loader
Foto

Анъом сураси, 76-81 оятлар тафири

76. Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Парвардигорим», деди.

Иброҳим алайҳис-салом бу сўзларни эътиқод қилиб эмас, балки юлдуз, ой ва куёшни илоҳ деб сиғинаётган мушрикларга танбеҳ бўлсин, деб айтгандирлар.

У ботиб кетгач: «Ботиб кетгувчиларни суймайман», деди.



77. Сўнг қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деди.

78. Сўнг қачонки чиқаётган қуёшни кўргач: «Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман.

79. Мен Ҳақ Йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди.

Ушбу оятларда Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом Оллоҳ таолонинг Якка-ю Ёлғиз, Азалий ва Абадий Маъбуди Барҳақ экани хусусида мушриклар билан қилган мунозаралари ҳақида хабар берилади.



“Маолимут-танзил” тафсирида айтилади: “Аҳли тафсир айтишлари-ча, Иброҳим алайҳис-салом Намруд исмли подшоҳ замонида дунёга келгандир.

Намруд биринчи бўлиб бошига тож кийган ва одамларни ўзига ибодат қилишга чақирган подшоҳдир. Унинг фолбин ва мунажжимлари бор эди. Ана ўшалар унга: “Сенинг юртингда шу йил бир бола дунёга келади ва Ер аҳлининг динини ўзгартириб юборади. Сенинг ҳалокатинг ва мулку давлатингнинг заволи ҳам ўша боланинг қўлида бўлади”, дедилар. Айтишла-рича, бу хабарни улар аввал ўтган пайғамбарлардан қолган китоблардан олган эдилар.

Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Намруд тушида бир юлдузни кўрди. У юлдуз шу қадар ёруғ-нурли эканки, ҳатто қуёш ва ой ҳам унинг олдида хира, нурсиз бўлиб қолган эмиш. Кўрган тушидан даҳшатга тушиб уйғонган Намруд ўзининг сеҳргар ва фолбинларини чақиртириб, тушнинг таъбирини сўраган эди, улар: “У юлдуз сенинг мамлакатингда шу йил туғиладиган бир боладир. Сенинг мулку давлатинг ва оилангнинг ҳалокати ўша туғилган бола қўлида бўлади”, дедилар.

Айтишларича, Намруд мана шу йил туғилган ҳамма ўғил болаларни қатл қилишга ва эркакларни аёллардан ажратиб, бошқа-бошқа яшашга буюрди”.

Аммо кофир подшоҳнинг шунча уринишига қарамай, Оллоҳ таоло ирода қилган иш бўлди - Иброҳим алайҳис-салом дунёга келди ва Ҳақ таолонинг ҳифзи-ҳимоясида униб-ўсиб вояга етди. Унинг отаси ҳам, қавми ҳам динсиз мушриклар эди. Улар Ердаги бутларга ва осмондаги юлдуз, ой ва қуёшга ибодат қилишар эди. Отаси Озар бут ясовчи уста бўлиб, ёғочдан катта-кичик бутлар ясаб ўғилларига берар, улар эса бозорга олиб чиқиб одамларга сотиб келишар эди. Фақат Иброҳим алайҳис-саломгина отаси берган бутларни сота олмасдан қайтариб келар эди.

Отаси суриштирганида маълум бўладики, у қўлида кўтариб турган бутларни харидорларга кўрсатиб: “Агар бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган мана бу бутларга сиғинмоқчи бўлсангизлар сотиб олинглар”, дер экан. Шундан кейин ота-бола ўртасида суранинг 74-оятида зикр қилинган можаро бўлиб, Иброҳим алайҳис-салом отасига Ер юзидаги одамлар ясаб олган бутларга сиғинадиган кимсалар залолатда эканини очиқ айтган эди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам аниқ ва ўта ибратли хабарлар келган: “Дарҳақиқат, Биз (Мусодан) илгари Иброҳимга Ҳақ Йўлни ато этдик. Биз унинг (Ҳақ Йўлга лойиқ эканини) билган эдик. Ўшанда (Иб-роҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни, нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)», деганида; Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз». У деди: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар». Улар айтдилар: «Келтирган - айтган (бу сўзларинг) ростми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан?» У деди: «Йўқ, сизларнинг Парвардигорингиз (мана бу ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бутлар эмас, балки) осмонлар ва Ернинг Парвардигоридирки, У Зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман. Оллоҳ номига қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) кетганларингиздан кейин мен бутларингизни бир бало қилурман».

