Эътибор берилса, кейинги пайтларда бир қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) масаласида фикрлар баралла янграй бошлади.
Дастлаб фейсбукдаги айрим саҳифаларда гўёки, гомосексуализм тўғрисида одамларнинг фикрини ўрганиш мақсадида турли сўровномалар жойлаштира бошланди.
Улардан бири “Фарзандингиз уйга келиб, ўзини ноанъанавий ориентация вакили эканини айтса, сизнинг реакциянгиз қандай бўлади?” деган савол эди.
Албатта, ушбу муҳокамаларда бесоқолбозлик тўғрисида аксар салбий фикрлар айтилади, қораланади ва лаънатланади. Лекин... баҳслар оқлаш ё қоралаш учун эмас, шу мавзу ҳақида кўпроқ ўйлаш ва гапириш учун ташкил этиляпти-да. Бу республикамизга қарши даҳшатли маънавий қўпорувчилик бошлангани ҳақида сигналдир.
Азалдан бошқа мамлакатни тобе қилиш учун унинг халқини маънавиятини емириш, маънавий қулликка солиш, умуман бегона халқ онги, шуури, қалбини забт этиш муҳимлиги ҳақидаги назариялар ҳақида эшитганмиз. Жафокаш халқимиз маънавиятимизга тажовузларни кўп бора бошидан кечирган ва уларнинг асоратлари ҳали битгани, унутилгани йўқ.
Замонавий психология, социология ютуқлари, имкониятлари бугунги кунда нафақат эзгулик йўлида, балки ёвузлик йўлида ҳам ишлатилмоқда. Бугун асосий уруш онгларда, тафаккурда кечяпти.
Энди мамлакатларнинг ҳудудини эмас, улар аҳолисининг онгини забт этиш бош мақсадга айланган. Бунда аввало, маънавий қадриятларга зарба бериш мақсад қилиб олинган.
Бунда уларга “Овертон дарчаси” ёрдам беряпти.
“ОВЕРТОН ДАРЧАСИ” НИМА?
Муайян бир жамиятга унинг ахлоқига бутунлай ёт, жирканч ғояни олиб кириб, жамият томонидан унга нисбатан хотиржам муносабатни шакллантириш, жамоатчиликнинг шу нарсани меъёрий ҳол сифатида қабул қилинишига эришиш учун сиёсий технологиялардан бири – “Овертон дарчаси” назариясидан фойдаланадилар.
Бу назарияни америкалик социолог Жозеф П. Овертон баён қилган, олим вафот этгач, назариянинг номи ҳам унинг шарафига “Овертон” назарияси дея номланган.
Овертон ўз назариясида бегона ғояларнинг жамиятга қандай қилиб етказиб берилиши ва жамоатчилик нуқтаи назаридаги “оғиш бурчагига” қандай эришилиши ҳақида сўзлаб беради.
Овертонга кўра, янги ғояларни сингдириш ва қабул қилдириш қуйидаги босқичларда кечади:
· Ғоя ҳатто ўйлаб бўлмайдиган даражада табу.
· Радикал равишда рад этилади.
· Ўйлаб кўрса бўлади.
· Асоси бор, бекор гап эмас.
· Одатий нарса.
· Ростдан ҳам шундай.
Синчковлик билан эътибор берилса, бу жараён шунчаки содир бўлаётгани йўқдек, унинг ортида ижтимоий фикрга таъсир қилишга йўналтирилган маълум бир бошқариладиган, мувофиқлаштирилаётган кучлар тургандек.
Бугунги кунда худди шу тарзда баччабозлик маданияти бизга олиб кириляпти. Биз ҳозир иккинчи ва учинчи босқич ўртасида турибмиз. Яъни бир гуруҳ одамлар баччабозликни қаттиқ қоралайди, бошқа гуруҳ эса “нега шундай бўлади?”, “сабаби нима?”, “тагини суриштирайлик”, “булар ҳам билмаса гапирмас”, дея иккилана бошлаган. Бу ҳол ижтимоий тармоқдаги муҳокамалар ва баҳсларда яққол кўриниб турибди. Демак, Ўзбекистонда баччабозлик ғояси учун аллақачон “Овертон туйнуги” очилган, дейишга асос бор.
НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Овертон ўз назариясида бу туйнукка қарши қандай чоралар билан курашишни ҳам айтиб ўтган.
Биринчи чора – бу ҳаммага ўхшаш, ўртача бўлишга интилмай (яъни тақлид қилмай), ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш. Бизнинг вазиятда бу миллий ва диний қадриятларимизга содиқликни англатади.
Олайлик, мактабларда жинсий тарбия маърузаларини ўтиш баҳонасида гўёки, маърифат дарсларини ташкил этиб, турли сақланиш воситаларини тушунтириш орқали фаол ва бетартиб жинсий ҳаёт тарғиб қилинади.
Аслида ўзбекларда жинсий тарбия мактаби бор, фақат бу ўзига хос, пинҳона тарзда олиб борилади. Бу ерда мавзуни ҳадеб муҳокама қилавериш эмас, маълумотни чиройли ва иболи тарзда оналардан қизларга, опалардан сингилларга, жўралар орқали бўз йигитларга етказиш анъанаси мавжуд.
Бу бизнинг қадриятимиз, индивидуаллигимиздир. Нега буни ғарбона очиқ жинсий тарбия дарсларига айлантириб, ўғил ва қиз болаларни ёнма-ён ўтқазиб қўйиб, бу ҳақида оғиз очишдек сурбетликка йўл қўйишимиз керак?
Ўз вақтида Адлия вазирлиги томонидан ваколатли ташкилотлар билан биргаликда ЛГБТни легализация қилишга бўлган ҳар қандай ҳаракат усталик ва тезкорлик билан бостирилган эди.
Шуни таъкидлаш керакки, вазирликнинг жамоат бошқармаси айрим халқаро ва хорижий ташкилотлардан молиялаштириладиган ноҳукумат ташкилотлар томонидан ОИТСга қарши кураш ниқоби остида ЛГБТ ғоясини ҳимоя қилиш, тарғиб этиш ва қонунийлаштириш ҳаракатларининг ҳар қандай кўринишларини ўз вақтида аниқлар ва уларни йўқ қилишга қаратилган барча чораларни очиқ ва зимдан тезкорлик билан ишга соларди.
Биз мамлакатнинг оддий фуқароси сифатида адлия органлари бугун ҳам “кўзга кўринмас” фронт чизиқларида урушни давом эттираётганини ҳис қилиб турибмиз.
Бироқ бу нафақат мазкур ташкилотнинг иши, балки ҳар бир юртдошимиз бонг урадиган, қарши курашадиган масаладир. Бунинг учун замонавий ижтимоий технологиялар, психологик назариялардан хабардор бўлган тузилмаларга эҳтиёж мавжуддек кўринади.
Эндиликда ҳам ёт ғояларга қарши курашдан тўхтамаслик, уни янги босқичга олиб чиқиш лозим. Чунки у ғояларни шундай яширин, мафтункор ва зимдан ишлаб чиқилган усуллар билан сингдириляптики, ҳушёрликни оширмасак бўлмайди.
Кейинги чора – эвфемизм ва тушунарсиз имо-ишоралардан воз кечиб, ҳақиқатни борича айтиш. Масалан, кимдир бир бесоқолбознинг ўлими мавзуси билан спекуляция қилиб, 120-моддани ЖКдан чиқариб ташлашни тавсия қилади. Диққат: Овертон дарчаси очилди!
