loader
Foto

Аъроф сураси 148-оят

Мусо қавми у йўқлигида безакларидан овозли бир бузоқ шаклини ясаб олди. Унинг гапирмаслигини, уларни ҳидоятга бошлай олмаслигини билишмадимикин?! Уни маъбуд қилиб олишди ва золимлардан бўлишди.

Бу воқеа Мусо алайҳиссалом Тур тоғига кетаётиб, қавмини оғаси Ҳорунга қолдириб кетганида содир бўлган эди. Сомирий деган бир сеҳргар кимса улар мол-мулкларини қибтийларга қолдириб, эвазига олишган тилла тақинчоқ ва безаклардан "мў"лаб овоз чиқарадиган бузоқ шаклидаги бут ясаб берди. Бани Исроил дарров ўша бузоққа сиғинишни бошлади. Қуръони каримнинг Тоҳо сурасида бу ҳақда батафсил зикр қилинган. Мусонинг Турда узоқ қолиб кетганидан фойдаланган коҳин Сомирий Бани Исроилдан олган тилла тақинчоқларни ўтда эритиб, улардан бузоқ шаклидаги бут ясайди. Унинг устига Жаброил алайҳиссаломнинг оти туёғи остидаги тупроқдан бир сиқим олиб, сочиб юборган эди, бузоқхудди тирикдек "мў"рай бошлади. Йўлдан озган Исроил авлодлари Сомирий бошчилигида бузоқ атрофида айланиб, унга сиғина бошлашди. Рақс тушиб, хурсандчилик қилишди. Қавмнинг залолатидан қаттиқ ташвишга тушган Ҳорун алайҳиссалом уларни Сомирийга итоат қилишдан ва бузоққа сиғинишдан қайтармоқчи бўлди, аммо шаккок қавм унга бўйсунмади.

Шайх Усмонхон Алимовнинг

"Тафсири Ирфон"китобидан