Оллоҳ таолонинг Ҳидояти билан гўдаклик чоғидаёқ жонсиз ҳайкал-бутларга сиғинишдан бош тортган Иброҳим алайҳиссаломни отаси: «Зора худоларимиз ҳақидаги хато фикрлари ўзгарса», деб ўзларининг йилда бир бўладиган диний байрамларига олиб бормоқчи бўлади. Лекин у оёғи оғриётганини баҳона қилиб байрамга бормайди ва ичида, улар кетгач бутхонадаги ҳайкалларни синдиришга қасам ичади.

Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, «Шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар (ва бу айбни тўнкасалар», деб) ўшанигина (қолдирди ва унинг бўйнига бир болтани илиб кўйди). Улар (қайтиб келганларидан сўнг): «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир», дедилар. Улар(нинг айримлари) айтишди: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик». (Шунда уларнинг катталари): «Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар», дейишди. (Уни келтиришгач): «Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?», деб (сўрашди). (Иброҳим) айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси -мана бу (ҳайкал) қилди. Бас, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар (айтиб берсинлар)». Бас, (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): «Сизлар ўзингиз золимларсиз», дедилар. Сўнгра эса яна бошлари айланиб: «Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!», дейишди. (Иброҳим) айтди: «Ахир Оллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган (ҳатто гапира олмайдиган) нарсаларга сиғанасизларми?! Сизларга ҳам, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф! Ахир ақл юргизмайсизларми?!” (Анбиё сураси, 51-67-оятлар).

“Бас, (Иброҳим) аста уларнинг бутлари олдига келиб: «(Олдиларингиздаги таомларни) емайсизларми? Сизларга нима бўлди, сўзламаяпсизлар?!», деди. Сўнг уларга яқин келиб ўнг қўли(даги болта) билан урди. Бас, (қавми бу воқеадан хабар топишгач, ғазабланган ҳолла-рида) унинг олдига шоша-пиша келишгач, деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?! Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Оллоҳ яратган-ку?!” (Вас-саффот сураси, 91-96-оятлар).

Ҳақ таолонинг Амри билан Иброҳим алайҳис-салом ердаги нарсалар, ёғоч-тош бутлар ҳеч қандай илоҳ эмасликларини ишончли далиллар билан исботлагач, энди навбат осмондаги сайёралар ҳам ҳеч қандай илоҳ эмасликларини исботлашга етиб келган эди.

Жаноби Ҳақ бу солиҳ бандасига осмонлар ва Ердаги мулку мамлакатларини кўрсатиб, етти қават осмон ва етти қат Ердаги барча жонли-жонсиз нарсалар, катта-ю кичик сайёралар - бутун борлиқ Ёлғиз Унга муҳтож эканини билдиргач, Иброҳим алайҳис-салом энди осмондаги сайёраларга сиғинадиган қавмига юзланиб, уларга атрофни қоронғули кўраб олаётган пайтда биринчи бўлиб кўзга ташланган Зуҳро юлдузини кўрсатиб: “Сизларнинг эътиқодингизча мана шу юлдуз мени ва сизларни яратган, умр ва ризқ бериб, парвариш қиладиган Парвардигоримми?”, дейди.