Шундай вазиятда саволни очиқ қолдириш ёки турлича талқин қилиш мумкин бўлган (эвфемизм) ишоралар билан пассив қаршилик қилиш бу таклифга яшаш ҳуқуқини беришдир. Ўша жойидаёқ “Сиз демократияни баҳона қилиб, бесоқолбозлик мавзусида Овертон туйнугини очмоқчисиз. Аслида, демократия кўпчилик фикрининг озчиликдан устунлиги эмасми? Шундай экан, бесоқолбозликка миллатимизнинг кўпчилик қисми қарши бўлгани ҳолда демократик асосларга кўра у бизнинг миллий қадриятларимизнинг бир қисмига айлана олмайди”, дея гапни очиқ айтиб, мавзуни ўша ерда узил-кесил ёпиш лозим.
ХУЛОСАЛАР ВА ТАВСИЯЛАР
Юқоридагилардан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
1. Бизда аллақачон турли зарарли ижтимоий манипуляцион технологиялар амалда қўллана бошлаган. Шулардан бири “Овертон дарчаси” назарияси бўлиб, ундан баччабозлик ғоясини кенг ёйиш ва қабул қилдириш учун фойдаланилаётганига кўплаб аниқ далиллар бор. Аҳвол шундай давом этаверса, биз юртимизда илк бор муваффақиятли амалга оширилган “Овертон дарчаси” амалиётига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Биринчи тавсия ҳар бир инсонга – огоҳ бўлинг!
2. Ушбу назарияни амалга оширишда миллатимизнинг ожиз томонларидан фойдаланишяпти, яъни бировларнинг айбини гапиришда жуда ўзимизга эрк беришимиз, муҳокамада фаол бўлишимиз, ғийбатни яхши кўришимиздан.
Албатта, баччабозлик тарихимизда бўлган, лекин бу мавзу ҳеч қачон бозорда жар солинмаган, матбуотда муҳокама қилинмаган, телевидениеда бундай ҳолатлар кўрсатилмаган, фильмлар ва бадиий асарларга қаҳрамон қилиб олинмаган. Энди бўлса, салбий бўёқда бўлса ҳам, бу мавзу кўп ёритиляпти. Баччабозликка қўйилган табу олиб ташланди! Аслида табу табулигича қолиши керак. Бу ҳақида гапирилгани сайин “Овертон дарчаси” кенгроқ очилаверади.
Иккинчи тавсия ОАВ ва блогерларга – ушбу мавзуни қатъий табу остига қўяйлик!
3. Бу шунчаки маънавий қўпорувчилик эмас, балки сиёсий диверсия ҳамдир. Масалан, бир пайтлар тамаки ва спиртли ичимликларни яширин ё ошкора тарғиб қилиш, фоҳишаликка кўз юмиш, ҳатто уни оқлаш орқали омманинг онгини фалажлашга ҳаракатлар бўлган, ҳатто бу ҳаракатлар маълум ўринларда муваффақият қозонган ҳам. Мақсад инсонни шахс эмас, жонзот, махлуқ сифатида ривожлантириш, инстинктларига кўпроқ бўйсунишга ўргатиш, уни маънан чўктириш, жисмга қул қилиш эди. Бу иш энди гомосексуализмни сингдириш орқали амалга оширилмоқчи. Чунки инсон бу иллатларга ружу қўйгандан кейин, унда давлатчилик, ватанпарварлик, ўзлигини сақлашга, шаънини ҳимоя қилишга интилиш каби маънавий фазилатлар йўқолади. Ўзига жисмоний лаззат олиб келаётган нарсаларга осон рухсат берадиган сиёсат ва мафкурага эргашиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлиб қолади. Бундай фикрлайдиган халқни ҳар томонга етаклаш осон бўлади.
Учинчи тавсия ҳаммага – онгингизни, ўзлигингизни муҳофаза қилинг!
Ўзбек халқи ўз табиати ва миллий анъаналарига қарши бора олмайди. Бесоқолбозлик инсоният наслининг, ҳаётнинг бардавомлигига барҳам бериш учун даъватдир. Инсон фитратига қарши исёндир. Биз бу даъватни қабул қилмаймиз ва унга йўқ деймиз. Биз умуминсоний ва миллий қадриятлар томонидамиз.