Инсон одатда биров ҳақида ёмон гумонга бориб қолса ҳам, унинг айбларини гапириб, устидан шикоят қила бошлайди.
Муолажаси. Бирор инсон ҳақида ёмон гумонга бориб, уни ғийбат қилиш ман этилгандир. Зеро, бирор асоссиз ёмон гумон қилиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Чунки асл воқеликни билмайсиз. Мумкин сиз гумон қилаётган иш у мусулмонда йўқдир.
Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қилинган гумон хато ҳам чиқади, тўғри ҳам келади”, дея марҳамат қилдилар.(Имом Суютий “Ад-дурр ул-мансур”да Ибн Мардувайҳдан нақл қилган.)
Агар кимдир бир мусулмоннинг айбини гапиргани сабабли у мусулмон ҳақида сизда ёмон гумон пайдо бўлиб қолса, ўзингизни қуйидагича ислоҳ қилинг: “Айбловчининг гапи рост экани менга маълум эмаску. Ахир, унга ваҳий кел-маган бўлса! Эҳтимол, у ёлғон гапираётгандир. Бундан ташқари, мусулмоннинг ёмон сифатини нақл қилиб, уни ғийбат қилган киши фосиқ бўлади. Фосиқнинг эса гапи эътиборга олинмайди”.
Агар ўзингиз бировнинг катта гуноҳ қилганини кўрганингиз сабабли унга нисбатан ёмон гумон пайдо бўлган тақдирда ҳам уни мана бундай деб даф қилиш керак: “Эҳтимол у тавба қилгандир. Бир маротаба шайтон унга ғолиб келган бўлса, кейин у шайтоннинг устидан ғалаба қилгандир”.
Агар бирор кишининг гапирган гапи сабабли сизда ёмон гумон туғилса, уни шундай деб кетказинг: “Шояд, бу киши айтган гапидан бошқа бирор яхши нарсани назарда тутгандир. Чунки гапдан бирор дуруст маъно чиқариш имкони бўлатуриб, ундан хато ва нотўғри маъно чиқариб олишимнинг ўзи нотўғри”.
Ривоят. Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Биродаринг (оғзи)дан чиққан гапни яхши маънога йўйиш имкони бўлатуриб, унинг ҳақида ёмон гумонга борма”.(Суютий, “Ад-дурр ул-мансур”)
Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавийнинг
"Ғийбат ўзи нима?"китобидан