loader
Foto

Ҳар бир вақтнинг ўз амали бордир

Мўмин банда қалб, тил, аъзоларнинг амалидан иборат вақт талаб этадиган нарсани англамоғи ва мақсадга мувофиқ бўлиши ҳамда Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун ўз вақтида ўша амалларни бажармоғи даркор.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуни ўзларидан кейин халифа қилиб тайинлаётиб, шуларни айтган: Билгин, Аллоҳ учун кундузи қилинадиган ибодат борки, Аллоҳ у ибодатни тунда қабул қилмас, Аллоҳучун тунда қилинадиган ибодат борки, Аллоҳ таоло у ибодатни кундузда қабул қилмас.

Демак, инсон ибодатларни хоҳлаган пайт, хоҳлаган вақтда эмас, балки ўзига муносиб бўлган вақтда амалга оширмоғи муҳим экан. Шунинг учун Аллоҳ таоло кўп ибодат ва фарзларни маълум вақтларга белгилаганки, у вақтдан олдинга ўтиб ҳам, ортда қолиб ҳам бўлмайди. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таоло бизлардан Ўзи белгилаган вақтдан аввал ҳам, ундан кейин ҳам қилган ибодатларимизни қабул қилмайди. “Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни ҳаж учун сафар қилинадиган ойлардир, лекин ҳажнинг фарзлари иҳром боғлаш, Зулҳижжа ойининг 9-куни Арафот тоғида ту-риш ва Қурбон ҳайити кунлари Байтуллоҳни тавоф қилиш билан адо топади)”. (Бақара сураси, 197-оят). Закот ҳақида айтади:

“...(Эй инсонлар), сизлар (боғ-роғларингиз) мевалаганда мевасидан енглар, ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар!..” (Анъом сураси, 141-оят).

Қалбнинг ҳам тил каби ўз вақтида бажариладиган амали бордир.

Дерлар: Банданинг тўрт турлигина вақти бор, бешинчиси йўқ: Неъмат, бало, тоат, маъсият. Ҳар бир вақтда Аллоҳ учун сенинг устингда У Зот сендан талаб қилиб оладиган бандаликдан иборат бўлган бир улуш бордир.

Бас, кимнинг вақти тоат-ибодат билан ўтса, демак, уни шунга ҳидоят қилгани, уни шунга муваффақ қилгани учун Аллоҳ таолога миннатдорчилик билдириши, ҳамд айтиши керак.Кимнинг вақти неъмат билан ўтса, демак, унга шукр қилмоқ лозим. Бутун қалби билан Аллохдан шод бўлмоқ шукр демакдир.

Кимнинг вақти маъсият билан ўтса унинг учун тавба-истиғфор даркор.

Кимнинг устига бало-мусибат тушса, сабр қилмоқ ва рози бўлмоқ керак. Розилик нафс-нинг Аллохдан рози бўлиши бўлса, сабр қалбнинг Парвардигор ҳузурида собитлигидир.Донишманднинг бу сўзлари Қуръон ва суннатга мувофиқдир.

Тоат ҳақида Аллоҳ таоло айтади:

(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати (яъни, Ислом) ва У Зотнинг Раҳмати (яъни, Қуръон) билан - мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус сураси, 58-оят).

Неъмат ҳақида айтади:“...Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар’ (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) Мағфират қилгувчи Парвардигордир...”. (Саба сураси, 15-оят).

Маъсият ҳақида айтади:

“...Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур...”. (Зумар сураси, 53-оят).

Бало ҳақида айтади:

“Албатта Биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳ нинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!”. (Бақара сураси, 155-156-оятлар).

Саҳиҳ Муслимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зот айтдилар: «Мўминнинг иши ажойиб, барча нарса унга яхшиликдир: Ҳурсандлик етса шукр қилади ва бу унга яхшиликдир. Мусибат келса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир».

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси