Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг собиқ раҳбарлари Аркадий Гукасян ва Бако Саакян, шунингдек, парламентнинг собиқ раҳбари Давид Ишханян террорчиликда айбланиб ҳибсга олингани тасдиқланди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
“Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида 2023 йил 3 октябрда Аркадий Гукасян, Бако Саакян ва Давид Ишханянлар ушланиб, Озарбайжон Жиноят кодексининг 214.2.1, 214.2.2, 214.2.3 (уюшган гуруҳ томонидан ўқотар қуроллар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмалардан фойдаланган ҳолда терроризм), 214-1 (терроризмни молиялаштириш), 214-3.2 (терроризм мақсадида машғулотларни ташкил этиш ёки ўтказиш), 228.3 (уюшган гуруҳ томонидан ўқотар қурол, уларнинг бутловчи қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ноқонуний эгаллаш, сақлаш, сотиш ёки олиб юриш) ва 279.3 (қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қуролли тузилмалар ва гуруҳларни тузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий жавобгарликка тортилди”, дейилади хабарда.
Озарбайжоннинг АПА агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, Бакунинг Сабаил туман суди қарори билан Гукасян, Саакян ва Ишханян ҳозирча тўрт ойга ҳибсга олинган.
Маълумот учун, Гукасян 1997-2007-йилларда, Саакян 2007-2020-йилларда Қорабоғдаги ишғолчи режимнинг “президенти” лавозимларида ишлаган.
“Дашнактсутюн” партиясининг “Қорабоғ вакили” Давид Ишханян эса, бу йил Арманистон маъмуриятининг “парламент спикери” этиб сайланганди.
Озарбайжон ҳукумати Қорабоғдаги Арманистон деб аталган маъмуриятнинг собиқ “президентлари”дан бири Арайик Арутюнян ҳам қўлга олинганини маълум қилди.