, у ҳадиснинг кўрсатмасига амал қилиб, ўша ҳукмда имомининг мазҳабига амал қилишдан тўхтамоғи лозим. Чунки тўртала имомнинг ҳаммалари ўзларининг шогирдлари ва шерикларига агар саҳиҳ ҳадис ўзларининг ижтиҳодларига мухолиф келадиган бўлса, унинг кўрсатмасига ўтишни тавсия қилишар эди. Бинобарин, ҳадисга амал қилишга ўтиш ҳақиқатда, тўрт имом мазҳабларининг асосидир. Ва бу уларнинг ҳаммалари рози бўлган меъёр ва эътиқоддир.

Лекин бу ишнинг ўз шартлари борки, уларни билиш ва уларга риоя қилиш лозим. Олим одамнинг нигоҳи тушган ва имомининг ижтиҳодига хилоф келяпти деб фикр қилган ҳамма ҳадис ҳам ҳақиқатда ана шу олим тушунган нарсага далолат қилавермайди. Бу борада имом Нававий ўзининг «Ал-Мажмуъ» номли китобида айтган гапларини эътиборингизга ҳавола қилсак:

«...Шофеъий айтган бу гапнинг маъноси - саҳиҳ ҳадисни кўриб қолган ҳар кимса бу Шофеъийнинг мазҳаби, деб унинг зоҳирига қараб амал қилсин, деганимас. Бу гап, шубҳасиз, юқорида ўтган сифатлар ёки шунга яқин нарсалар асосида мазҳаб доирасидаги мужтаҳидлик мартабасига етган кишилар учун айтилган. Бу ишнинг шарти шуки, Шофеъий бу ҳадисни учратмаган ёки унинг саҳиҳлигини билмаган, деган ғолиб гумонда бўлсин. Ушбу гумонга бориш Шофеъийнинг барча китобларини ва ундан сабоқ олган барча шогирдларининг китобларини ва шу кабиларни ўқиб чиққандан кейин мумкин бўлади. Бундай оғир шартга риоя қиладиган одам камдан-кам топилади. Биз юқорида зикр қилган нарсаларни шарт қилиб қўйишларига сабаб, Шофеъий ўзи кўрган ва билган ҳадисларнинг зоҳирига амал қилишни тарк этган. Чунки ўша ҳадисларнинг айби борлиги, ё насх қилингани, ёки маълум бир нарсаларга хослаб айтилгани, уларнинг бошқача таъвили борлиги ва шу кабиларга унинг далил-исботи бўлган». (Нававийнинг «Ал-Мажмуъ» асари, 1-жилд, 64-бет)

Имомнинг қайсидир ҳадиснинг зоҳиридан воз кечишига ижтиҳодга доир кўпгина сабаблар бор. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ уларнинг сонини ўнтага олиб борган ва уларга янги бир сабабни ҳам қўшган. У ҳам бўлса, олим одамнинг ҳадисга амал қилмаслигига биз билмайдиган ҳужжати бўлиши мумкинлиги. Чунки илмнинг манбалари кенгдир. (Ибн Таймиянинг «Рафъул-малом анил-аимматил-аълом» китоби)

Биз мужтаҳид имомнинг ҳадис зоҳирини тарк қилганининг сабаблари ҳақида изланиб, Ибн Таймия тасвирлаб берган ўнта сабабдан бирортасини топа олмасак, шунда биз билмайдиган бирорта узри, ўзи айтмаган ҳужжати бордир, деган ҳужжат билан саҳиҳ ҳадиснинг далолатидан воз кечилиши мумкин эмас. Чунки олимларнинг хатога йўл қўйишлари шарьий далилларни билиш, ўрганиш ва улардан кўзда тутилган мақсадни англаб етгандан сўнг уларда хато бўлишидан кўра кўпроқ учрайди.

Демак, мана шулар тақлид қилишнинг шариатда жорий бўлганига далиллардир. Булар мужтаҳидлик мақомига етмаган кишилар учунгинадир. Мана шулар муқаллид учун муайян бир мазҳабни ушлаш-ушламаслик жоизлигининг айни далилларидир. Биз уларни ҳеч қандай чигаллик ва парда қолдирмайдиган даражада аниқ ва батафсил зикр қилиб ўтдик. Бас, агар сиз, эй китобхон биродарим, адолатли, мутаассибликдан ва худбинликдан озод одам бўлсангиз, айтган гапларимнинг ҳақиқат эканини англаб етасиз.

Аммо мутаассиблик ва ҳавои нафсга асир бўлсангиз, унда мен сизга тушунтириб берган ҳамма гаплар бир чақага қиммат бўлиб қолади. Сиз бу ҳолда ўзингизнинг мутаассиблигингиз ва нафсу ҳавоингизни даволаш учун бирор чора топишингиз даргумон. Бунинг ягона давоси - ўзим ва сиз учун Аллоҳга дуо қилиб, нафснинг асирлигидан қутқаришини ва ҳою ҳавасдан йироқ тутишини, бизларга Узининг дини учун холис бўлиш ва шариатини англаб етишда адолатли бўлишдек неъматни ато этишини сўрашдир.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг

"Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР