loader
Foto

Банданинг Робби ҳақидаги гумони яхши бўлса, юзага чиқиш, ёмон бўлса, унга ҳавола қилиниши ҳақида

Восила розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло, Мен бандамнинг гумонидаман. Бас, Мен ҳақимда нимани хоҳласа гумон қилаверсин деган», дедилар».( Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Доримий, Байҳақий, Табароний ва бошқалар бошқа лафз ва санад билан ривоят қилган.)

Абу Абдуллоҳ деди: Гумон кўксда иккиланиб турган нарсадир. У пуч хаёлдангина пайдо бўлади. У нафснинг хотирасига тушган нарсадир. Аллоҳ таоло мўминнинг қалбни тавҳид нури билан қўллади. Унинг кўксига ҳам нур ато қилди. У қалб атрофида мазкур буюк нурга ҳижоб ўлароқ айланади. Қачон нафсга бир ўткинчи иш келса ва кўкс нури ўз жойида зиё сочиб турса, нафс қарор топади, қалб хотиржам бўлади ва гумон яхши бўлади. Чунки унинг қалбидаги нур унга Аллоҳ таоло унинг учун барча ишларида кифоя қилувчи, етарли эканини, У Зот Карим, Раууф, Раҳийм, Атуф эканини билдиради.

Агар нафсга шаҳват ғолиб бўлса, шаҳвати тутуни ила қайнаб тошади. Кўксни зулмат босади. Бас, кўкс зулматга айланади. Нафс ўзининг хомхаёллари билан келади ва изтиробга тушади. Ана ўша унинг Аллоҳ таоло ҳақидаги ёмон гумонидир.

Гумон икки хилдир.

Бири ато гумонидир. Ундан нафс барқарор ва қалб хотиржам бўлади. Уша ила унинг эгасига вафо қилинади ва уни ноумид қилинмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ундан ўзга илоҳи маъбуд йўқ Аллоҳ билан қасамки, бандага Аллоҳ ҳақидаги яхши гумондан кўра яхшироқ нарса берилмагандир».

Бошқа гумон туҳмат аралашган гумондир. Қалб эса, хотиржам бўлмайди. Агар ноумид қилинса, инкор қилмаса ҳам бўлаверади.

«Мен бандамнинг гумонидаман», дегани, қалб Менинг қўлимдадир, уни бирортага ташлаб қўйганим йўқ. Агар бандам мен ҳақимда яхши гумон қилса, унга ўшани юзага чиқараман, уни ноумид қилмайман Агар мен ҳақимда ёмон гумон қилса, уни ўзи қилган ёмон гумонига ташлаб қўяман ва ундан воз кечаман. Чунки Мен унинг қалбига кўксга олиб борадиган нур бердим. Кўксда эса зиё сочиб қалб олиб борадигап нарсаларни тасаввур этадиган нарсани қилдим. Уша зиё нафс келтирган шаҳватлар тутуни қувватидан зое бўлди. Шаҳватларни кучайтириш бандадандир. Аста секин қалб бунга одатланиб, нафс уни эгаллаб олади ва Аллоҳнинг зикрини унуттиради.

«Мен ҳақимда нимани хоҳласа гумон қилаверсин», дегани, Мени яқин ва орзу умид қилган нарсасига вафодор эканимни топади деганидир.

Албатта, фақатгина У Зотнинг қаршисида ўзини ёлғиз кўрганларгина ва нафсидан юз ўгириб, уни хаёлидан чиқарганларгина яхши гумон қиладилар. Бас, унга У Зотнинг шафқати ва раҳмати ёпқичи очилади. Қалби қарор топади.

Ким шаҳватлар соҳиби бўлса, нафси билан овора бўлса, У Зотнинг шафқати ва раҳмати ёпқичи очилса, ишини бузади, чегараларни зое қилади, шаҳватига ми-нади ва ҳар нарсага журъат қилади. У Зот уни то хавф қилгунича ва ҳазир бўлгунича сатр қилади.

Шунинг учун ҳам анбиё алайҳиссаломлар қачон шаҳватлари сокин бўлса, нафслари ўлса ва қалблари Аллоҳ таоло билан тирик бўлса, нажот башоратини олар эдилар. Башорат уларга зарар қилмасди. Аксинча, шукрларини зиёда қиларди.

Ҳаким Термизийнинг

"Нодир асллар"китобидан