Ояти каримадаги Иброҳим алайҳис-салом тилидан айтилган: “Мана шу Парвардигорим”, деган жумлада савол маъноси мужассам экани ҳақида “Руҳул-маоний” тафсирида ва “Тафсири Табарий”да айтилган. Дарҳақиқат, муфассирлар таъкидлаганларидек, Оллоҳ таолонинг пайғамбари ва ўзидан кейин келадиган барча пайғамбарларнинг отаси, жумладан энг улуғ Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам аждодларидан бўлмиш Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вассалом Ёлғиз Оллоҳдан ўзга бирон нарсани: “Мана шу Парвардигорим”, деб жазм қилиши ва кесиб айтиши мумкин эмасдир. Чунки Ҳақ таолонинг элчиси бўлишдек буюк вазифа учун танланган инсонлар туғилишларидан вафотларигача ширқдцан ва гуноҳдан маъсум бўлиб сақланишлари, умр бўйи фақат Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилиб ўтишлари шак-шубҳасиз ҳақиқатдир.

Шундай қилиб Иброҳим алайҳис-салом мушрик қавмга улар сиғинадиган юлдузни кўрсатиб: “Мана шу Парвардигоримми?”, деганида улар: “Иброҳим бизнинг илоҳимизни тан олди”, деб шодланиб турар эканлар, ҳеч қанча вақт ўтмасдан ҳалиги юлдуз кўздан ғойиб бўлди. Шунда Иброҳим алайҳис-салом у қавмга қараб: “Вақтинча кўзга кўриниб, кейин йўқолиб қоладиган муваққат нарсани, осмонда кўриниб-кўринмай ботиб кетадиган нарсани қандай ақл ва мантиқ билан илоҳ деб сиғинмоқдасизлар?!”. Мен ботиб-йўқ бўлиб кетгувчиларни суймайман - уларга сиғинмайман”, деди. Яъни, у зот қавмига: “Ўзини сақлай олмайдиган нарса қандай қилиб сизларни сақлай олади?! Ақл юритмайсизларми?!”, деб уларнинг эътиқодлари мутлақо ботил эътиқод эканини исботлади.

Сўнгра навбат у қавм “илоҳ” деб сиғинадиган яна бир сайёрага келди: “Сўнг қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деди.”

Яъни, қачонки Иброҳим алайҳис-салом мушриклар “илоҳ” деб сиғинадиган ойнинг чиққанини кўргач, уларга: “Сизларнинг эътиқодингизча мана шу менинг Парвардигоримми?”, деб сўради.

Иброҳим алайҳис-саломнинг Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч нарса Илоҳ бўлиши мумкин эмаслигини амалда исботлаш учун қилган бу тадбирида, мушрик қавмга қарши ўзининг ҳужжатларини бу тартибда келтиришида албатта етук ҳикмат бор эди: Аввал улар сиғинадиган юлдузни кўрсатиб: “Мана шу Парвардигоримми”, деб сўнгра саноқсиз юлдузлар ҳам ёрита олмайдиган осмонни ёритиб, мунаввар қилиб турган тўлин ойни кўрсатиб, воқеаларни кичикдан каттага қарата ривожлантира бориб: “Мана шу Парвардигоримми”, деб ўзини гўё у жоҳил қавмнинг ботил эътиқодини эътироф этаётгандек кўрсатиб, кейин у ой ҳам худди аввалги юлдуз каби ботиб кўздан ғойиб бўлгач: “Қасамки, агар Парвардигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, Йўлдан озган қавмдан бўлиб қолгурман”, дейишида у қавмга: “Кимда-ким юлдуз-ойларга илоҳ деб сиғинадиган бўлса, у шубҳасиз Тўғри Йўлдан озган кимсадир, Ҳидоят эса Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидадир”, деган танбеҳ - ишора бордир.

Ва ниҳоят Иброҳим алайҳис-салом у мушрик қавмга коинотдаги энг катта сайёралардан бўлган қуёшни кўрсатиб: “Мана шу Парвардигоримми, юлдуз ва ойдан каттароқ экан-ку”, деди. Аммо қуёш ҳам худди юлдуз ва ой каби ботиб, кўздан ғойиб бўлгач, бу муваққат мавжудотларнинг биронтаси илоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмаслигини, ўзини сақлай олмаган нарсалар ҳеч қачон бировга паноҳ бўла олмаслигини, у нарсаларни Яратганга шерик деб билиб, уларга сиғинган кимсалар аниқ залолатда эканликларини айтиб, у қавмга ўзининг қатъий эътиқодини эълон қилди ва: “Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман.

Мен Ҳақ Йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди.”

Яъни, Иброҳим алайҳиссалом: “Мен бутун вужудим билан Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига юзланиб ибодат қиламан. Чунки осмонларни ҳам -сизлар сиғинаётган қуёш, ой, юлдузлар ўша осмонлардаги жисмлардир,

-    Ерни ҳам - сизлар сиғинаётган бут-санамлар ўша Ер жисмларидандир

-    Унинг Ўзи яратгандир. Бас, мен яралганларга эмас, Яратганга ибодат қиламан. Мен мушриклардан эмасман”, деб бутун оламга жар солди. У мушриклар билан мунозара қилар экан бирон лаҳза Ҳақ таолонинг Ягона Маъбуд экани ҳақида иккиланмаган, мушриклардан бўлмаган.

Бу ҳақда бошқа оятларда шундай дейилган: “Албатта Иброҳим Оллоҳга итоат қилгувчи, Ҳақ Йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди. У (Оллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Оллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилди. Биз унга бу дунёда чиройли (обрў-эътибор) ато этдик (шунинг учун ҳам барча динларнинг аҳллари Иброҳим алайҳис-саломнинг номларини хурмат билан тилга оладилар). Албатта у Охиратда ҳам солиҳ - яқинларимиздандир. Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга Ҳақ Йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг Динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик.” (Наҳл сураси, 120-123-оятлар). “Айтинг: «Мени Парвардигорим Тўғри Йўлга, Рост Динга - Ҳақ Йўлга мойил бўлган Иброҳимнинг миллатига ҳидоят қилди. У мушриклардан бўлмаган эди”. (Анъом сураси, 161-оят).



80. Қавми у билан тортишган эди: «Сизлар мен билан Оллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир Унинг Ўзи мени ҳидоят қилдику?! Мен сизлар Оллоҳга шерик қилган (бутларингиздан) қўрқмайман. (Чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас), магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз Илми билан қамраб олгандир. Эслатма - ибрат олмайсизларми?!», деди.

Иброҳим алайҳис-салоту вассалом ўз қавмига Оллоҳ таолонинг Ёлғиз Маъбуди Барҳақ эканини уларнинг фикрий савияларига яраша ҳужжатлар билан исботлаб берганидан кейин ҳам улар ширкларидан қайтмай: “Илоҳларнинг кўп бўлиши Оллоҳнинг Ўзига ибодат қилишдан тўсмайди. Кичик илоҳлар Оллоҳдан бизга гуноҳларимизни сўраб берадиган шафоатгўйларимиз бўладилар”, дейишиб, мушрик ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилишда давом этишавергач, Иброҳим алайҳис-салом уларга: “Сизлар мен билан Оллоҳ таоло ҳақида талашиб-тортишмоқчимисизлар? Ахир Оллоҳ Ўзидан бошқа бирон илоҳ йўқ эканини кўрсатиб мени Тўғри Йўлга ҳидоят қилиб қўйганидан кейин қандай қилиб мен сизларнинг сафсаталарингизга, ҳеч қандай ҳужжатсиз ота-боболарингизга тақлид қилишларингизга индамасдан қараб тура оламан?! Сизлар ботил йўлда эканликларингизнинг далилларидан бири шуки, сизлар сиғинаётган “илоҳларингиз” бирон нарсага таъсир қила олмайдиган жонсиз бутлардир. Мен улардан қўрқмайман, уларни ҳатто парвойимга ҳам олмайман. Чунки улар кўрмайдилар ҳам, эшитмайдилар ҳам, демак, бировга фойда ёки зиён етказа олмайдилар ҳам. У бутларингиз бировга ёрдам ҳам бера олмайди, шафоат ҳам қила олмайди. Ҳар иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Хоҳиш-Иродаси билан бўлади. Чунки “Парвардигорим барча нарсани Ўз Илми билан қамраб-иҳота қилиб олгандир. Бас, агар Унинг Ўзи менга бирон бало-мусибат етказишни ирода қилган бўлса, ана ўшандагина у мусибат менга етади ва Оллоҳдан ўзга ҳеч ким уни қайтара олмайди. Ахир сизлар ўзларингиз сиғинаётган “илоҳларингиз”га ибрат кўзи билан қараб, уларнинг қўлидан ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам бирон фойда ёки зиён етказиш келмаслигини билиб,уларга сиғинишни бас қилиб, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга ўтсангизлар - мусулмон бўлсангизлар бўлмайдими?!”, деди.

