Афзалликлар илми вожиб амалдан вожиброқ амални муқаддам билишни, вожиб амални эса мустаҳабдан муқаддам қилишни, ҳамда фарз ва вожибларда бепарво бўлмай, суннат, мустаҳабларда енгиллик қилишимизни вожиб қилади ҳамда асосий фарз амалларни бошқасидан кўпроқ таъкидлайди, хусусан, иккита асосий фарз ҳисобланмиш намоз ва закот амалларини кўп айтади. Улар шундай амалларки, у ҳақда Қуръони Каримда йигирма саккиз ўринда биргалиқца зикр қилинган, бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ислом бешта нарсага барпо қи-линган: Ҳеч қандай илоҳ йўқ фақат Аллоҳ борлиги ва Муҳаммад У Зотнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни бериш, байтуллоҳни ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш”.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Нажд аҳлидан бўлган сочи тўзғиган бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сўзлади. Бизлар унинг ғувиллаган овозини эшитардигу, гапларини тушунмас эдик. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига яқинлашиб у зотдан Ислом ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом бир кеча-кундузда беш вақт намоз ўқишингдир”, дедилар. Ҳалиги киши: Бўйнимда бундан бошқаси борми?, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, лекин нафл намоз ўқишинг мумкин”, дедилар. Яна у зот: “Ислом рамазон ойида рўза тутишингдир”, дедилар. Ҳалиги киши: Бўйнимда бундан бошқаси борми?, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, лекин нафл рўза тутишинг мумкин”, дедилар. Кейин у зот закотни ҳам зикр қилдилар. Ҳалиги киши: Бундан ортиқча қилишим мумкинми?, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, лекин нафл садақа беришинг мумкин”, дедилар. Ҳалиги киши ортига қараб кетар экан: Аллоҳ номига қасам, мана шулардан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам, дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидаги саҳобаларига: “Агар рост айтаётган бўлса нажот топди”, дедилар (муттафақун алайҳ).Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб шуларни айтди: “Уларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг элчиси экан-лигимни айтиб даъват қилгин. Улар бунга итоат этсалар уларга Аллоҳ таоло бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айтгин. Агар улар бунга ҳам итоат қилсалар уларга бойларидан олиниб камбағалларга қайтариладиган закот фарз қилинганини айтгин”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен одамлар ҳатто Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бергунларича ва намозни барпо қилиб, закотни бергунларига қадар жанг қилишга буюрилдим. Агар улар шундай қилсалар мендан қонларини, молларини сақлаб қоладилар. Уларнинг ҳисоблари эса Аллоҳгадир”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилгач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлди. ўша пайтда араблардан баъзилари (закот беришдан бош тортиб) кофир бўлган эдилар. (Абу Бакр ана ўша кофирларга қарши жанг қилмоқчилигини кўрган) Умар розияллоҳу анҳу: Одамлар билан қандай урушамиз, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар ҳеч илоҳ йўқ, фақат Аллоҳ бор, демагунларигача улар билан жанг қилишга буюрилдим. Ким шу сўзни айтса, мендан молини, жонини сақлаб қолади. Энди унинг ҳисоби Аллоҳгадир”, деганлар-ку?, деди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Аллоҳ номига қасам, намоз билан закотнинг орасини ажратган билан албатта жанг қиламан. Закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳ номига қасам, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берадиган иқолни (йилда бир марта бериладиган садақа) беришдан бош тортсалар, улар билан жанг қиламан, деди. Буни эшитган Умар: Аллоҳ номига қасам, Мен Аллоҳ таоло Абу Бакрнинг қалбини жанг учун очиб қўйганини кўрдим, у ҳақ экан, деди.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: Менга мени жаннатга киргизадиган амални хабарини беринг, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай Унга ибодат қиласан, намозни барпо қилиб, закотни адо этасан ва қариндошлар билан алоқани боғлайсан”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб деди: Ё Расулуллоҳ, Менга агар адо қилсам жаннатга кирадиган амални кўрсатинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай Унга ибодат қил. Фарз қилинган намозни барпо эт, фарз қилинган закотни адо қил, рамазон рўзасини тутгин”, дедилар. Ҳалиги киши: Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мана шулардан кўпайтирмайман ҳам, камайтирмайман ҳам, деди. У кетгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидаги саҳобаларига: “Кимни жаннат аҳлидан бўлган кишини кўриш хурсанд қилса, мана шу кишига қарасин”, дедилар.
Демак бу ва ундан аввалги Толҳа ривоят қилган ҳадис шунга далолат қиладики, фарзлар диннинг асосий амали, ким уни комил адо қилса, гарчи суннатларда қосирлик қилган бўлса ҳам у ўз олдида жаннат эшигини очган бўлар экан. Зеро, Пайғамбарнинг таълим борасидаги йўли рукн, пойдеворларни мустаҳкмлашдир, ниҳояси йўқ бўлакларни эмас.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси