loader
Foto

Эрдўған дунёни Фаластиннинг 1967 йилдаги чегараларини тан олишга чақирди

Эрдўған Яқин Шарқда тинчликка фақат Фаластин мустақиллиги орқали эришиш мумкинлигини айтиб, БМТнинг “1967 йилги чегаралар доирасида мустақил Фаластин давлатини яратиш тўғрисида”ги резолютсиясининг амалга оширилишига ишора қилди.

Туркия Президенти Ражаб Таййип Эрдўған Яқин Шарқда тинчликка фақат Фаластин мустақиллиги орқали эришиш мумкинлигини айтиб, БМТнинг 2012 йилда қабул қилинган “1967 йилги чегаралар доирасида мустақил Фаластин давлатини яратиш тўғрисида”ги резолютсиясининг амалга оширилишига ишора қилди.

Унинг қайд этишича, Туркия бу масалага муносабати ва эътирозини ҳамма вақт билдириб келган.

“Бутун дунё жим бўлиб қолган замонларда биз оғриқли бўлса ҳам ҳақиқатни, тўғрини айтишдан тортинмадик. Фаластинлик биродарларимиз билан ҳар доим ҳамжиҳатликда бўлсак ҳам, минтақада тарангликни кучайтирадиган ва кўпроқ қон тўкилишига олиб келадиган муаммоларни чуқурлаштирадиган ҳар қандай қадамлардан қочиш кераклигини таъкидлаймиз. Ғазо халқининг блокада туфайли азобланишини енгиллаштириш учун тегишли идораларимиз орқали бор кучимизни сарфладик. Бугун биз адолатли тинчликнинг ютқазувчиси йўқ, деган шиор билан ҳаракат қиляпмиз”, дейди Эрдўған.

Эрдўған сўзида давом этиб, бошқа мамлакатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан бўлган мулоқотида энг кўп эътибор қаратилган мавзу – Фаластин можаросининг халқаро ҳуқуқ асосида ҳал қилиниши ва минтақада тинчлик ва доимий барқарорликка эришиш эканлигини билдирди.

Президентнинг қайд этишича, адолатни ўрнатишдаги кечикишлар учун афсуски бутун минтақа – фаластинликлар ва исроилликлар бадал тўламоқда.

“Бегуноҳ гўдакларнинг, айниқса, ҳали бешикдаги норасидаларнинг ўлими, изтироблари қалбимизни эзмоқда. Оловга ёғ қуйиш ҳеч кимга, айниқса, икки тарафдаги тинч аҳолига яхшилик келтирмайди. Туркия, тўқнашувларни тезроқ тўхтатиш ва охирги воқеалар билан кучайган тарангликни камайтириш учун қўлидан келганини қилишга тайёр. Биз осойишталикни тиклаш учун бошлаган дипломатик саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришга қатъий қарор қилдик. Минтақада ўз сўзини билдирган барча иштирокчиларни тинчликка чин дилдан ҳисса қўшишга таклиф қиламиз”, дейди Туркия раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябр куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Бинямин Нетаняху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, можаро қурбонлари сони мингдан ошган.