Иброҳим алайҳис-саломнинг ўз қавмига айтган бу сўзлари худди Ҳуд алайҳис-салом ўз қавми бўлган Од қабиласига айтган сўзларга ўхшайди. Бу ҳақда Ҳақ таоло шундай хабар берган: “Улар дедилар: «Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканлигингни тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг (қуруқ) гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Бизлар сенга иймон келтиргувчилар эмасмиз. Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». У (Ҳуд) айтди: «Албатта мен Оллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Оллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар. (Яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол, кечиктирмай қилаверинглар)” (Ҳуд сураси, 53-54-55-оятлар).



81. «Сизларга (Оллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган ҳолда (мана бу бутларни) Оллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Оллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангизлар (айтинглар-чи), қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?»

Ушбу ояти каримада яна Иброҳим алайҳис-саломнинг айтган сўзлари давом этади. У зот ўз қавмига қараб яна шундай деди: “Сизлар Холиқингиз - Яратгувчингиз бўлмиш Оллоҳ таолога - У Зот Ўзининг шериги бор эканига далолат қиладиган бирон ҳужжат - ваҳий нозил қилмагани ҳолда ҳеч бир соғлом ақлга сиғмайдиган ишни қилишдан - Танҳо Оллоҳ таолога ширк келтиришдан қўрқмайсизлар-у мен қандай қилиб сизларнинг кўрмайдиган, эшитмайдиган, бировга фойда ёки зиён етказа олмайдиган бут-санамларингиздан қўрқайин?! Ҳолбуки, ақлий далиллар ҳам, нақлий далил-лар ҳам, яъни, Оллоҳ таоло нозил қилган оятлар ҳам У Зотнинг ҳеч қандай шериги йўқ Танҳо Маъбуд эканига далолат қилиб турибди-ку! Бас, агар сизлар биладиган кишилар бўлсангизлар, айтинглар-чи, қўрқмай хотиржам бўлишга қайси гуруҳ ҳақлироқ?! Оллоҳ таолонинг ҳеч қандай шериги йўқ эканини аниқ ҳужжат билан билиб, Ёлғиз УнингЎзига ибодат қилгувчи бўлган бизларми ёки Унга ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз ширк келтириб Танҳо Оллоҳга кофир бўлган сизларми - қайси биримиз ҳақлироқмиз?!”.

Ояти каримада гарчи сўз Иброҳим алайҳис-салом ва унинг қавми ҳақида кетаётган бўлса-да, моҳият эътибори билан бу сўз барча замонлардаги Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қиладиган мўминлар ва У Зотга ширк келтирадиган мушриклар ҳақидадир. Шунинг учун ҳам оятда Иброҳим алайҳис-салом ўша замондаги мушрикларга қараб: “Қайси биримиз ҳақлироқмиз”, демасдан, умумий қилиб “Қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?”, деди.

Демак, ҳамма замонлардаги Яратганни Ягона Маъбуд эканига иймон келтириб, Ёлғиз Унинг Ўзига қуллик қиладиган мўминлар мушрикларга, яъни, бирон ҳужжат-далилсиз Ёлғиз Оллоҳга ширк келтирадиган кимсаларга нисбатан хотиржам ва бахтли яшайдилар. Бу ҳақда қуйидаги ояти каримада хабар берилади.



