loader
Foto

Тавба сураси, 9-оят тафсири

9. Улар Оллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштириб, (инсонларни) Унинг Йўлидан (яъни, Динидан) тўсдилар. Дарҳақиқат, улар энг ёмон ишни қилгувчи бўлдилар.

Ушбу ва қуйидаги оятда Ҳақ таоло мушриклар билан орани очиқ қилиб, уларга қарши курашиш кераклигининг икки сабабини зикр қилади.

Биринчи сабаб, улар Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлга, яхшиликка ва тав-ҳидга - Оллоҳ Ёлғиз Маъбуди Барҳақ эканига - далолат қиладиган оятларини қабул қилиш ва Қуръон кўрсатмаларига амал қилиш ўрнига арзимас дунё матоларига берилиб, Оллоҳнинг Йўлига, яъни, Оллоҳ таоло ҳузуридаги жаннатларга олиб боргувчи Йўлга тўсқинчилик қилишдек энг ёмон ишни танлаб олдилар. Ўзлари ҳам йўлдан оздилар, бошқаларни ҳам йўлдан оздирмоқчи бўлдилар.

Тафсир китобларида ушбу оят тафсирида ривоят қилинишича, Абу Суфён ибн Ҳарб мушрик арабларни тўплаб, уларга катта зиёфатлар қилиб берди ва зиёфатустида уларни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдан, яъни, Ислом Динини қабул қилишдан қайтариб, Расулуллоҳ билан тузган урушмаслик ҳақидаги битимни бузишга чақирди. Шунда у жоҳиллар ўзларининг яхши билан ёмонни, қиймат билан арзонни фарқ-лай олмайдиган ҳақиқий жоҳиллар эканликларини кўрсатишди - Тўғри Йўлни танлаш ўрнига, ғараз билан қилинган зиёфатда еган бир луқма ҳаром таом эвазига ор-номус ва одамгарчиликни унутишиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга берган аҳд-паймонларига хиёнат қилиш-ди. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).

Бас, Ҳақ таоло мусулмонларга у жоҳилларнинг қилмишларига яраша жавоб қилишни - улар билан орани очиқ қилиб, уларга қарши курашиш-ни буюрди. Бу Илоҳий Фармоннинг яна бир сабаби ҳақида Ҳақ таоло қуйидаги оятда зикр қилади -

Шайх Алоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳ

Қуръони Азим тафсиридан