82. Иймон келтирган ва ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар - ана ўшалар учун хотиржамлик бордир ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху деди: “Ушбу ояти карима нозил бўлганида мусулмонлар ташвишга тушиб: “Ё Расулуллоҳ, қай биримиз ўзига зулм қилмаган? (Яъни, ҳар биримиз гуноҳлар билан ўз жонимизга жабр қилганмиз-ку. Энди ҳолимиз не кечади?)”, дейишганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундоқ эмас. Бу ўринда зулмдан мурод Оллоҳ таолога ширк келтирмоқдир. Сизлар Луқмон ўз ўғлига насиҳат қилиб: “Эй ўғилчам, Оллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир”, (Луқмон сураси, 13-оятдан) деганини эшитмаганмисизлар?”, дедилар.

Ҳақ таоло ушбу ояти каримада кимлар хотиржам ҳаёт кечиришга лойиқ эканини мухтасар баён қилади. Яъни, Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтириб, кейин ҳаётлари давомида иймонларига ширкни аралаштирмасдан яшаган инсонлар учунгина Жаноби Ҳақ томонидан хотиржамлик ато этилишини, ана ўшаларгина Тўғри Йўлдаги инсонлар эканини айтади.

Дарҳақиқат, хотиржамлик - кўнгил осудалиги ҳар бир инсон учун энг керакли бўлган бебаҳо неъматдир. Халқимиз тилидаги: “Хотиржамлик -туман бойлик”, деган ҳикматнинг мазмуни шудир. Чунки кўнгил тинчлигини ҳеч қандай мол-дунё билан сотиб олиш мумкин эмас. Бошқача айтганда, киши саноқсиз мол-дунёга, энг юксак мансаб-мартабаларга эришган чоғида ҳам, агар кўнгли тинч-хотиржам бўлмаса, ундай кимсага топгани татимайди - у бахтсиз кимсадир.

Аммо ўта оддий, балки, эҳтимол фақирона ҳаёт кечираётган, Оллоҳ таолодан қўрқадиган, қўлидан келганича зиммасидаги ибодатларни бекаму кўст бажариб, ҳалол ризқу рўз истаб, ҳалол яшаётган мўмин, агар аҳволини сўрасангиз, хотиржам ҳолда “Худога шукр, яхши”, дейдиган мусулмон эса, гарчи ана у кимса каби дунёларга эга бўлмаса-да, бахтлидир. Чунки унинг кўнглида туман бойлиги - хотиржамлиги бордир, чунки у Тўғри Йўлдадир.

Иброҳим алайҳис-салом айтган хотиржамликнинг мисоли мана шудир - хотиржамлик фақат иймон келтирган, ширкка яқин йўламаган инсонларнинг насибасидир.



83. Мана шулар Бизнинг Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз. Албатта Парвардигорингиз Ҳикмат Эгаси ва Билгувчидир.

Ояти каримада зикр қилинган ҳужжатдан мурод Иброҳим алайҳиссалом мушрик қавмига қарши келтирган, юқоридаги оятларда мазкур бўлган ҳужжатлардир. Ҳақ таоло бу ҳужжатларни Иброҳим алайҳис-саломга Ўзи ато этганини таъкидлайди. Дарҳақиқат, агар Оллоҳ таоло бермаса, бутун инсоният ширк ботқоғига ботиб ётган бир замонда улар орасидан бир киши чиқиб Оллоҳнинг Борлиги ва Бирлиги хусусида бу қадар аниқ, ҳамма замонлардаги мусулмонлар учун қатъий далил бўладиган ҳужжатларни келтириши амри маҳолдир. Лекин Иброҳим Халилуллоҳ шундай буюк ҳужжатларни келтирди. Жаноби Ҳақ Халилининг тафаккурда ўз асридан, балки, кейин келадиган асрлардан ҳам ўзиб кетганининг бирдан-бир сирини мана бу жумлада баён қилади: “Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз”.

Яъни, кимни баланд, кимни паст қилиш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидаги ишдир. Демак, кимни Ҳақ таоло баланд даражаларга қўтаришни ирода қилган бўлса, бандалар уни пастлата - енга олмайдилар. Демак, дунё ва Охиратда юксак даражотларга эришишни орзу қилган одам ўз мақсадига етиш учун имконияти қадар ҳаракат қилиш билан баробар биринчи навбатда Оллоҳ таолодан тавфиқ ва мадад сўраб, Унинг Ўзига ялиниб-ёлвориб, сиғиниб-ибодат қилиши керак.

Ушбу жумлада Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом билим-маърифатда, ҳикмат-донишмандликда нафақат оддий одамлар орасида, балки Ҳақ таолонинг элчилари - пайғамбарлари орасида ҳам энг юксак мартабага эришган бандалардан бири эканига Оллоҳ таолонинг Ўзи гувоҳлик беради. Шундай. Жаноби Ҳақ Ўз пайғамбарларига ҳам мақом-мартабада турли даражотлар ато этгани ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берган: “Биз ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Оллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Оллох) юксак даражаларга кўтарди.” (Бақара сураси, 253-оят).

Чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Оллоҳга топширган ва Ҳақ Йўлдан оғмаган Иброҳимнинг Динига эргашган кишининг (яъни, чин мусулмоннинг) Динидан ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Оллоҳ Ўзига дўст тутган. (Нисо сураси, 125-оят).

Ушбу ояти карима Ислом Динининг бошқа ҳар қандай диндан афзал экани ҳақида баҳс қилади. Ўртага: “Исломдан яхшироқ, баркамолроқ бирон дин борми?” деган катта бир савол қўйилади ва мусулмон инсоннинг уч сифати келтирилади. Биринчидан, унинг эътиқоди, ихлоси баркамол

-    мусулмон ўзини Оллоҳга топширган инсон, яъни, у бутун борлиғи билан Оллоҳ таборака ва таолони севади, Унинг қазо ва қадарига тўла таслим бўлади, иккинчидан, мусулмон инсоннинг қиладиган амал-ибодати чиройли - у гўё Оллоҳни кўриб тургандек, Шариати Исломийя буюрган ҳар бир амални ихлоси том билан бажаради, Учинчидан, мусулмон Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг динига эргашади. Иброҳимни эса Оллоҳ субҳонаху ва таоло Ўзига Халил - Дўст тутган.

Ибн Аббос розияллоху анхумо: “Қаъбага юзланиб намоз ўқиш, уни тавоф қилиш, ҳаж маросимлари Иброҳимнинг динидандир”, деган. Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам ана ўша Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-саломнинг Дини билан Пайғамбар қилиб юборилдилар ва Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Шариати Исломийяда яна бир қанча ҳукмларни зиёда қилди. Демак, ҳар бир мусулмон Иброҳим миллатининг - динининг давомчисидир.

Дарҳақиқат, Ҳақ таоло юқорида мазкур бўлган оятлардаги ҳеч рад қилиб бўлмайдиган ҳужжатларни ато этиш билан Ўз Дўсти в қули Иброҳим алайҳис-саломни баланд даражаларга кўтарди. Аммо мушриклар мана шундай ҳаққоний далил-ҳужжатларни ҳам қабул қилмадилар - мушрик ҳолларида қолдилар. Демак, уларнинг мўминлик даражасига кўтарила олмаганлари ҳам Оллоҳ таолонинг Иродаси билан бўлди. Чунки ҳеч бир иш беҳикмат эмасдир. Ҳақ таоло ояти карима сўнггида: “Албатта Парвардигорингиз Ҳикмат Эгаси ва Билгувчидир”, деб мана шу хдқиқатга ишора қилади - Оллоҳ таоло адаштириб қўйган қавмга қандай ҳужжат келтирилса-да, улар қабул қилмайдилар. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “Албатта зиммаларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни, азоби) вожиб бўлган кимсалар, гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмайдилар.” (Юнус сураси, 96-97-оятлар).

Шайх Алоуддин Мансур роҳимағҳуллоҳнинг

"Қуръони Азим тафсири"дан, 2-жилд